7 июль куни эрта тонгда Атирау аҳолиси ёниш ҳидини сезган. Шу муносабат билан соат 08:20 атрофида МИ-8 “Казавиаспаса” вертолёти юқорида туриб кузатиш ва ёнғин манбасини аниқлаш учун ҳавога кўтарилди, деб хабар беради tengrinews.kz.
“Комиссия Каспий денгизининг 15 километр радиусдаги соҳилбўйи ҳудудини ҳаводан кўздан кечирди. Натижада соҳилда беш гектар майдонда бешта ёнғин аниқланди. Ёнғиннинг умумий майдони 10 гектарни ташкил этади”, дейилади Фавқулодда вазиятлар департаменти хабарида.
Қайд этилишича, Каспий денгизининг ёнғин содир бўлган қирғоқ ҳудуди эгасиз. Маълум қилинишича, шамол йўналиши денгиз томонга қаратилган бўлиб, аҳоли пунктларига хавф туғдирмайди.
“Соат 05:40 да Атирау вилояти ФВД куч ва воситалари ёнғинни ўчириш учун сафарбар этилди. Соат 8:30 да Атираудан 30 километр узоқликдаги Кенузек қишлоқ округидаги ёнғин содир бўлган жойларга етиб келди.
Қамишларни ўчиришга 55 нафар ходим, 13 дона техника ва иккита мотор насоси, шунингдек, МИ-8 вертолёти жалб этилди. Ёнғинни ўчириш ишлари давом этмоқда”, — дея қўшимча қилди Атирау вилояти Фавқулодда вазиятлар департаменти.