***
Адабиётнинг инсон тарбиясидаги ўрни ва аҳамияти нақадар беқиёс экани ижтимоий ҳаётимизда, айниқса, кейинги йилларида кўз ўнгимизда бор бўй-басти билан намоён бўлмоқда. Бугун улуғвор мамлакатнинг азим пойтахти Тошкентнинг қоқ марказидаги Ўзбекистон Миллий боғида беқиёс ва беназир Адиблар хиёбони барча ёшлар, китобхонлар, сайёҳлар ва зиёратчилар билан ҳамиша гавжум. Президентимиз ташаббуси билан бунёд этилган кўркам маскан ўзбек адабиёти бўстонига айланган.
Ушбу баҳаво, кенг адабиёт даргоҳида Муҳаммад Юсуфнинг ўйчан ва мағрур ҳайкали ҳам қад ростлаб турибди. Навқирон шеъриятга қўйилган бу қутлуғ ёдгорлик пойидан бирор кун, бирор соат ҳам саодатманд ўғил-қизларимизнинг қадами узилмайди.
Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф билан учрашиш, ҳамсуҳбат, даврадош бўлиш бахтига мушарраф бўлганларнинг бири эканимни доим фахр билан таъкидлаб келаман. Сўз билан инсон кўнгли тубига кириш юраги тошдан бўлганларни ҳам эритиш мумкин. Муҳаммаджон ака ўз сўзи билан халқимиз юраги қатидан ўзига макон ясаган, сўзи билан ҳақ гапни айта олган ижодкор, катта қалб соҳиби эди. Унинг Ватан, муҳаббат, табиат, тарих, миллат мавзуларидаги шеърларини ўқисангиз, худди қўшиқ куйлаётган одамдек сел бўласиз.
***
Ўша пайтлари болалар нашрида бўлим мудири бўлиб ишлайдиган таниқли шоир Ҳамза Имомбердиев “Ёш қаламкашлар” тўгарагига асос солган. Пойтахтдаги юқори синфларнинг 5-10 ўқувчиси шу тўгарак аъзосимиз. Республика ўқувчилар саройи ҳузуридаги машваратга сал бўлса-да ижодга қизиққан, ўзича нималардир қоралаб, эрта-индин шоир-ёзувчи бўламан, деган умиддаги ҳаваскорлар жам бўлган эдик. 1986 йил 29 декабрь куни Ҳамза ака Ёзувчилар уюшмасида анъанавий “Янги йил мушоираси” бўлишини, қизиққанлар бемалол боришимиз мумкинлиги айтиб қолди.
Бордик. “Ўзбекистон” меҳмонхонасининг ён томонидаги уюшма биноси катта зали ғала-ғовур, одам тумонат – ўтиришга жой йўқ. Залнинг ярми шеърият шайдолари бўлса, ярми тирик афсоналар – замонасининг илғор шоир, ёзувчи, адабиётшунослари билан тўлган. Орқада тикка турганлар сафига қўшилдик. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад даврани бошқармоқда. Мушоира бошланиб, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Омон Матжон, Усмон Азим, Ҳалима Худойбердиева, Ойдин Ҳожиева, Садриддин Салим Бухорий ва бошқа таниқли шоирлар навбати билан янги ижод намуналаридан ўқиб беришга киришдилар. Ҳар шеър якунланганда йиғилганлар гулдурос қарсаклар билан олқишлаб туришибди. Орада ҳофиз Шерали Жўраев “Сочингда қасдинг бормиди” қўшиғини “премьера” қилди. Зал яна бир қалқиб олди.
– Энди навбатни ёшларга берсак, – деди Саид Аҳмад ака залга мурожаат қилиб. – Бугун анча танилиб келаётган ёш иқтидорларнинг ижодига ҳам баҳо берасиз. Демак, навбат ёш истеъдодли шоир Муҳаммад Юсуфга!
Бу пайтда Муҳаммад Юсуфнинг номи анча танилиб қолган, 2-3 та китоби чоп этилган, шеърлари бирин-сирин қўшиқ бўлаётган, матбуотда шеърлари тез-тез эълон қилиниб турган пайт эди. Биз ҳам “Ёш қаламкашлар” тўгарагида шоирнинг шеърларини бир неча марта муҳокама қилгандик, лекин фақат газета-журналлардаги суратини кўргандик, холос.
– Узр, дўстим, ўтказворинг, менга навбат беришди, – деди кимдир елкамдан туртиб.
Қарасам, узун сочлари ўзига ярашиб турган шоир Муҳаммад Юсуф жилмайиб менга мурожаат қиляпти – шундоққина ортимда турган экан, яна айб иш қилиб қўйгандек ўзини ноқулай сезяпти. Менга – ўрта мактабнинг 9- синф ўқувчисига “дўстим” деб юзланганидан каловланиб, йўл бердим.
Шоир саҳнага чиқиб, бир шоир ва носирдан бўлак ҳеч ким киймай қўйган дўппи ҳақидаги шеърини ўқишни бошлади.
Бу қандайин кўргулик савдо,
Дўппи киймай қўйди халойиқ.
Бошга лойиқ дўппи йўқдир ё —
Бош қолмади дўппига лойиқ.
Шоир шеър ўқиётганида арининг уяси бўлиб ётган зал сукунат бағрига чўмди, шеър тугади, ҳамон жимлик. Бирдан зал гумбурлади – қарсак, ҳуштак, олқиш... Одамлар Муҳаммад Юсуфдан яна шеър талаб қилишарди.
– Узр, барчангизга ташаккур, таъзимдаман, – деди шоир. – Бу мушоира ҳали узоқ давом этади, ҳали шеър ўқимаган устозларим, дўстларим бор. Ҳаммага навбат берайлик, илтимос.
Шоир шундай деб, ўша турган жойига – тўппа-тўғри ёнимга қайтди. Қарсагу олқишлар узоқ давом этди. Даврабоши Саид Аҳмад одамларни тинчлантириб, навбатни бошқа шоирларга берди. Аммо камситмаган ҳолда айтишим керак – кейин ўқилган шеърлар шунчаки тингланди. Ўзим эса ёнимда турган шоирдан кўз узолмадим. Узоқ термулиб қолганимни сезиб, Муҳаммад ака менга жилмайиб кўз қисиб қўйди. Мен қўлимни кўксимга қўйиб “раҳмат”, дедим.
***
1993 йил Матбуотчилар кўчасидаги машҳур таҳририятлар биносининг 5-қаватида жойлашган ёшлар нашрида ишлаб юрган кезларим. Газетамизда “Бешинчи қаватдаги учрашувлар” саҳифаси ташкил қилинган бўлиб, унда элимиз суйган таниқли шоирлар, ёзувчилар, хонандаю спортчилар, олимлар меҳмон бўлишар, жамоамиз аъзолари иштирокида улар билан чиройли давра суҳбатлари ўтказилар ва бу газета орқали ёритиб бориларди.
Бош муҳаррир билан маслаҳатлашиб, Муҳаммаджон акани навбатдаги учрашувга таклиф қиладиган бўлдик. У киши бу пайтда бинонинг 3-қаватидаги таҳририятда ишлаётган эди. Мақсадимни айтгандим, рози бўлди. Куни ва вақтини келишдик.
– Бешинчи қаватда учрашгунча, – деди шоир ўша ўзига ярашган самимий табассум билан.
Бош муҳаррир хонасида жамоанинг ўттиз чоғли аъзоси йиғилди. Айтилган вақтда шоир ёнида санъаткор Рустам Убайдуллаев ва унинг ўғли Достон билан даврага кириб келди. Ўшанда 9-10 ёшлардаги Достон бутун Ўзбекистоннинг машҳур ва таниқли ширинтой-эркатой ўғли, қўшиқ, шеър, ҳажвий чиқишлари билан барчанинг меҳрини бирдек қозонган пайтлар эди. Шундай бўлса-да, бу менга бироз ёқмади. Шоир билан алоҳида гурунг бўлишини истагандим, шекилли.
– Мен бу ширинтойни фақат телевидение ва кинофильмларда кўринавермай, одамлар орасига ҳам кирсин, деб ўзим билан олиб келдим, – деди Муҳаммаджон ака худди хаёлдаги фикрларимни уққандек. – Мен ҳам уни сизлар каби жудаям яхши кўраман, мухлисиман.
Хуллас, шоир Достон ҳақида яна яхши гаплар гапирди, даврага чақириб, унга шеър, қўшиқлар айттирди. “Биз томонга бир-бир қараб қўй”, “Тулпор” қўшиқларига доирада дадаси жўр бўлди. Бизнинг енгил саволларимизга Достон қувноқ кайфиятда катталардек бурро-бурро жавоб бериб, барчамизни кулдирди. Кейин давра жиддийлашди. Муҳаммад Юсуф миллий руҳ, миллат тақдири, тарихнинг қора кунлари ҳақида гапирди, шу мазмундаги шеърларидан ўқиди.
Жадид боболаримизнинг аччиқ қисмати, машаққатли ҳаёт йўли ва юрт озодлиги орзу-армонларига тўла ижоди Муҳаммаджон акани ҳамиша изтиробга солган. Айнан шу мавзуда кўплаб шеър ва достонлар битган. Айниқса, қатағон қурбонлари хотирасига бағишланган “Қора қуёш” достони шоирнинг чексиз меҳр-муҳаббати, Ватан фарзандлари, миллат ва давр фожеасига нисбатан юксак шоирлик муносабатидир. Шоир учрашувда ушбу драматик достондан парчалар ўқиди. Асарда Абдулла Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир сингари улуғ зиёлиларимизнинг ички кечинмалари, миллат ва халқ дардида ёнган ҳасратлари ифодаланган.
Ўлса ўзи ўлар, Сўзи ўлмайди,
Ҳамиша барҳаёт насл шоирлар.
Ҳақиқий шоирнинг қабри бўлмайди,
Юракка кўмилар асл шоирлар.
“Бешинчи қаватдаги учрашув” тафсилотлари ёритилган бир саҳифалик салмоқли мақола чоп этилган кун тушга яқин ички телефон жиринглади. Олсам, Муҳаммаджон ака:
– Дўстим, газетани кўрдим, раҳмат, жуда чиройли берибсизлар. Рустам ака ҳам телефон қилиб, миннатдорлик билдирди. Айниқса, Достон роса хурсанд бўлибди.
Шунда ўйламасдан бир гап айтиб юбордим:
– Муҳаммаджон ака, ўзи ўша куни нега Достонни бошлаб келдингиз? Ўзингиз билан алоҳида учрашганимиз маъқул эмасмиди? Уларни кейинроқ алоҳида чақирсак ҳам бўлар эди...
Жавоб қисқа бўлди ва шу билан гўшак қўйилди:
– Кейин эслаб юради!
Орадан салкам 30 йил ўтди. Достон Убайдуллаев ҳозир буларни эслайдими-йўқми, билмадим, аммо мен ўшанда шоирнинг бағрикенглигига дахл қилмоқчи бўлганим учун ҳали ҳам ўзимдан хафа бўлиб келаман.
***
Оддий одамларда буюкликка эришиш имкони кўпроқ, буюклар эса доим оддий бўладилар. Муҳаммад Юсуф ишга жамоат транспортида қатнайди. Ўзини катта олмайди, халқ орасида, одамлар орасида юради доим. Бундан сира оғринмайди. Мухлислари ҳар қадамда йўлини тўсса-да, у билан бир оғиз сўзлашиш, нигоҳини ўзига қаратиш учун интилса-да, шоирга бу эриш туюлмайди.
Эрталаб ишга келаётиб, кўпинча метронинг Мустақиллик майдони бекати чиқаверишида Муҳаммаджон ака билан кўришиб қоламиз. Таҳририят биносигача гурунг қизийди. Шоир янги ёзган шеърларидан парчалар ўқийди, гоҳида эриб, тантилиги тутиб кетса, ҳали сиёҳи қуримаган қўлёзмасини беради:
– Сизларга илиндим, берсанглар, миннатдор бўламан, – дейди.
Ишхонага келибоқ, матн терувчиларга бераман, асл нусхани ўзимга (ҳамон хазинам тўрида) сақлаб қўяман. Шеърлари чоп этилган кун шоир ёш боладек қувонади, унданам кўпроқ биз – таҳририятдагилар хурсанд бўламиз.
Бир куни метродан чиқишда яна тўқнаш келдик. Кетяпмиз. Соат 10 га яқинлашган. Мен қадамимни тезлатаман. Муҳаммад ака шошилмайди. Дарвоқе, ўша биринчи мурожаати ўз кучида қолган, яъни менга доим “дўстим”, деб юзланарди.
– Дўстим, секинроқ юраверайлик, – деб тирсагимдан тортади у. – Бугун ҳам барибир ишнинг охирига етолмаймиз. Борамиз-да.
Демак, ҳозир янги ёзган шеъридан ўқийди ёки қўлёзмасини беради. Йўқ, бошқа мавзуларда гаплашиб, борган сари қадамимиз секинлашиб кетавердик. “Зарафшон” ресторани ёнидан ўтаётганимизда безовталигим ортаётганини сезади.
– Илтимос, секинроқ юраверайлик, анави қизчадан ўтиб кетмайлик, – деб биздан сал нарида кетаётган аёлга имо қоқади шоир.
Гапнинг моҳиятини тушунмаганимни кўриб, қўшимча қилади:
– Сал оқсоқланиб юраркан, биз уни қувиб ўтсак, кўнглига келади. Мен ҳам соғ бўлганимда, булар мени ёнимдан бундай ўтиб кетмаган бўлар эди, деб кўнгли ўксийди.
Қарасам, ўша қиз ростдан ҳам бироз оқсоқланиб, чап томонга гавдасини ташлаб, бироз қийналиб қадам ташлаяпти. Юрагимда нимадир “чирт” этиб кетди, шоирнинг буюклиги ва улкан қалб эгаси эканига яна бир карра амин бўлдим.
***
Қайсидир йили Наврўз байрами баҳона Навоий вилоятида ёшлар газетаси кунлари ўтказиладиган бўлди. Таҳририят аъзолари, ёзувчи-шоирлар ва санъаткорлардан иборат 15-20 чоғли гуруҳ сафарга отландик. Орамизда Муҳаммад Юсуф ҳам бор. Шоир билан 3-4 кун ҳамсуҳбат бўлиш имкониятидан кўпчилик қатори менинг ҳам оғзимнинг таноби қочган.
Навоий шаҳри ва қатор туманларда ўтказилаётган Наврўз сайлларида қатнашдик, ижодий учрашувлар ўтказдик. Ҳозир балки бунга биров ишонмас, лекин машҳур хонандаю қизиқчиларнинг чиқишлари бир, Муҳаммад Юсуфнинг чиқишлари бир бўлиб қоларди. Одамлар қўшиқ тинглаб, қизиқ ҳангомалардан завқланиб, қарсак чалиш билан кифояланишса, шоир шеър ўқиганда жунбушга келишарди, саҳнадан туширишни истамай, қайта-қайта шеър сўрашарди.
Сочимда оқ, мен баҳордан ўтиндим,
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим.
Қор қўйнидан зўрға сенга етиндим,
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим.
Жон устида асраб юрай кўкни мен,
Тўйиб-тўйиб кўзга сурай кўкни мен,
Яна сенга етаманми, йўқми мен,
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим.
Нурота туманидаги ижодий учрашувдан кейин Чашма қадамжосини бирга зиёрат қилдик. Яратганнинг мўъжизаларидан яна бир бор ҳайратга тушдик. Ўшанда Муҳаммад ака қўққисдан айтган бир гап хотирамда абадий муҳрланиб қолди:
– Минг йиллардан бери оқиб турган мана шу чашманинг музлаши ҳеч кузатилмаган. Истардимки, инсон ҳақидаги хотиралар ҳам ҳеч қачон музламасин. Инсондан яхши хотиралар қолиши ва у ўчмаслиги керак.
Не тонгки, бугун шоир ўзидан ўчмас хотиралар қолдириб кетди.
***
Қозоғистонлик журналист Бауржон Бигалиев билан 10 йиллар аввал бир халқаро тадбирда танишиб, дўстлашиб кетганмиз. Олмаотага бир-икки борганда мен, Тошкентга йўли тушиб қолса у бир-биримизни йўқлаймиз. Бошқа пайт интернет – ижтимоий тармоқлар орқали гаплашиб, маслаҳатлашиб, баъзан ижодий ҳамкорлик ҳам қилиб турамиз.
Бир куни Бауржон менга ўзбекчани ўргат, деб қолди. Ундай бўлса, бир шартим бор – сен ҳам менга қозоқчани ўргатасан, дедим. Келишдик, кулишдик. У менга бир неча қозоқча қўшиқ жўнатди, эшитиб, тушунмаган жойларингни сўра, деди. Мен ҳам ўндан ортиқ ўзбекча қўшиқни саралаб, унга юбордим. Орадан икки ё уч кун ўтди. Телеграм канали орқали ундан қуйидаги қисқача мазмунда мактуб келди:
“Сен шафқатсиз экансан. Менга қандай қўшиқларни юбординг. Тингласам, бошқа оламга тушиб қоляпман. Ўзбекчани билмасам ҳам тушуняпман, таъсирланяпман. Сўзлари шунчалар ҳам дилга яқин бўладими? Нега аввалроқ менга бу шедеврларни тавсия қилмадинг? Бу ашулаларнинг сўзлари кимники?”.
Халқимиз севиб тинглайдиган ўнлаб қўшиқлар ичидан Бауржон мактубида фақат Муҳаммад Юсуф шеърлари билан айтилган қўшиқларни санаб ўтганди. Гап Нуриддин Ҳайдаров ижросидаги “Меҳр қолур”, Муҳриддин Холиқовнинг “Асл ёрни тушларимда кўрдим фақат”, Ғиёс Бойтоев маромига етказган “Онаизор”, Маҳмуджон Азимовнинг машҳур “Самарқандга борсам мен агар...”, Севара Назархон ижро қилган ва мадҳия даражасига кўтарилган “Улуғимсан, Ватаним!” ва яна бошқа бир неча қўшиқлар ҳақида кетаётган эди.
Дўстимнинг мактубига жавобан шоир ҳақида билганимча маълумот бериб, унинг шеърлари билан айтиладиган қўшиқлардан яна жўнатдим. Бауржондан навбатдаги илтимос келди: “Менга ушбу қўшиқларнинг матнини ҳам юбор”. Юбордим. Билишимча, қозоғистонлик ҳамкасбим қўшиқ тинглаш асносида Муҳаммад Юсуфнинг чин мухлисига айланиб қолган эди.
***
Муҳаммад Юсуф ижодидаги Ватанга муҳаббат, уни тараннум этиш мавзуси алоҳида бир дунё. Шоир қалбидаги Ватанни севиш, англаш, унга бўлган муҳаббат ҳақидаги дилга яқин сатрлар унинг юксак истеъдод соҳиби эканини кўрсатади. Ушбу мавзудаги шеърларини ўқиганимизда қалбимизда юртга ўзгача муҳаббат, ўзгача тафт ҳис этамиз. Мисралари содда бўлса-да, самимий, жумлалари баландпарвозликдан йироқ, ташбеҳлари ўзига хос. Шу боис, халқимиз Муҳаммад Юсуф шеърларини жон-дили билан ўқийди.
О, ота маконим,
Онажон ўлкам,
Ўзбекистон, жоним тўшай соянгга.
Сендай меҳрибон йўқ,
Сенингдек кўркам,
Римни алишмасман бедапоянгга.
Муҳаммад Юсуф учун ҳар бир сўз, ҳаётидаги ҳар бир ҳодиса шеърият эди. У гўё осмонларда қанот қоқаётган қуш каби жуда енгил ва ёрқин ҳаёт кечирди. Аммо шоир ҳаёти жуда эрта узилди – 2001 йилнинг 29 июль куни 47 ёшида вафот этди.
У бешикдан бу бешикка ялангтўш,
Кўчармизда, ўзга илож кўрмадим.
Келарда ҳам, кетарда ҳам қўли бўш,
Кўмик бошда кўкарган тож кўрмадим.
Нодир МАҲМУДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири