Унда, маданият вазири Озодбек Назарбеков, маданият вазирининг биринчи ўринбосари Авазхон Таджиханов, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги директори Шуҳрат Ризаев ҳамда маданият вазирлиги раҳбарияти, марказий аппарати, тизим ташкилотлари раҳбарлари иштирок этишди.
Матбуот анжумани аввалида вазир Озодбек Назарбеков томонидан 2024 йилда амалга оширилган ишлар ҳақида оммавий ахборот воситалари вакилларига ҳисобот бериб, 2025 йилдаги режалар очиқланди.
Жумладан,
Театр ва цирк йўналишида, театрларда 10 479 та спектакль намойиш этилиб, ушбу томошаларга 3,6 млн нафар томошабин ташриф буюрганлиги, шунингдек, «Ўзбексирк» томонидан 556 та цирк томошалари ўтказилиб, томошаларга 150 минг нафар томошабин ташриф буюрганлиги маълум қилинди.
Концерт — томоша йўналишида, 2024-йилда 7 255 та концерт-томоша тадбирлари ташкил этилиб, 10 млн 37 минг 200 нафар аҳоли қамраб олинди.
Маданият марказлари ва номоддий маданий мерос йўналишида, мамлакатимиздаги 837 та маданият марказлари томонидан жорий йилда жами 26 мингдан ортиқ маданий-маърифий ва концерт-томоша дастурлари ташкил этилиб, 2,5 млн нафар томошабин жалб этилган.
Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институти фаолияти йўлга қўйилиб, номоддий маданий мерос намуналарини тадқиқ этиш мақсадида, 13 та маҳаллий ва 1 та хорижий фольклор экспедициялар ташкил этилди ва 250га яқин номоддий маданий мерос намуналарининг дастлабки ҳужжатлари тайёрланди, интернет ва ижтимоий тармоқларда тарғиб этишга қаратилган 50 та аудиовизуал асарлар яратилди. Шунингдек, «Рубоб ясаш ва ижрочилик анъаналари» билан боғлиқ номоддий маданий мерос намунаси ЮНEСКОнинг халқаро репрезентатив рўйхатига киритилди.
Ижодкор ёшлар ва танловлар йўналишда, 18 та республика кўрик-танловлар ва фестиваллар ўтказилди ҳамда уларга 10 минг нафардан ортиқ ижодкор ёшлар қамраб олиниб, маданият ва санъат соҳасида фаолият юритаётган ёшлар билан ҳудудларда 14 та «Раҳбар ва ёшлар» учрашувлари ташкил этилиб, уларга 1 минг 400 нафардан ортиқ ёшлар жалб қилинди.
Таълим йўналишида, маданият таълим муассасаларидаги 2 000 нафар педагог кадрлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда раҳбар ходимлар малакаси оширилди ҳамда коллежларининг 2 600 нафардан ортиқ педагоглари аттестациядан ўтказилди.
Президентнинг «Умумий ўрта таълим мактабларида мусиқа маданияти фани ўқитилишини тубдан такомиллаштириш ҳамда ушбу фан ўқитувчиларининг касбий фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2024 йил 15 ноябрдаги ПҚ–391-сон қарори тасдиқланди. Шунингдек, Президентнинг «Театрларнинг жамият маданий ҳаётидаги аҳамиятини ошириш ва улар фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2024-йил 22-ноябрдаги ПҚ–399-сон қарори билан болалар мусиқа ва санъат мактабларининг директори, директор ўринбосарлари, ўқитувчи ва концертмейстерларининг иш ҳақи миқдорлари 2025-йил 1-январдан бошлаб 10 фоизга оширилиши белгиланди.
Миллатлараро муносабатлар йўналишида,
6 та янги «Ўзбекистон-Белорус», «Ўзбекистон-Испания», «Ўзбекистон-Канада», «Ўзбекистон-Шимолий Македония», «Ўзбекистон-Чехия», «Ўзбекистон-Ўмон Султонлиги» дўстлик жамиятлари ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 42 тага етказилди.
Халқаро йўналишда, 9 та давлатда Хитой, Озарбайжон, Қатар, Тожикистон, Буюк Британия, Грузия, Қозоғистон, Туркманистон, Россия «Ўзбекистон маданият кунлари» маданий тадбирлари юқори савияда ўтказилди, 4 та давлат Озарбайжон, Мўғулистон, Қирғиз Республикаси, Қатарнинг маданият кунлари Ўзбекистонда юқори савияда ўтказилди, 8 та давлатда Россия, АҚШ, Австрия, Малайзия, Бельгия, Полша, Россия, Франция Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 33 йиллигига бағишлаб маданий тадбирлар ўтказилди, 8 та хорижий давлатлар Беларусь, Тожикистон, Россия, Туркия, Корея, Қирғиз Республикаси, Қозоғистон, Озарбайжон билан Англашув меморандумлари ва ҳамкорлик дастурлари имзоланди.
Шунингдек, «Инсон қадри учун» тамойили асосида 35 нафар маданият ва санъат ходимларига Тошкент шаҳри Яшнобод туманидан 35 та янги турар жойлар топширилди.
Анжуманда вазирлик раҳбарияти томонидан 2025 йилдаги режалар очиқланди.
Жумладан,
- театрлар томонидан намойиш этиладиган спектаклларга 3,8 млн ҳамда маданий тадбирлар ва фестивалларга 10,2 млн томошабинлар жалб этилади;
— Халқаро бахшичилик санъати фестивали, «ИИИ Халқаро ҳунармандчилик фестивали», «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивали, Халқаро театр фестиваллари ўтказилади;
- Давлат концерт-томоша муассасалари томонидан намойиш этиладиган маданий тадбирлар ва фестивалларга 10,5 млн томошабинлар жалб этилади;
- Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ижодий жамоалари томонидан 14 та ҳудудда ўзаролик тамойили асосида ҳудудларнинг 50 дан «Маданият кунлари» тадбирлари юқори савияда ўтказилади;
- Ҳудудларда машҳур хонанда, қизиқчи ва бошқа ижодкорлар иштирокида «Маданият карвони» шаклида концерт-томоша тадбирлари ўтказилади;
- Республика аския санъати марказига янги спектаклларни саҳналаштириш ва аския ва қизиқчилик йўналишида 5 та асарга давлат буюртмаси берилади;
- 20 та маданият ва санъат муассасалари давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилади;
- Маданият ва санъат тизимидаги олий таълим муассасаларининг илмий даражали ва унвонли кадрлар сони қўшимча 30 нафарга кўпайтирилади;
- Маданият вазирлиги тасарруфидаги 325 та болалар мусиқа ва санъат мактаблари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тасарруфидаги умумтаълим мактабларининг мусиқа маданияти фани бўйича таянч таълим муассасаси сифатида белгиланади;
- 7 турдаги миллий мусиқа чолғуларида куй ижро этишни ўргатиш бўйича қўшимча адабиётлар, ноталар ва видеодарслар ишлаб чиқилади;
- Ҳар бир туман ва шаҳарларда болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда миллий ва замонавий чолғу ансамблларининг ҳисобот концертлари бюджетдан ташқари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан йўлга қўйилади;
- Болалар мусиқа ва санъат мактабларида фаолият юритаётган олий маълумотли ўқитувчилар 55 фоизга етказилади;
- «Тирик тарих» туркумидаги 54 та фильмлардан 20 яқини ишлаб чиқаришга туширилади;
- Агентлик ҳузурида Ўзбекистон халқаро киноакадемияси фаолияти йўлга қўйилади;
- Эркин иқтисодий киноҳудудлар ташкил қилиш чора-тадбирлари амалга оширилади;
- 30-июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан «Дўстлик» фестивали, 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик кунига бағишлаб «Бағрикенглик» ҳафталиги ўтказилади;
- 10 дан ортиқ давлатда «Ўзбекистон маданият кунлари» маданий тадбирлари ўтказилади;
- 5 та давлатнинг маданият кунлари Ўзбекистонда ўтказилади;
- 10 та давлатда Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 33 йиллигига бағишлаб маданий тадбирлар ўтказилади;
- 10 дан ортиқ хорижий давлатлар билан Англашув меморандумлари ва ҳамкорлик дастурлари имзоланади.
Матбуот анжумани якунида ОАВ вакиллари мутасаддиларга мурожаат қилишиб ўзларини қизиқтирган соҳага оид саволларга жавоблар олишди.