Келажакнинг яшил энергияси: янги кашфиётлар сари

    Фикр 28 декабр 2024 296

    Бугун инсоният янги таҳдидлар олдида турибди. Ер шари аҳолиси муттасил кўпайишда давом этяпти, табиий ресурслар захираси эса шиддат билан қисқармоқда.

    Инсоният антропотсен даврига кирди. Бу инсон Ер сайёрасида содир бўлаётган макрофизик жараёнларга таъсир қила бошлаганидан далолат беради. Бугунги кундаги экологик муаммоларнинг аксарияти энергия истеъмоли билан бевосита боғлиқ. Иқтисодий манфаатлар нуқтаи назаридан қизиқарли, лекин айни пайтда атроф-муҳитга зарар келтирмайдиган энергия олиш ва ундан фойдаланишнинг истиқболли усуллари мавжуд. Шу боис дунё бўйича катта куч билан яшил энергетик (қайта тикланувчи энергия манбалари) тизимига ўтишга урғу берилмоқда. «Яшил», қайта тикланадиган ёки муқобил ресурслар — бу анъанавий энергиянинг ўрнини босмайдиган лекин уларни тўлдирадиган ва улардан фойдаланиш натижасида экологик хавфларни камайтирадиган табиий энергия манбалари.

    Сўнги йилларда мамлакатимизнинг «яшил энергетика»га жадаллик билан ўтиши, аввало, минтақада экологик мувозанатни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳолининг энергияга бўлган эҳтиёжини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзининг тўрт фаслли бетакрор табиати, ер ости ва усти нодир бойликлари билан етти иқлимга маълуму машҳур бўлиб келган бўлса, эндиликда унинг янги ноёб хусусиятлари — офтобли осмони, шамолли кенгликлари, тезоқар дарёлари, биологик манбалари ҳам шуҳратини янада оширишга хизмат қилмоқда. Ўзбекистон яқин йилларда аниқ режа ва қатъий саъй-ҳаракатлар орқали «яшил энергия»ни Марказий Осиё ва Европа мамлакатлари бозорига ҳам етказиб бериш бўйича пешқадам бўлмоқда.

    Шу ўринда таъкидлаш керакки, жорий йил 13 декабрда Халқаро конгресс марказида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида энергетика соҳасида янги қувватларни ишга тушириш ва навбатдаги лойиҳалар қурилишига старт бериш маросими бўлиб ўтди. Унда давлатимиз раҳбари энергетика соҳасидаги янги объектлар ва лойиҳаларни ишга тушириш юзасидан нутқ сўзлади. Жумладан Ўзбекистонда илк бор Андижон ва Фарғонада 300 мегаваттли йирик сақлаш тизими барпо этилганлиги ҳамда Бухоро, Навоий, Наманган ва Тошкент вилоятларида салкам 2,3 минг мегаватт қувватга эга 5 та қуёш ва шамол электр станцияси ҳамда 5 та юқори кучланишли подстанция ишга туширилиши, Қашқадарёда 400 мегаваттли электр станцияси, Тошкент шаҳрида замонавий когенерация қурилмаси, Андижон, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида 4 та кичик ГЭС фойдаланишга топширилаётганлиги таъкидланди.

    Шу билан бирга, «яшил энергетика» соҳасига хусусий секторларни янада кучайтиришга чақирди. Шу куннинг ўзида давлатимиз раҳбари томонидан юртимизнинг қатор ҳудудларида қуёш ва шамол электр станцияси, юқори кучланишли подстанция, йирик сақлаш тизими, замонавий когенерация қурилмаси ҳамда кичик ГЭСлар ишга туширилди. Хусусан, Саудия Арабистонининг «ACWA POWER» компанияси томонидан Пешку ва Ғиждувон туманларида ҳар бирининг қуввати 500 МВтдан бўлган шамол электр станцияларининг дастлабки босқичидаги 200 мегаватт қувватлар тармоққа уланди. Ушбу обектларнинг қурилиши доирасида 2500 нафардан ортиқ хорижий ҳамда маҳаллий мутахассислар ва ишчи ходимлар ишлаб келди. Шамол электр станцияларини ишга туширилиши ҳамда обектларнинг тўлиқ фойдаланишга топширилиши натижасида Марказий Осиё минтақасидаги энг йирик шамол энергияси лойиҳаларига айланади. Иншоотнинг тантанали очилиш маросимида Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов, «ACWA POWER» компанияси, Пешку ва Ғиждувон туманлари мутасаддилари, фаоллар ва нуронийлар иштирок этди.

    Эндиликда эса республикамизнинг қуёш энергияси салоҳиятини баҳолаш бўйича тадқиқотлар ўтказишда, ушбу энергетикани диёримизда равнақ топтиришга қаратилган изланишлар олиб боришда молиявий мадад берилмоқда. Хусусан Бухоро муҳандислик-технология институтида олимлар томонидан «яшил тараққиёт» тамойиллари, яшил энергетика бўйича илмий инновацион лойиҳалар яратилиб саноат ва ишлаб чиқаришга жорий қилинмоқда. Хусусан энергия истеъмоли объектларини «Яшил энергетика»га ўтказиш учун самарадор рағбатлантириш тизимини ишлаб чиқилди ва жорий қилинди. Бухоро Аму-Бухоро магистраль канали сув ҳавзасидаги насос қурилмаларида мини ва микро ГЭС лар ўрнатиш имкониятлари ўрганилиб, саноат намунасидаги қурилмалар яратилди. Қуёш панелларини иш самарадорлигини ошириш ва нуқсонларни диагностика қилиш бўйича мониторинг тизими ишлаб чиқилди. Бино ва иншоотларнинг электрон энергетик паспорти ишлаб чиқилди ҳамда вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси билан ҳамкорликда 37 та техникумни босқичма босқич энергетик аудитдан ўтказилди. Қуёш электр станцияли электр таъминоти тизимида актив ва реактив қувват балансини назорат қилиш мониторинги ва қурилмаси яратилди. Энергия тежамкорлиги ва энергоаудит бўйича инновацион лойиҳалар, «Кичик тўғонларда фойдаланишга мўлжалланган вертикал ўқли микрогидроэлектрстанция» қурилмаси яратилди. Каналлардаги сув тезлиги бўйича кичик гидроэлектрстанцияларни лойиҳаланиб, уларни насос станциясини ўз эҳтиёжи учун электр энергияси ишлаб чиқариш учун жорий этилди. Фотоэлектрик батареяларнинг энергетик параметрларини мониторинг ва диагностика қилиш қурилмаси жорий этилди.

    Энергия олиш масаласи замонавий цивилизация учун энг долзарб масалалардан биридир. Яшил энергия сўнгги 5-7 йил ичида ҳақиқий тенденцияга айланди. У кўплаб мамлакатларни углеводородга қарамликдан қутқариш учун мўлжалланган. Бундан 10 йил олдин яшил энергияга сармоя киритиш фойдалими ёки йўқми деган саволга кўпчилик мутахассислар салбий жавоб беришган. Энди вазият кескин ўзгариб, узоқ муддатли сармоя киритиш учун қулай шароитлар яратилди. Оптимистик прогнозларга кўра, 2040 йилга келиб яшил энергия нефть ва газни тўлиқ алмаштиради. Бу нима эканлигини ва иқтисодиётнинг ушбу ўсиб бораётган секторига сармоя киритиш орқали қандай қилиб пул ишлашни билиш инвесторлар учун фойдали бўлади.

    Ўзбекистонда 2025 йил «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йили» деб эълон қилинди. Шунингдек ҳукумат йил номида белгиланган энг муҳим вазифалар бўйича давлат дастурини ишлаб чиқиши белгиланди. Ушбу дастурда «яшил» технологияларни жорий этиш, сувни тежаш, кўкаламзор ҳудудларни кескин кўпайтириш, Орол фожиасининг оқибатларини юмшатиш, чиқиндилар муаммосини ҳал қилиш, энг муҳими, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш каби масалалар устувор аҳамият касб этиши зарурлиги таъкидланди. Келгуси йилда экологик муаммолар ечимига эътибор берилиши экологик барқарорлик ва аҳоли саломатлиги билан боғлиқ долзарб масаладир. Бу мамлакатимиздаги барча ислоҳот ва саъй-ҳаракатлар инсон қадрига қаратилганлиги далолатидир.

    Инсоният ҳаётий жараёнлар, ишлаб чиқариш, иш, инфратузилма ва ҳоказоларни қўллаб-қувватлаш учун жуда катта энергияга муҳтож. Сайёрамизни сақлаб қолиш учун дунё яшил энергия ва углерод нейтраллигига қараб ҳаракат қилиши керак. Агар биз нарсаларга реал қарайдиган бўлсак, бу ерда ва ҳозирда қазиб олинадиган ёқилғидан тўлиқ воз кечиш ҳатто технологик жиҳатдан ривожланган ва атроф-муҳитга эътиборли мамлакатлар учун ҳам ҳаёлийдир. Сабаби етарли, ишончли, илмий ва ҳаётий база ишлаб чиқариш қувватини яратмасдан туриб, тоза энергияни ҳақиқатга айлантириб бўлмайди. Ишончим комилки, давлатимиз раҳбари томонидан энергетика соҳасида яратиб берилган имкониятлар натижасида биз олимлар янада янги тажриба-синов ва инновацион лойиҳалар яратамиз.

    Садоқат Сиддиқова,

    Бухоро муҳандислик-технология институти ректори

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates