Ислом цивилизацияси маркази, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Кинематография агентлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси вакиллари, етакчи олимлар, санъатшунослар, профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба-ёшлар иштирокидаги тадбирни Жалолиддин Сафоев олиб борди.
Анжуманда сўзга чиққанлар мамлакатимиз бўйлаб ўтказилган «Тамаддун, маданият ва маърифат» мавзусидаги «Маърифат карвони» сарҳисоби ва буюк алломаларнинг ягона сиймосини яратиш ва қабул қилиш, тарихий фильмлар тайёрлашнинг аҳамияти ҳақида гапирди. Унда социология фанлари доктори, профессор Мансур Бекмуродов, «Маърифат» тарғиботчилар аъзоси, филология фанлари номзоди, доцент Тўлқин Эшбек маърузалари тингланди.
Тадбирда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилиши мега лойиҳасининг тақдимоти ва Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тайёрланган буюк аждодлар ҳақидаги видеоролик намойиш қилинди. Шунингдек, 100 нафар буюк алломаларнинг ягона сиймосини гавдалантириш бўйича бугунги кунга қадар амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берилди.
– Халқимизда аждодлар билан фахрланиш ҳисси бор эдию, бироқ уларни яхши танимасди, – дейди социология фанлари доктори, профессор Мансур Бекмуродов. – Фаробий, Беруний, Хоразмийлар дер эдию уларни батафсил билмасди. Дунёга машҳур «Алгоритм» сўзини кўп айтишади, лекин унинг моҳиятини англамайди. Биз Ислом цивилизацияси маркази бошида турган улуғвор ишни кенг жамоатчиликка тарғиб қилиш ва аждодларимиз сиймосини, улардан қолган бой маънавий меросни етказишга шаймиз. Шу ўринда ўзимнинг бир қатор таклифларим ҳам бор: Афросиёб шахси ҳақида ҳам иш олиб борилса, унинг тамаддунимизга қўшган ҳиссаси ўрганилса, Самарқанд қаласини буён эттирилишидан тортиб, унинг қизғин фаолиятигача тадқиқ этилса дегандим. Тарихда ўнлаб Насафийлар ўтган, уларнинг қайси бири динга, қайси бири маърифатга, яна қайси бири адабиётга ҳисса қўшганлиги ҳақида маълумотлар етарли эмас. Ушбу маълумотлар шунчаки тўпланиб, тарқатилиши эмас замонавий ва халқчил йўлда кенг жамоатчиликка етказилса мақсадга мувофиқ бўларди.
Маълумот ўрнида, Ислом цивилизацияси маркази Бадиий академия билан ҳамкорликда бугунги кунга қадар ягона сиймоси мавжуд бўлмаган ўзбек алломаларининг қиёфасини гавдалантириш бўйича иш олиб бормоқда. Таниқли рассомлар Алишер Алиқулов ва Ҳусан Қосимовлар томонидан марказ фойеси равоқлари учун Буюк аждодларимиз сиймоси акс этган 14 та маҳобатли ранг тасвир асарлари яратилди. Шундан ҳозирда 5 та маҳобатли рангтасвир асарлари микромозаика услубида тайёрланиб, марказ фойеси равоқларига монтаж қилиниб, қолганлари микромозаикага ўтказилиб, якуний жараёнлари олиб бормоқда.