Зироат Мирзиёева онкология соҳасидаги энг нуфузли 100 нафар аёл қаторига киритилди

    OncoDaily халқаро платформаси дунё миқёсида саратон касаллигига қарши кураш соҳасида фаолият юритаётган етакчи мутахассислар ва жамоат арбоблари орасида “Онкология соҳасидаги энг нуфузли 100 нафар аёл” рейтингини эълон қилди.

    Ушбу рўйхатдан Ўзбекистон Республикасининг Биринчи хоними, «Замин» халқаро жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева ҳам ўрин олди.

    Экспертлар Зироат Мирзиёеванинг болаларда онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш ташаббусларини илгари суриш, болалар онкологияси соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, оғир касалликларга чалинган болаларнинг яшовчанлик даражасини ошириш бўйича глобал ҳаракатни қўллаб-қувватлашдаги ҳиссасини алоҳида таъкидлаган.

    «Зироат Мирзиёева 2025 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Ст. Жуде тадқиқот шифохонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган «Саратон ва бошқа ҳаёт учун хавфли касалликларга чалинган болаларнинг яшовчанлигини ошириш ва азоб-уқубатларини камайтириш бўйича глобал ҳаракат» номли муҳим форумга раислик қилди ҳамда жаҳон ҳамжамиятини саратон касаллигига чалинган болаларнинг яшовчанлик даражасини ошириш учун шошилинч чоралар кўришга чақирди.

    Унинг фаолиятида бутун дунё бўйлаб, айниқса яшовчанлик кўрсаткичлари сезиларли даражада паст бўлган мамлакатларда болаларга тиббий ёрдамдан тенг фойдаланишни таъминлаш масалалари алоҳида ўрин эгаллайди. У миллий стратегияларни 2030 йилга бориб саратон касаллигига чалинган болаларнинг яшовчанлик даражасини 60 фоизга етказишдек халқаро мақсадлар билан боғлаш орқали Ўзбекистоннинг глобал соғлиқни сақлаш сиёсатидаги ўрнини мустаҳкамлади», — дейилади рейтингда.

    Зироат Мирзиёеванинг халқаро рейтингга киритилиши унинг юқумли бўлмаган касалликларга қарши курашни миллий ва глобал даражада кучайтиришга қўшган шахсий ҳиссасининг эътирофи, шу билан бирга, Янги Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигининг тасдиғидир.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates