Замонавий хизматлар энди булутли ҳисоблашга асосланади

    “Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 2 июль сонида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ядро физикаси институти илмий котиби, физика-математика фанлари номзоди Одил Мухторовнинг “Булутли ҳисоблаш. Замонавий хизматлар энди ана шунга асосланади” номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Бугун замонавий жамиятни илғор технологияларсиз, ҳаётимизни эса компьютерларсиз тасаввур қилиш қийин. Интернет давримиз тимсоли сифатида аста-секин атрофимизни ўраб, ҳатто руҳиятимизга ҳам жадал кириб келяпти. Яқин келажакда ҳаётимизни булутли технологияларсиз тасаввур қила олмай қоламиз.

    Бундай дейишимизга сабаб, булутли технологиялар компьютерлаштириш жараёнининг кейинги босқичидир. Яъни энди биз компьютер, планшет ёки телефонга дастурларни кўчириб олиб ўрнатиш заруратидан халос бўламиз. Чунки бизга барча қулайлик интернет тармоғи орқали булутли технологиялар асосида яратиб берилади. Бундай технологиялар кейинги даврда давлат бошқаруви, бизнес, фан, таълим, хуллас, ҳаётимизнинг барча жабҳасига шиддат билан кириб келаётган инновацион интернет технологияларидир.

    Бу жараёнда маълумотлар устида ишлаш технологиялари, компьютер ресурслари ва имкониятлари фойдаланувчига интернет хизмати орқали тақдим этилади. Давлат органлари, йирик ва кичик компаниялар, биржа ва савдолар, соғлиқни сақлашда касаллик тарихи, фуқароларнинг барча маълумоти, бизни ўраб турган ҳаётимиздаги турфа воқеа-ҳодисалар тафсилоти, бутун ахборот “булутлар”да жойлашган бўлиб, улардан Ер шарининг исталган нуқтасида тезкор равишда фойдаланиш мумкин бўлади.

    Бу глобаллашув жараёнининг янада тезлашишига олиб келади. Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида биринчилардан бўлиб булутли технологияларни жорий қилди. Президентимизнинг 2018 йил 3 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ва крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида иқтисодиётда булутли технологиялардан фойдаланишни кенгайтириш асосий йўналишлардан бири сифатида белгиланган.

    “Ўзбектелеком” AК томонидан давлат органлари, муассасалар, хўжалик юритувчи субъектлар, аҳолининг ахборотни сақлаш ва узатиш бўйича ортиб бораётган талабини қондирувчи UZCLOUD (видеоконференцалоқа ва масофавий иш хизматлари кўрсатувчи) булутли маълумотлар маркази яратилди. Шунингдек, булутли ҳисоблашга асосланган замонавий хизматлар кенг жорий этилмоқда.

    “Ўзбектелеком” AК булутли маълумотлар маркази негизида интернет хизматлари кўрсатувчи жаҳон компаниялари билан ҳамкорликда сервер ускуналарини маҳаллийлаштириш ва IT гигантларнинг кўплаб хизматлари амалга ошди. Шу йилнинг 17 май куни Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институтига Россиянинг Дубна шаҳрида жойлашган Бирлашган ядро тадқиқотлари институтининг Ахборот технологиялари лабораторияси директори, физика-математика фанлари доктори, профессор В.Кореньков келди.

    У “Параллел ва тақсимланган ҳисоблашлар. Бирлашган ядро тадқиқотлари институти аъзолари бўлган давлатларнинг булут инфратузилмаси” мавзусида маъруза қилди. Ушбу лабораторияда кўп функционал ахборот-ҳисоблаш мажмуаси лойиҳаси амалга оширилган бўлиб, бу ҳар хил турдаги илмий ва амалий муаммоларни ҳал қилиш борасида оптимал ёндашувларни таъминлаш учун суперкомпьютерлар, грид, булутли мажмуалар ва тизимларни бирлаштирган ахборот ва ҳисоблаш муҳитини ташкил этади.

    Бирлашган ядро тадқиқотлари институти лабораториясининг марказий ҳисоблаш мажмуаси негизида яратилган RDIG тармоқ сегменти (Россиянинг маълумотлар интенсив операцияси учун гриди), WLCG (LHC учун жаҳон ҳисоблаш гриди) ҳамда EGI (Европа грид инфратузилмаси) тармоқ инфратузилмаларининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.

    Шунингдек, халқаро лойиҳаларнинг виртуал ташкилотларини, жумладан, LHC (катта адрон коллайдери) тажрибалари бўйича фаолият кўрсатади. Шу куни бўлиб ўтган учрашувда жорий йилнинг 1 сентябригача Бирлашган ядро тадқиқотлари институти грид тармоғининг Ўзбекистон Фанлар академияси ва Ядро физикаси институтида иккита алоҳида булутли грид тармоғини ташкил этиш ва Бирлашган ядро тадқиқотлари институти тармоғига улаш тўғрисида келишиб олинди.

    Бу мамлакатимиз олимларига жуда қиммат суперкомпьютерларни сотиб олмасдан, Бирлашган ядро тадқиқотлари институти ва Европа булутли тармоқларида катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш ва мураккаб илмий ҳисоб-китоблар ўтказиш имконини беради. Булутли технологиялар ҳар бир фуқаронинг, ишчи-ходимнинг, тадбиркор ва банкирнинг, шифокор ва ўқитувчининг, ҳуқуқшунос ва ҳисобчининг, талаба ва пенсионернинг асосий маслаҳатгўйига айланади.

    Булутли хизматлар мақсад ва вазифалар, лойиҳаларимизга эришиш учун интернет хизматлари сифатида тақдим этиладиган масофавий сервердаги иш платформамиздир. Булутли хизматнинг энг оддий мисоли электрон почтадир. Шунингдек, ҳозир кенг тарқалган телеграмм, фейсбук, инстаграм каби ижтимоий тармоқлар ҳам булутли технологиялар асосида ишлайди. Давлат хизматлари агентлиги сайти орқали кўрсатиб келинаётган хизматлар ҳам булутли технологияларга мисол бўла олади.

    Замонавий тизим афзалликлари

    Булутли технологияларга ўтиш қатор афзалликлар беради. Жумладан, ўз серверингизни сотиб олишингиз шарт эмас. Ахборот инфратузилмасини ўрнатиш ва бошқариш учун мутахассислар ёллаш ҳам шарт бўлмайди. Чунки сервер виртуализацияси, гипервизорлар, виртуал ресурсларни таъминлаш, булутли маълумотлар базалари ва бошқа платформаларни созлаш ҳамда сақлаш каби ишларни провайдерларнинг ўзи бажаради.

    Шунингдек, серверлар, маълумотлар базалари, платформалар ва юқори малакали мутахассисларни талаб қиладиган бошқа хизматлар бошқарувини провайдерга топширишингиз мумкин. Бу бошқариладиган хизматлар деб аталадиган аутсорсингнинг энг юқори даражасидир. Улар тезда янги лойиҳаларни ёки стартаплар ва тадқиқот бўлимлари учун виртуал платформаларни ишга тушириш имконини беради. Қолаверса, ҳисоблаш ресурсларини ижарага олиш ва улардан бизнесга доир фаразларни синаб кўриш учун зарур маҳсулотларни тез ишлаб чиқишда фойдаланса бўлади.

    Бу мобиль илова ва ўйинлар, ҳайдовчиликни ўрганишга мўлжалланган дастурлар, компания мижозларга сотадиган виртуал дастурий ечимлар бўлиши мумкин. Бундан ташқари, битта булутли тармоқ серверидаги узилиш бошқа серверларга таъсир қилмайди. Бу эса умумий узлуксиз ишлашни таъминлайди. Шу билан бирга, булутли технологиялар ортиқча тўловсиз, фақат биз фойдаланадиган ресурсларни тартибга солиш имконини беради.

    Булутли технологиялар таваккалчилик даражаси юқори бўлган интернет лойиҳалар учун жуда мос келади. Бу лойиҳани тез ишга тушириш, ускунани тежаш ва фараз нотўғри чиқса, катта йўқотишларга олиб келмаслик учун ижобий самара беради. Булутли тизимларга уланган турли автоматик қурилмалар носозлик ва бахтсиз ҳодисалар хавфини дунёдаги барча шундай воқеаларни ҳисобга олиш орқали камайтириш йўлини оптималлаштиради. Фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш учун булутли технологияларда турли офатлар сценарийларини тузиш ва салбий таъсирини имкон борича камайтириш мумкин.

    Бугун ишонч билан айтиш мумкинки, замонавий булутли технологиялар бизнес имкониятларини кенгайтиради. Аниқроғи, IT аутсорсинг тенденцияси кучаяди. Ҳисоблаш ресурслари, маълумотларни сақлаш тизими, қайта тиклаш, ахборот хавфсизлиги хизматлари, обунавий дастурий таъминотлар, дастурий бошқарув ва бошқалар шулар жумласидандир.

    Мутахассисларнинг прогнозига кўра, кейинги бир неча йил биз булутли хизматлар бозорининг жадал ўсишини кузатамиз. Чекка ҳудудларда ҳам бу жараён юқори тезликдаги интернет кириб бориши билан боғлиқ бўлади. Шу билан бирга, компаниялар ахборот тизимларининг гибрид архитектураларида булутли технологияларнинг улуши ортади. Чунки булутлардан фойдаланиш тажрибаси, муваффақиятли бизнес кейслар сони ва шунга мос равишда ишонч даражаси ошиб боради.

    Янги концепция ишлаб чиқилмоқда

    Булутли технологияларни ривожлантиришнинг яна бир жиҳати бор. Яъни маълумотларнинг экспоненциал ўсиши сақланган маълумотларнинг асосий қисми талаб қилинмайдиган ва ўчирилмайдиган архив нусхаларига тўғри келади. Узоқ муддатли истиқболга келсак, булутли хизматларнинг ривожланиши машинавий ўрганиш тизимларини жорий этиш билан боғлиқ.

    Ҳозир булутларда ҳисоблаш концепцияси ишлаб чиқилмоқда. Бу маълумотларни сақлаш ва таҳлил қилиш учун маълумотлар маркази тармоғининг нафақат марказий манзилларида жойлашган серверлар, балки кўп сонли географик тақсимланган шахсий қурилмалар (компьютерлар, планшетлар, гаджетлар, дронлар)нинг ресурсларидан фойдаланишни ўз ичига олади.

    Маиший техника ва шу каби бошқа кенг тарқалган қурилмалар, атрофимиздаги деярли барча қурилмаларга ҳисоблаш қувватини тақсимлаш тамойилини амалга ошириш имкони бўлади. Булутли технологиялар инсониятнинг яқин келажаги бўлиб, барча соҳада глобаллашувнинг асосий элементидир. Бундай технологиялар онлайн фаолиятимизнинг энг юқори поғонаси бўлган виртуал фаолият ривожига олиб келади. Виртуал шифохоналар, университетлар, иш ўринлари шулар жумласидандир.

    Ўзбекистонда булутли технологиялар келажаги ташқи интернет тармоғи тезлиги билан чамбарчас боғлиқ. Мамлакатимизда халқ хўжалигининг барча соҳасида булутли технологияларни жорий этиш орқали иқтисодиётимиз ва ижтимоий ҳаётимизда кескин ривожланишга эришиш мумкин. Ҳозир юртимизда бу борадаги саъй-ҳаракатлар келажакка ишонч билан қарашга ундайди.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates