Ўзбекистон ташаббусининг халқаро даражадаги яна бир эътирофи

    Фикр 21 декабр 2022 3471

    Шу йилнинг 14 декабрида БМТ Бош Ассамблеяси 77-сессиясида “Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюцияни бир овоздан маъқуллади.

    Давлатимиз раҳбари мазкур резолюцияни қабул қилишни 2020 йили БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида қилган маърузасида илгари сурган эди.

    Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 2015 йилда қабул қилинган бўлиб, 2030-йилгача бўлган 15 йиллик даврни ўз ичига олади. БРМ 17 та глобал мақсаддан иборат. Ўзбекистон ана шу мақсадлар бўйича миллий кўрсаткичларини ишлаб чиқди. Мамлакатимиз раҳбари ана шу мақсадларни амалга оширишда нафақат ҳукумат, балки парламентларнинг ролини ҳам кучайтириш кераклиги ташаббусини илгари сурди.

    Пандемия жаҳон, жумладан, мамлакатлар иқтисодиёти ривожига салбий таъсир кўрсатди. Иқтисодий кўрсаткичлар кескин тушиб кетди, айрим санаот ва ишлаб чиқариш соҳалари таназзулга юз тутди. Дунёда камбағаллик ва қашшоқлик ҳажми ортди.

    Бир сўз билан айтганда, пандемия туфайли жаҳон иқтисодиёти манзараси буткул ўзгариб кетди. Аҳамиятли жиҳати шундаки, БМТ қабул қилган резолюцияда ана шу масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. “COVID-19” пандемиясидан кейинги даврда ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмасликни таъминлаш, кенг кўламли, барқарор ва изчил тикланишни қўллаб-қувватлаш, ҳамжиҳатлик, бирдамлик ва ҳар томонлама ҳамкорликка содиқликни мустаҳкамлаш жараёнида парламентлар муҳим ўрни тутиши ва улар иштирокини янада ошириш лозимлиги қайд этилган.

    Резолюцияда ёшлар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. 2030-йилгача мўлжалланган даврдаги Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) кун тартибининг муваффақиятли амалга оширилишида ёшларнинг ўрни ва ҳиссаси муҳимлиги, уларнинг парламент иши жараёнида тўлиқ, тенг ҳуқуқли ва таъсирчан иштирокини таъминлаш зарурлиги эътироф этилган. Бу, албатта, бежиз эмас. Чунки ёшлар, ўз навбатида, ҳар қандай давлат ва жамиятнинг келажаги, бошланган кенг кўламли ва улкан ислоҳотларнинг давомчиси ва гарови саналади.

    Резолюцияда БМТ Бош Ассамблеяси аъзо давлатларни миллий парламентларни қўллаб-қувватлашга, уларни Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришиш йўлидаги фаолият ва буни назорат қилиш жараёнлари, айниқса, ихтиёрий миллий маърузаларни тайёрлашга жалб қилиш, шунингдек, ҳисобдорликни таъминлаш ва кучайтириш учун уларга ёрдам беришга чақиради.

    Резолюцияда гендер тенглигини таъминлаш масаласи хам эътибордан четда қолмаган. Хотин-қизларни миллий парламентларнинг асосий фаолияти саналаган қонун чиқарувчи органлар ишида тенг ҳуқуқли, тўлиқ ва таъсирчан иштироки БРМга эришишни жадаллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг марказий омили сифатида эътироф этилган.

    Шунингдек, аъзо давлатларни ногиронларни сиёсий ва ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этишга рағбатлантириш ва бу борадаги имкониятларни кенгайтиришни қонунлар воситасида инклюзив ва қулай бўлишини таъминлашга чақиради.

    Энг муҳими, резолюцияни дунёнинг 80 та давлати, жумладан, Марказий Осиё мамлакатлари ҳаммуаллифлари бўлди. Бундан ташқари ҳужжатни БМТ тузилмалари ва бошқа халқаро ташкилотлар олқишладилар. Резолюция парламентлар учун ўзига хос дастуриламал бўлиши, БРМни жадал амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириши қайд этилди.

    Шу ўринда, Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонгнинг мамлакатимиз халқи ва Президентимизни резолюция қабул қилингани билан самимий табриклаб, Президентимизга ўринли ва муҳим таклиф учун миннатдорлик билдирганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

    Маълумки, 2023 йилнинг сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессияси Олий даражадаги ҳафтаси доирасида БРМ саммити ҳам бўлиб ўтиши режалаштирилган. Парламентлараро иттифоқ ушбу резолюцияга мазкур саммитга тайёргарлик йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳо берди.

    Мухтасар айтганда, ушбу резолюциянинг қабул қилиниши Янги Ўзбекистон томонидан билдирилаётган долзарб масалалар, аниқ таклиф ва амалий ташаббуслар халқаро даражада эътироф этилаётгани, мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш йўлида амалий қадамлар кўйилаётгани, аҳолининг қулай табиий муҳитда ҳаёт кечириши учун барча зарур имконият ва шарт-шароит яратилаётганидан далолат беради.

    Севара МАҲМУДОВА,

    Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар Парламенти

    Илм-фан, маданият ва китобхонлик масалалари комиссияси раиси

    No date selected
    январ, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates