Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 504 миллиард сўм бўлиб, 33 гектарда 2 000 ўринга мўлжалланган бир қаватли 4 та блокдан иборат шифохона қурилмоқда.
Ҳар бир блокда 5 та даволаш корпуси, шу жумладан, 3 та стационар бокс (бўлим)лар, 1 та жонлантириш бўлими ва 1 та жарроҳлик бўлими мавжуд бўлади. 1-2-блоклар (1 000 ўринли) ходимлар ётоқхонаси, 3-блок қабул бўлими, 4-5-6-7-блоклар даволаш корпуси, 8-блок реанимация, 9-блок операцион зал, 10-блок шифокорлар кузатув пунктидан иборат.
Айни кунларда қурилиш ишларининг биринчи босқичи, яъни 16,5 гектар майдонда 1 000 ўринга мўлжалланган бир қаватли 18 та блок қисми қурилиб фойдаланишга топширилмоқда. Шифохона шу йилнинг 6 июль куни илк беморларни қабул қилишни бошлайди.
Шу муносабат билан журналист ва блогерлар учун медиатур ташкил этиди. Медиатурга соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов бошчилик қилди.
Муассасада қурилиш-пардозлаш ишлари қизғин кетмоқда.
Махсус шифохона комплекси енгил конструкцияли, изоляция қилинган сендвич панелларни қўллаган ҳолда, энергия тежамкор технологиялар асосида қисқа муддатда қурилган. Энг сўнгги замонавий тиббий ускуна ва жиҳозлар билан таъминланади.
Алишер Шодмоновнинг таъкидлашича, бунда юқумли касалликлар хусусияти ва замонавий тиббиёт талаблари инобатга олинган. Хусусан, стационар жойларнинг ҳаммаси боксланган, ҳар бир хона автоном. Биридаги ҳаво бошқасига ўтмайди. Уларга кириб-чиқиш ҳам, хизмат кўрсатиш ҳам алоҳида.
Касаллар келгач, қабул бўлимидан тамбур орқали тўғридан-тўғри ўз палатасига жойлаштирилади.
Барча корпуслар, бўлинмалар тоза ва нотоза йўлаклар билан ажратилган. Тоза йўлакдан фақат тиббий персонал ўз вазифасини бажариш учун фойдаланади. Шифокорлар ҳаракатланиш чоғида санитар ўтказгичлар орқали ўтади. Бу барчанинг – ташхиси ноаниқ бўлганлар, врачлар ва бошқа хизматчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш имконини беради.
72 ўринли реанимация бўлимида ҳар бир койка сунъий ўпка вентиляцияси ва даволаш аппаратлари билан жиҳозланган. Бу бўлимни кардиология, неврология, педиатрия каби турли йўналишлар бўйича жиҳозлаш ҳам мумкин.
Жарроҳлик залларига ҳаво тепадан берилади ва ён томонлардан сўрилади. Натижада доимий стериллик таъминланади.
Лабораторияда вирусология, биокимё ва иммунология, микробиология, паразитология бўйича энг илғор аппаратлар ўрнатилган. Масалан, амалдаги полимер занжирли реакция ускунаси 5 соатда ўртача 40 кишига ташхис қўйса, бу ердаги замонавий жиҳозлар 2 соатда 90 та намунани аниқлаш имкониятига эга. Кўрпа-тўшак ва матолар ювилиб, бошқа буюмлар буғ ёрдамида дезинфекция қилинади.
Бундан ташқари, шифохона мураккаб эпидемиологик вазият ва фавқулотда ҳолатларда заруратга кўра, тўлиқ катантин муассаса сифатида мослаштирилиб фаолият олиб бориши мумкин бўлади.
Махсус шифохона магнит резонанс томографи, рақамли рентген аппарати ва замонавий УЗИ диагностика аппарати ҳамда гемодиализ каби аппаратлари билан жиҳозланган.
Шифохонада қуйидаги ишлар амалга оширилиши кўзда тутилмоқда:
- эпидемиологик вазиятда шифохона юқумли касалликлар хусусиятидан келиб чиққан ҳолда барча санитария-эпидемологик талабларга жавоб берувчи махсус муассаса ҳисобланади;
- замонавий технологиялар орқали масофавий тиббий кўриклар ҳамда консилиумлар ташкил этилади ҳамда даволашнинг таъсирчан усуллари муҳокама қилинади;
- тиббиёт олий ва ўрта махсус таълим муассасалари ўқувчиларига малака ошириш учун махсус клиник база платформаси сифатида хизмат қилади;
- малакали даволаш билан бирга замонавий телемедицина технологиялари асосида ҳудудларида ҳам юқори сифатли тиббий хизматлар ташкил этилади;
- хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда мураккаб жарроҳлик амалиётлари ва юқори технологик муолажалар амалга оширилади.
Жорий йилнинг 29 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти Зангиота туманида барпо этилаётган кўп тармоқли махсус шифохона қурилиши ва касалхонада яратилган шароитлар билан танишди. Мутасаддилар билан суҳбатда ундан оқилона фойдаланиш, тиббиёт ходимларини рағбатлантириш муҳимлигини таъкидлади.