Иқлимнинг жонкуяри Иқлима ёхуд овчи аёлнинг ташаббуси

    Фикр 27 август 2023 3930

    Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги чўлнинг қоқ ўртасида катта воҳа барпо этилган. Нақд 33 гектарли майдонни эгаллаган дам олиш жойи “Кўчманчилар ороли” деб аталади. Атрофда ўтовлар ўрнатилиб, 40 мингга яқин дарахт ўтқазилган.

    Табиат қўйнида дам олиб, чўлда ов қилиш, ҳайвонот боғини томоша қилиш истагидаги сайёҳлар туманда ягона ана шу экомасканга келади. Қумликлар қўйнидаги бу бунёдкорлик, бу гўзалликнинг яратувчиси эса Иқлима Жўраева бўлади.

    Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот олдидан бир гуруҳ фаол юртдошларимиз қатори Иқлима Жўраевани ҳам “Шуҳрат” медали билан тақдирлади. Салкам 30 йилдан буён тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган аёл учун бу қувончли воқеа бир томон бўлса, Президентимиз билан самимий мулоқоти янада ҳаяжонли бўлди. “Давлатимиз раҳбари кўксимга мукофотни тақаётганида “мен ҳудудимизда биринчилардан бўлиб экотуризм барпо қилдим, у ерда иҳота ташкил этдим, сизни роса кутдим, бормадингиз”, деганимда, албатта, бораман, деб айтгани қулоғимдан кетмаяпти”, дейди Иқлима опа суҳбат аносида.

    Овчиликда ҳушёрлик зарур

    Аёлни ҳудуд аҳли ишбилармон, бир ишнинг бошини тутса, амалга оширмагунча қўймайдиган тадбиркор сифатида яхши билади. Бу хислат унинг феълига болаликдан сингган бўлса керак. Ҳали 17 ёшидаёқ пайабзал фабрикаси, кейинроқ ип йигирув ва тўқув фабрикасида ишлаган қаҳрамонимиз қарийб 30 йилдан бери кўплаб хусусий корхоналарга раҳбарлик қилди.

    — 1999 йилда турмуш ўртоғим вафот этиб, бир ўғлим билан қолгач, тадбиркорликнинг этагидан маҳкам тутдим, — дейди Иқлима опа. — Бирин-кетин МЧЖлар очиб, 2008 йилда маиший хизмат кўрсатиш дўконини қурдик. Кейинроқ, 2013 йилда “Фирдавс Амон Ўктам омади” савдо мажмуаси, 2019 йилда “Гольд Опель Фирдавс” МЧЖнинг 40 дан ортиқ ўринли меҳмонхонасини ишга туширдик. Фаолиятимизнинг асосий қисми одамларга, меҳмонларга хизмат кўрсатишдан иборат.

    Иқлима опанинг яна бир севимли машғулоти бор, бу — овчилик. Болаликдан бошланган бу қизиқиш унга отасидан ўтганини айтади. Аммо бу ўткинчи қизиқиш эмасди, мана, 20 йилдирки, аёл овчилик билан ҳам шуғулланиб келади. Қаҳрамонимиз Ўзбекистонда овчилик гувоҳномасини олган ягона аёл. Мерганликда унча-мунча овчи эркакларни ортда қолдиради. Ўта қизиқувчан ва таваккалчи бўлмаган инсоннинг бу машғулотга киришиши осон эмас. Айниқса, у нозик хилқат вакиласи бўлса, доим елкасида ов қуроли билан ёввойи табиат бағрига қўрқмай киришига тўғри келса.

    — Мактабда тир тўгараклари бор эди. Ўша пайтдан милтиқ ушлашга меҳрим тушган, — дейди Ғиждувон фарзанди. — Кўпинча аёллар қилмаган ишларни қилишни яхши кўраман. Мен жуда қизиқувчанман. Биринчи марта қуённи битта отишда йиқитганман. Отишда кам хато қиламан. Овчиларнинг арзимаган хатоси орқасидан катта кўнгилсизликлар бўлиши мумкин. Шунинг учун жуда диққатли бўлиш керак. Жайдари қилиб айтганда, овчида олтинчи сезги ишлаши лозим. Қолаверса, ҳар доим ҳушёр, сергак бўлиш муҳим. Ов қилаётган киши отган ўқи қаерга боришини олдиндан билиши керак.

    Иқлима опа ҳар бир ишни тартибли қилишга одатланган. Овда ҳам шундай. Белгиланган меъёрлардан четга чиқмайди, қонун доирасида ов қилади. Ҳар бир отиладиган жонзот учун тўлов борлигини яхши билади. Ортиқча отилган ҳайвон учун жарима ҳам бор. Бирор тақиқланган жойда, ман этилган жониворга озор бермайди.

    Ташландиқ жойдаги гўзаллик

    Иқлима опа, айниқса, чўл бағрида ов қилишдан завқ олади. Буни бошқалар ҳам ўзида ҳис этиши, саҳро ичида гастрономик туризмни ривожлантириш, Ғиждувонга кўпроқ сайёҳларни жалб қилиш мақсадида ўтган йили катта лойиҳага қўл урди. Унинг ғояси сувсиз, ташландиқ бўлиб ётган чўл майдонини обод масканга айлантириб, у ерда дам олиш маскани ташкил этишдан иборат эди. Лойиҳаси билан халқаро танловда иштирок этиб, ўтган йил бошида АҚШнинг USAID ташкилотидан 31 минг долларли грант ютиб олди. Ташкилот тадбиркорга танланган ҳудудда 10 та ўтов ўрнатиб бериб, грант доирасида у ерни обод қилишга кўмаклашди.

    Экотуризм зонаси Ғиждувон тумани марказидан 20 километр узоқликда жойлашган “Барака” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли чўл ҳудудида ташкил этилди. Қисқа вақтда ўтовлар кўтарилиб, атрофига 40 мингга яқин турли-туман кўчат экилди. Уларнинг орасида ҳудуд иқлимига мос дарахтларнинг 30 дан ортиқ тури бор. Ҳозир бари анча бўй чўзиб, чўл бағрида гўзал боғ манзарасини ҳосил қилган.

    Дам олиш масканида меҳмонлар учун барча шароит муҳайё. Ўтовлар ичи зарур нарсалар билан жиҳозланган. Меҳмонлар бир неча кун тунаб қолиши учун ҳам қулайликлар яратилган. Ҳатто чўлнинг ўртасига газ, электр тармоқлари тортиб келинган. Бу ерда кунига 120 меҳмонга хизмат кўрсатиш имконияти бор.

    Салкам 33 гектарли майдонда от спорти, дам олиш зоналари, балиқхона, туя сутидан қимрон тайёрлаш, милтиқ отиш спорт тури йўлга қўйилган. Меҳмонлар бетакрор табиат, ўзига хос чўл манзарасини томоша қилиш билан бирга, туя ва отда саёҳат, камондон ўқ отиш, Шўркўл каналида балиқ овлаш, “Сафари” кўнгилочар машғулотларида қатнашишлари мумкин. Шунингдек, масканда туя, от, туяқуш, парранда ва турли қушлардан иборат кичик ҳайвонот боғи ташкил этилган. Бу ернинг энг ўзига хос томони шуки, меҳмонлар овга чиқиб, овлаган ҳайвонларини ёввойи табиат бағрида ўзлари пишириб ейиши мумкин. Бу ҳозирги кунда дунёда ривожланиб бораётган экотуризм, гастрономик туризм, экстремал туризм ишқибозлари учун жуда қизиқарли бўлади.

    — Бу ерлар аввал сувсиз, ташландиқ жойлар эди, — дейди Иқлима Жўраева. — Ёдимда, илк бор 1980 йилларда ўзлаштирилган ва ана шу ўзлаштириш ишларида отам раҳматли ҳам иштирок этган. У бу жойларни обод қилишга ҳаракат қилган, аммо бўлмаган. Бир кун шу ерга келганида, менга қараб, “қачонлардир шу ерларни менинг фарзандим обод қилишини билмаган эдим, мен сенга ишонаман, ўзимга ўхшаб бир нарсани то кўкартирмагунча қўймайсан”, деди. Ҳар гал шу сўзларини эсласам, янаям кўпроқ кучга тўламан.

    Бунақа тажриба олдин Ғиждувонда қилинмаган. Ўзи одатим шундай, бирор янги нарса топсам, тадбиркорликда янгича йўналишни кўрсам, уни ривожлантиргим, одамлар ҳаётига олиб киргим келади. Ташландиқ ерни обод қилиш ҳам осон эмас. Фақатгина фойдани ўйлаган киши чўлнинг ўртасига келиб пул тикмайди. Бунинг учун одамга юрак керак, қизиқиш керак. Нимага таваккал қилаётганини ҳис қилиб, эртанги кунини кўра билиши лозим. Бу ҳаётда ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлмайди. Бу ерларни обод, гўзал масканга айлантириш учун миниб юрган машинамгача сотганман. Қолаверса, USAID ҳам менга катта ёрдам берди. Бу ташкилот лойиҳалари ортидан кўплаб тадбиркор аёлларимиз ишини кенгайтираётганини эшитиб, кўриб хурсанд бўламан. Мен ҳам улардан бириман.

    Экосаёҳат завқи

    Қаҳрамонимизнинг табиатга, гўзаллик яратишга, яшашга бўлган муҳаббати бошқаларникидан фарқ қилади. Бу аёл бирор жойни обод қилса, ерга битта бўлса ҳам кўчат қадаса, шундан хурсанд бўлади. Инсон ўзидан яхши ном ва боғ қолдириши керак, деб ҳисоблайди, доим шунга интилади. Акс ҳолда маҳалла, туман ҳудудларини обод қилишда ҳам фаоллик кўрсатармиди?! Аёл ташаббуси билан маҳалладаги 1,7 километр йўл қайта таъмирланиб, асфальт қилинди. Сўнгги 3 йилда маҳаллада 2 минг туп гул кўчати экишда ҳам барчага ибрат бўлиб келяпти. Оиласи билан бирга ўз ҳисобидан туманда “Коинот” болалар соғломлаштириш оромгоҳини обод қилишди.

    Қаҳрамонимиз чўлнинг қоқ ўртасида ташкил қилган янгича усулдаги воҳа ҳам қисқа вақтда сўлим дам олиш масканига айланди. Ҳозир бу жой дунёнинг турли бурчакларидан келадиган сайёҳларни кутиб олиб, гастрономик туризм хизматлари кўрсатяпти. Қатор ўтовлар эса тунда чироқлар ёғдусида янада чиройли ва эртакнамо кўринади.

    Иқлима опанинг айтишича, чўл ҳудудида ўтов жуда қулай бўлиб, бир жойдан иккинчи жойга кўчириш ҳам осон. Қолаверса, улар оддий уйчаларга қараганда ноанъанавий кўринади. Улар фақат табиий хомашё — тол дарахти, туя жуни аралаштирилган матолардан тайёрланиб, ичи кенг бўлади. Эшиги кунчиқарга, яъни шамол йўналишига қарши томонга ўрнатилган. Ўтовлар ичи ёзда салқин, қишда иссиқ бўлиши, айниқса, қулай. Қишнинг изғиринида эшик очиқ турса ҳам ичкари иссиқлигича қолаверади. Шундай бўлса-да, совуқ мавсумда ўтов ичига сандал ўрнатилади.

    Иқлима опа чўл табиатини ҳам, у ерда одамларни нима кўпроқ қизиқтиришини ҳам яхши билади. Чунки ўзи шу ер фарзанди, қолаверса, узоқ йиллар овчилик билан шуғулланиб, бу ерни яхши ўрганган. Шу боис, сайёҳларга қизиқ бўладиган янгиликларни қўшиб боришдан чарчамайди.

    — Бухоро, хусусан, Ғиждувонга келадиган меҳмонларга меъморий биноларни томоша қилишдан ташқари, гастрономик туризм, ёввойи табиат жуда қизиқ, — дейди тадбиркор. — Уларни овга олиб чиққанимизда, кўпчилиги сувнинг лабида ёки саҳронинг ўртасида таом пиширишни истайди. Бунинг учун барча шароитни яратганмиз. Меҳмонларимиз маза қилиб дам олиб қайтишини истаймиз. Чунки ҳар битта келадиган сайёҳ — бу инвестиция, даромад манбаи. Дунёда туризм ривожланиб бораётган ҳозирги даврда биз ўз имкониятларимиздан юқори даражада фойдаланиб, кўпроқ сайёҳларни жалб қилишга интилишимиз керак. Бунинг ортидан ҳудуд ҳам, одамларнинг турмуш тарзи ҳам ривожланади.

    Иқлима опа кўп тармоқли тадбиркор бўлиб, аниқ бир йўналишни танлаб ўтирмайди. Шунчаки, ўзига маъқул келган ишни иштиёқ билан бажаради, бошлаган ишини охирига етказмагунча қўймайди. Фаолияти кенгайиб бориши ортидан 40 дан ошиқ кишини иш билан таъминлаган. Фаол тадбиркор сифатида турли танловлар ғолибасига айланиб, эътироф этиб келиняпти. У бундан янада кўпроқ куч, рағбат олади: “Биздаги каби тадбиркорларга бўлган эътибор бошқа бирорта давлатда бўлмаса керак. Алоҳида ҳимоя, қўллаб-қувватлаш, имтиёзларни кўриб, қандай қилиб ишламаслик мумкин. Инсон ўзини шу ҳудудга оид деб билдими, бўлди, ўша жойни яхшилашга ҳаракат қилса, кўпчиликка фойдаси тегади. Мен ғиждувонликларда шу туйғуни кўраман. Тумандошларим орасида тадбиркорлар жуда кўп. Уларнинг бари мен каби давлатимиз бой бўлсин, халқимиз тўкин-сочинликда яшасин, турмуш шароити яхшилансин, деган мақсадда эканига ишонаман”.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири