“Замонданда юриб илғор, бўлиб кошиф...” ёхуд бугунги ёш олимларнинг илмий фаолиятига бир назар

    Фан 26 июн 2023 1736

    Муаммоларни кўра билиш ва унга ечим излаш илмий янгилик ва кашфиёт сари ундайди. Бугун ҳикоя қилмоқчи бўлган ёшларимиз ўзи танлаган соҳада ютуқларга эришиш учун янги, замонавий лойиҳалар устида иш олиб бораётган иқтидорли замондошларимиздир.

    Замонавий технологияларни ҳаётга кенг жорий этиш, олимлар фаолиятини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётган бугунги даврда илмий-тадқиқот муассасалари ва инновацион фаолиятни ривожлантириш билан боғлиқ механизмнинг тўла ишлаши учун барча имкониятлар яратилган. Айнан мана шу жиҳат кашфиётчи ва олимлар сафида ёшлар салмоғини оширишга хизмат қилмоқда. Ҳар қандай соҳа ривожининг негизида билим ва иқтидор, изланиш ва яратувчанлик, синчковлик ва эркин фикрдан иборат мустаҳкам, бузилмас пойдевор ётади. Унинг бунёдкори ёш изланувчилар, инноваторлар бўлса, кишида фахр уйғотади.

    Бу борада қонунчиликда илмий лойиҳаларни молиялаштириш жараёнига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Албатта, ғояси бор йигит-қизга кўмак беришнинг энг яхши йўли — керакли маблағ билан таъминлаш. Яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланаётган юксак билимли, замонавий фикрлайдиган, қатъий позицияга эга ёшлар эса мамлакатнинг бугунги ва эртанги тараққиётида тобора ҳал қилувчи кучга айланиб боряпти.

    Фойдали ва безиён

    Маълумотларга кўра, бир гектар ердан эрта ҳосил олиш учун экин етиштириш жараёнида ўртача 6 минг дона пластик идишдан фойдаланилади. Улар тупроқ учун зарарли кимёвий моддалар ишлаб чиқариши, кейинчалик ер ости сувлари ёки атрофдаги бошқа сув манбааларига, шунингдек, экотизимга сингиб кетиши билан зарарли таъсирларни келтириб чиқаради. Бундай идишларни экологик тоза маҳсулотга алмаштириш орқали эса иқтисодий ва экологик муаммоларни ҳал этиш мумкин.

    Тошкент давлат аграр университети талабаси Ойгул Мингбоева пластик идишлар ўрнига торф асосли картон идишларни таклиф этмоқда. Унинг бу лойиҳаси Мирзо Улуғбек ворислари танловида ғолиб деб топилиб, Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан молиялаштирилмоқда.

    — Саноат ривожланиши, технологиялар такомиллашиши баробарида экологик муаммолар ҳам ортиб бормоқда. Экокассеталар, яъни кўчат етиштириш учун мўлжалланган торфли идишларнинг асосий афзаллиги — атроф-муҳит ифлосланишини камайтириб, ишлаб чиқариш рентабеллигини оширади, — дейди Ойгул. — Кўчатлар идиш билан бирга ерга экилади ва маълум вақтдан сўнг парчаланиб, тупроқни озуқа моддалар ва фойдали микроэлементлар билан бойитади.

    Эрта ҳосил олиш учун уруғ дастлаб кичик пластик идишларга экилади. Муаммо шундаки, катта миқдордаги пластик идишлар чиқиндига айланади. Уларни утилизация қилишнинг қийинлиги кўпчиликка аён. Тупроққа аралашса, намлик ва ҳаво ўтишига йўл қўймайди. Натижада тупроқ керакли озиқ моддалар билан тўйина олмайди. Шу боис, улар ўрнига торф асосли идишлардан фойдаланиш самарали саналади. Авваллари бир ғоянинг фойда-зарари ҳисобга олиниб, маҳсулот кўринишида савдо пештахталарига чиқиши учун 10 йил керак бўлган бўлса, ҳозир бу ишлар учун узоғи бир йил кифоя қиляпти.

    Пластик идишлар ўрнига экологик тоза маҳсулотдан фойдаланиш натижасида ҳам иқтисодий, ҳам атроф-муҳитга доир муаммолар ҳал этилади. Тадқиқотчининг айтишича, лойиҳа амалиётга жорий этилгандан сўнг ҳар минг маҳсулотдан 18 миллион сўмдан ортиқ соф фойда олиш мумкин. Уларни тайёрлаш учун эса кўп харажат талаб этилмайди.

    Бугунги глобал жаҳон иқтисодиётини кузатар эканмиз, юқори марраларга эришиш учун салмоқли моддий, молиявий, меҳнат ресурслари ва иқтисодий омиллар зарур экани аён бўлади. Мамлакатимизда кечаётган иқтисодий ислоҳотлар эса юртимизда мана шундай омилларнинг барчасини ҳозирлашга замин яратмоқда.

    Илмий изланиш ва тадқиқотларни молиялаштириш долзарб масала. Боиси, бугун илм-фан жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти учун ноёб имкониятлар эшигини очиш баробарида, иқтисодиётни ривожлантиришга, рақобатбардошлигини оширишга хизмат қиладиган илғор инновацияларни юзага келтирмоқда. Англаш мумкинки, бу жараёнда рақобат ҳам кучайиб бораверади.

    Талаба ва шифокорлар учун ягона маълумотлар базаси

    Билим, инновация ва ғояларнинг оммалашуви турмуш сифати яхшиланишига хизмат қилади. Ўз ўрнида истеъмолчиларнинг янгидан-янги маҳсулот, технологияга бўлган талаби ҳам ортиб бораверади. Бу изланувчилар, янгилик яратувчилар зиммасига катта масъулият юклайди, ҳар соҳада янгича ёндашувларни талаб қилади.

    Соғлиқни сақлаш соҳасидаги инновациялар ҳаётнинг давомийлиги ва турли касалликлардан сақланиш даражасини оширса, ахборот технологиялари ёки гаджетлар соҳасидаги илмий ютуқлар ҳаётимизни енгиллаштиради. Демак, ҳар жабҳада янги технологияларнинг ўрни катта.

    Тиббиётга доир ўзбек тилидаги маълумот ва материаллар базасини шакллантириш, соҳага оид барча профессионал маълумотларни ягона бир базада жамлаш ва бойитилган рақамли функциялар билан тақдим қилишнинг аҳамияти катта.

    Тошкент тиббиёт академияси талабаси Абдураҳмон Баҳромов мана шундай қулайликларга эга “Гиппокамп” платформасини яратди ва “Бўлажак олим” танлови доирасида грант соҳиби бўлди.

    — Лойиҳанинг асосий моҳияти тиббиётга алоқадор энг сара маълумот ва материалларни қидириб топиш, саралаш, жамлаш, ўзбек тилига таржима қилиб, бойитилган рақамли имкониятлар билан талаба ва шифокорларга тақдим этишдан иборат. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг касалликларни даволашга йўналтирилган таклиф ва стандартларини жамлаб, ягона платформага жойлаш фойдаланувчиларга бир қанча енгиллик яратади. Платформада тестлар, интерактив материаллар ҳам ўрин олган, бу ўз билимини янада бойитиш мақсадида бўлганлар учун қўл келади. Ўзим шу соҳада ўқиганим боис кўп кузатганман, талаба ва шифокорлар учун ягона маълумот ва материаллар базасига катта эҳтиёж бор. Боиси, тиббиётга доир адабиётларнинг аксарияти чет тилларда чоп этилган. Бу айниқса, эндигина соҳага кириб келаётган ёшлар учун ноқулайлик туғдиради, — дейди А.Баҳромов.

    Мазкур электрон базада тиббиёт фанларига оид мавзулар тўплами мавжуд бўлиб, бўлимлар бўйича барча маълумотлар ўрин олган. Лойиҳадан мақсад нима, соҳага доир адабиётлар етарлику, деган савол туғилиши табиий. Аммо ёш инноватор айтганидек, тиббий таълимга оид адабиётларнинг аксариятини хорижий адабиётлар ташкил қилади. Масалан, сиз тиббиётга ихтисослашган олий таълим муассасаси талабаси бўлдингиз, аммо чет тилларни билмайсиз. Маълумки, тиббиётга доир маълумотлар катта ҳажмда ва мукаммал тузилган бўлади. Яъни, чет тилни ҳаминқадар билсангиз, матнни таржима қила олмайсиз. Зарур маълумотларнинг ўзбек тилида тақдим этилиши мана шу каби муаммоларга барҳам беради. Ҳар бир мавзу бўйича фойдаланилган манбалар рўйхати келтирилгани эса, сизни ўша адабиётлар билан ҳам танишишга ундайди. Муҳими, маълумотлар инфографик тарзда ҳам тақдим этилган. Бу эса маълумот олиш жараёнига янада қизғин тус беради ва фойдаланувчи имкониятини кенгайтиради.

    Самарали механизм

    Ғоя асосидаги лойиҳалар молиялаштирилса, илмий изланишлар жамиятга наф келтиради. Айтиш жоизки, 2018 йилдан бошлаб илғор хорижий тажриба асосида рақобатга асосланган, иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжига йўналтирилган илмий тадқиқот ишларига давлат буюртмаси механизми жорий этилди. Натижада 4 йилда танловлар доирасида 3 минг 500 дан ортиқ лойиҳа талабномаси кўриб чиқилиб, 893 таси молиялаштирилди.

    Маълумот ўрнида айтиш жоиз, 2023 йил баҳорги тижоратлаштириш форуми доирасида тармоқ ва истеъмолчи ташкилотлар ҳамда олий таълим муассасалари ўртасида илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, янги ишланмаларга буюртмалар бериш, соҳага инновацияларни жорий қилиш мақсадида қиймати 41,49 миллиард сўмлик 20 та лойиҳа молиялаштирилди.

    Сувни қайта тозалаш технологияси

    Сув бу – ҳаёт, деган таъриф бежиз айтилмаган. Уни тежаш, ифлос қилмаслик қанчалик муҳим бўлса, жараённи енгиллаштирадиган янги технологияларни ишлаб чиқиш ҳам шунчалик аҳамиятли. Обиҳаёт ресурсларининг ифлосланиши ва бузилиши турли органик, ноорганик, механик, бактериологик ҳамда бошқа моддалар тўпланишига, таркибида кислороднинг камайиб, юқумли касалликларни тарқатувчи бактерияларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Бундай салбий оқибатларнинг олдини олишда саноат корхоналаридан чиқаётган чиқинди сувларни тозалаш усулларини янада такомиллаштириб бориш ҳамда уларни қайта ишлатиш муҳим аҳамиятга эга.

    Экологик ҳолатни яхшилаш чуқур изланишни талаб қилиши табиий. Илмий тадқиқотлар орқалигина соҳадаги камчиликларни бартараф этиш мумкин. Навоий давлат педагогика институти талабаси Наргиза Шоназарова чиқинди полимерлар асосида саноат оқова сувларини тозалаш учун сорбент, яъни, тозаловчи восита ишлаб чиқариш лойиҳасини йўлга қўйди.

    — Саноат корхоналарининг оқовалари таркибида нефть маҳсулотлари, фенол, оғир металл, фосфор бирикмалари, бўёқ қолдиқлари, токсиклиги юқори бўлган бошқа ифлослантирувчи компонентлар мавжуд, — дейди Н.Шоназарова. — Тозалаш иншоотларида оқоваларнинг белгиланган талаб даражасида тозаланмай очиқ сув ҳавзаларига чиқарилиши атроф-муҳитга салбий таъсир етказиши мумкин. Саноат корхоналари сонининг ортиб бориши оқова сув ҳажмининг ошишига ҳам сабаб бўлади. Республикамиз мисолида олиб қарайдиган бўлсак, биргина Навоий вилоятида саккизта йирик саноат корхонаси мавжуд. Улардан чиқадиган оқова сув миқдори 1,1 минг метр кубни ташкил қилади. Таҳлиллар натижаси шуни кўрсатадики, уларнинг 45 фоизи қайта тозаланиб, турли мақсадлар учун фойдаланишга, 15 фоизи шаҳар кўкаламзорлаштириш ишларига йўналтирилади. 2022 йилда кимё саноати корхоналари томонидан меъёридан ортиқ таркибда бундай сувларнинг Зарафшон дарёсига оқизилиши натижасида балиқларга катта зиён етган. Лойиҳани яратишимга мана шу воқеа сабаб бўлди. Чиқинди хомашёлар асосида янги турдаги модификацияланган маҳсулот яратдик.

    Ҳозирги кунда турли хомашёлар асосида сорбентлар ишлаб чиқариш ва оқова сувни тозалашда фойдаланиш йўлга қўйилган. Полимерлар сунъий ва синтетик хомашё саналгани боис, бу турдаги чиқиндиларни табиат ўзлаштира олмайди. Аммо улардан унумли мақсадларда фойдаланиш мумкин. Полимер асосли тозалаш воситаларида оқова сувни зарарсизлантиришда фойдаланиладиган воситаларга нисбатан тозалаш даражаси юқори бўлиб, оқова сувдан қайта фойдаланиш имкониятини оширади.

    Замонавий технологияларнинг жорий қилиниши ҳаётий юмушларимизни енгиллаштириши баробарида, экологик муаммоларни бартараф этишга ҳам ёрдам беради. Илм-фан вакиллари экотизим барқарорлигини сақлашга ўзининг янги лойиҳалари билан салмоқли ҳисса қўшмоқда. Ёш тадқиқотчи таклиф этаётган усулда оқова сувнинг тозаланиши табиатга етказиладиган зарарни камайтириши билан бирга, сувдан унумли фойдаланиш имконини ҳам беради. Яна бир муҳим томони, бу усул иқтисодий жиҳатдан анчагина фойдали.

    Экин чанқоғини, тупроқ талабини аниқлайдиган “ақлли” қурилма

    Қишлоқ хўжалиги учун энг зарур манбалардан бири сув, албатта. Дунё бўйича 70 фоиз тоза сув мазкур соҳа учун сарфланади, ачинарлиси, унинг 60 фоизи исроф бўлади. Замонавий технологиялар эса нафақат бу каби муаммолларни тез ва самарали бажаришга ёрдам беради, балки кўплаб янги имкониятлар эшигини ҳам очади.

    Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти миллий тадқиқот университети магистранти Акбарали Турдиев “Smart Drip irrigation system” деб номланган “ақлли” қурилмани яратди. Ишланма қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини томчилатиб суғоришга асосланган ақлли тизим ҳисобланиб, тупроқдаги намлик миқдорини аниқлайди ва намлик даражаси белгиланган миқдордан камайгандагина уни суғоради.

    “Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент фармонида қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сувни тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган ерларнинг умумий майдонини 2 миллион гектаргача етказиш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланган. Қолаверса, бугунги кундаги вазият сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ва ривожлантириш бўйича изчил ислоҳотларни амалга татбиқ қилиш зарурлигини кўрсатяпти.

    Лойиҳамиз сув танқислигининг олдини олишга қаратилган, — дейди А.Турдиев. — Қурилманинг илк намунасини Тошкент вилоятига ўрнатдик. Таҳлилларга кўра, харажатлар 30 фоизга камайиб, даромад 50 фоизга ошган. Ҳозирда технологияни Жиззах вилояти фермер хўжаликлари далаларига ҳам татбиқ этяпмиз. Шунингдек, вилоятлар кесимида лойиҳа тақдимотини ўтказяпмиз. “Ақлли” технология далага ўрнатилгач, экиннинг сувга бўлган талабини автоматик тарзда аниқлаб, меъёрий даражада сув беради. Бу жараёнда фермер бевосита мобил илова орқали ер ҳолати ҳақида барча маълумотларга эга бўлиши мумкин. Шунингдек, ортиқча ишчи кучи ва харажатларни талаб қилмайди. Маҳсулот четдан келтирилган муқобилларидан анча арзон, шу билан бирга, қулайликлари кўп.

    Қолаверса, хомашёси ҳам ўзимиздан, яъни тўлалигича маҳаллий маҳсулот саналади. Биз 2022–2024 йиллар мобайнида 500 минг гектар суғориладиган ер майдонини инновацион томчилатиб суғориш технологияси билан таъминлашни мақсад қилиб олганмиз. Ҳозирда бу жараён қизғин давом этмоқда. Энг катта мақсадимдан бири – қишлоқ хўжалиги соҳасида инновацион технологияларни ривожлантириш ва аҳолига ёрдам берадиган “ақлли” технологияларни жорий қилишдан иборат.

    Изланувчининг таъкидлашича, сув тежовчи технологияларнинг 90 фоизи хориждан олиб келинади. Уларнинг иқлим шароитимизга мослик даражаси нисбатан паст бўлиб, тез орада сервис хизматларини талаб қилади. Аҳолининг катта қисмини фермер ва деҳқонлар, томорқа ер эгалари ташкил этишини ҳисобга олсак, “ақлли” технологиянинг харидорлари кўпчилик экани аён бўлади. Айни пайтда Акбарали Турдиев тақдим этаётган қурилма каби четдан келтирилаётган технологиялар 5 минг 200 долларни ташкил қилади. Бу эса кўпчилик учун қимматлик қилиши табиий.

    Робототехника ҳамда электроника соҳаларига катта қизиқиш билан қарайдиган қаҳрамонимиз қишлоқ хўжалиги технологияларини сунъий интеллект билан боғлаш ҳамда фермер ва деҳқонлар харажатини камайтириб, даромадини оширишга ёрдам берадиган инновацион технологиялар устида иш олиб боради. Ҳайдовчисиз электрон трактор яратиш бўйича ҳам изланишлар олиб бориб, унинг илк намунасини яратди.

    Олим ва талабалар томонидан бу каби кўплаб қизиқарли ва фойдали лойиҳалар ишлаб чиқилади. Аммо ғояни маҳсулотга айлантириш маблағдан ташқари тадбиркорга хос қобилиятни ҳам талаб қилади. Ғояни илмий ҳажмдор маҳсулотга айлантиришнинг ҳам ўз йўриғи бор.

    Ёшларни илмий фаолиятга кенг жалб қилиш, уларнинг инновацион ғоя, ихтиро ва дастурий ишланмаларини қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар амалга ошириляпти. Иқтисодий-ижтимоий тараққиётнинг муҳим омили саналган инновацион технологияларга қизиқишни рағбатлантириш мақсадида амалга оширилаётган тизимли ишлар туфайли бугун ёш олимлар сафи кенгаймоқда. Уларнинг янгидан-янги ғоялари, ихтиролари илм-фан тараққиётига, одамлар ҳаётида енгиллик яратишга ҳисса қўшмоқда. Биз эса уларга шоир айтганидек:

    “Замонданда юриб илғор, бўлиб кошиф,

    Ҳар илмдан самар олмоққа шаҳд айланг”, деб қоламиз.

    Феруза ЖЎРАЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates