Гўёки, Катта Фарғона каналининг зилол сувлари ҳам ана шу қувончли хабардан, тараддуддан мавжланиб, ташриф буюриши кутилаётган азиз меҳмонлар исмини такрорлаётгандек: Ўзбекистон халқ ҳофизи Жўрахон Султонов, моҳир созанда ва бастакор Ғанижон Тошматов, андижонлик сўз усталари Абдулҳай Қозоқов ва Раҳмонқул Умаровлар, қўқонлик аскиячилар Одил Норматов, Ғойиб Тошматов ва Муҳиддин Дарвешовлар...
Мажнунтоллар остидаги супаларга жойлар ҳозирланиб, паловхонтўра дамланмоқда. Тўрқовоқлардаги беданаларнинг сайроғидан диллар маст... Ва ниҳоят... Аския кечасини Ўзбекистон халқ артисти Жўрахон Султонов “Ашула” пайрови билан бошлаб берди:
– Ғойиб тоға, туппа-тузук кетмон чопадиган йигитсизу... ўзингизни салқинга қўйиб, кампир-хотинларни далага чиқариб, шийпонда ашула қилиб ётармишсиз “Онам дерман” деб...
– Ҳа, нима қилайлик, ҳофиз, энди кексайиб қолдик. Мана Абдулҳайни қаранг, билаги кучга тўлган, айни гуллаган чоғи... далага чиқиб меҳнат қилаётган одамларни кўриб вижоди қийналса бўларди “На инсонман, на ҳайвонман”, деб...
– Одил ака, сиз ҳам кейинги пайтларда жуда устаси фаранг бригадир бўлиб кетяпсиз. Иккита комиссия келса ваҳимага тушиб ўлиб қоласизу яна бу ёққа келиб мақтанасиз “Индамади” деб...
Бугунги Марғилон. 2021 йил 28 сентябрь. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев улуғ санъаткорларнинг номларини абадийлаштириш мақсадида Марғилон шаҳар боғи ҳудудида уларнинг бюстлари ўрнатилиб, “Санъаткорлар боғи” барпо этилишини маълум қилди. Бу хабар нафақат фарғоналик, балки юртимиздаги кўҳна меросимизга, миллий қадрият ва анъаналаримизга бефарқ бўлмаган барча инсонларни тўлқинлантириб юборди. Яна гўзал водий боғларида аския кечалари тез-тез ташкил қилина бошлади.
Саҳнага Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Муҳаммадсиддиқ Шераев ва унинг шогирдлари Абдулла Акбаров, Ҳотамжон Тешабоев, Мансуржон Охунов, Баҳодиржон Шокиров, Анваржон Неъматаминовлар кириб келишганида йиғилганлар уларни ўринларидан туриб давомли қарсаклар билан кутиб олишди.
– Ассалому алайкум, азиз меҳмонлар, – дейди Муҳаммадсиддиқ Ширяев. – Мана, 2023 йил 17 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республикада миллий аския ва қизиқчилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Ҳотамжон, Мансуржон, Баҳодиржон, закий халқимиз миллий қадриятларига, юксак санъатига бундай эътибор бизга жуда катта илҳом бағишламоқда. Шундай эмасми...
– Албатта, устоз. Айниқса, мақом ва аския санъатини ривожлантириш бўйича чиройли қарорлар эълон қилиниб, халқаро анжуманлар, танловлар ташкил қилинаётгани бизни қувонтиради.
– Биласизларми, – дейди Муҳаммадсиддик Ширяев аския шинавандаларига юзланиб. – Мумтоз қўшиқларимизни, аския санъати дурдоналарини эшитганимда ота-боболаримизнинг бир гапи эсимга тушади: “Қайси одамнинг қалбида дарди бўлса, бундай ашулаларни, аскияларни эшитганида “дооод” деб юборади”. Мен 2021 йилдан бери ичимга сиғмай хурсанд бўлиб юрган эдим. Президентимиз Фарғонага ташриф буюрганида Аския марказини очиб бераман, дегандилар. Мана ҳозирги кунда республикамизда нафақат Ўзбек миллий мақом санъати, Республика бахшичилик санъати марказлари, балки Республика аския ва қизиқчилик санъати маркази ҳам фаолият олиб бормоқда.
– Устоз, биз бу кунларни қанчалар орзиқиб кутганмиз, – дейди шогирдлар. – Мана, Фарғона санъат коллежида аския мактаби очилди. Устозларимиздан ўрганган бор маҳоратимизни болаларга ўргатяпмиз. Келинг, устоз, энг улуғ ва энг азиз байрамимиз шодиёналари бошланган шундай онларда кечамизни “Ашула” пайрови билан бошлайлик!
– Эҳ, нимасини айтасиз, замонамизда бўлаётган ишларни кўриб туриб бир қўшиқни бошлагим келяпти-да, “Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор” деб...
– Оҳ-оҳ, ўзиям бугунги файзни, мана шу даврага йиғилган отахону онахонларимизни, паҳлавон йигитлару гўзал қизларни кўриб туриб “Шунча бўлурми, ҳай-ҳай” дегингиз келяптия, устоз, – дейди Ҳотамбой Тешабоев лутф кўрсатиб...
Даврани олтиариқлик сўз устаси Абдуалла Акбаров ҳар доимгидек “қитмирлик” билан илиб кетди:
– Устоз, мен доим шогирдларингизга айтаманки, “Ашула айтадиган бўлсаларинг устоздан ўрнак олиб мумтоз қўшиқлардан айтинглар, фонограммани қўйволиб битта сўзни йигирма марта қайтарадиган бўлсаларинг зукко шинавандалар дарҳол дашном беради “Бўлдие, “Қилпиллама”, деб...
Мақоламизнинг худди мана шу жойига фонограммага ёзиб олинган кулги овозларию қарсакларни қўйишимиз шарт эмас, чунки бу ҳозиржавобликдан кейин томошабинлар санъаткорларни олқишларга кўмиб юборишди.
Юсуфжон қизиқ тан берган ўтинчи чол ҳикояси
Халқ ижодида ўзига хос ўрни бўлган, хусусан, Фарғона водийсида кенг тарқалган аскияга болалигимиздан меҳр қўйганмиз. Тўйлар, сайил ва томошалар аскиясиз ўтмасди. “Гулмисиз, райҳонмисиз, жамбилмисиз?” деб бошланадиган икки гуруҳнинг тараф-тараф баҳси, сўз ўйинларию қизиқ-қизиқ ҳангомаларидан юракдан отилиб чиққан қаҳ-қаҳали давраларнинг файзи бошқача-да...
– Ана шундай файзли давраларнинг бирида устозимиз Юсуфжон қизиқ Шакаржонов бизга насиҳат қилиб бир ҳаётий латифани айтиб берган, – дейди Мамасиддиқ Шераев. – Устоз 5-6 та ошналари билан кўчада ҳангомалашиб турса, эшакаравага ўтин юклаган бир чол келиб қолибди. “Уста бува, ўтинингиз қанчадан энди?” деб сўрабди Юсуфжон қизиқ. “Атиги бир танга, яъни йигирма тийин, қиммат эмас,” депти чол. Шунда устозимиз “Ие, бува, эшакараваси биланми?” дебди атай... Бу гапдан кейин бироз жаҳли чиққан ўтинчи “Йўқ, эшшаксиз, Юсуфжон!” деб кетиб қолган экан. Аввалига бу жавобни атрофидаги шериклари унча англамабди. Устоз қайтадан ўтинчи билан бўлган суҳбатни айтиб бергач, роса кулишган ва оддийгина чолнинг заковатига тан беришган экан. Юсуфжон қизиқ ушбу латифани шогирдларига айтиб бўлгач “Ҳеч қачон зўрман деб кибрга берилманглар, ҳамиша саҳнада кутилмаган аскияларга тайёр туринглар. Оддий халқ ичидан чиққан одам ҳам зўр жавоб бериб мот қилиб қўйиши мумкин”, дея тайинлаган эди.
Устозларнинг ўзига хос сабоқлари ҳақида гап кетганида Абулқосим Тўйчиевнинг набираси Сарвар Тўйчиев айтиб берган мана бу воқеани ҳам келтириб ўтишни жоиз деб билдик:
– Бобом билан бозордан қайтаётганимизда такси тўхтатдилар. Кейин устозлариникига бирма-бир кириб бозордан олган нарсаларимизни улашиб чиқдик. Ва ниҳоят машина эшигимиз тагига келиб тўхтади. Бобом у ёқларини ковладилар, бу ёқларини ковладилар охири костюмларининг чўнтагидан камроқ пул топиб шофёрга узатдилар. Роса айланиб келганимиз учун шофёр ҳайрон бўлиб “Шунча юрдигу, отахон, бу каму, каму”, деса, бобом сира ўзларини бузмай “Тебе, тебе” дедилар. Ўшанда шофёр ўзини тутолмай кулиб юборган ва бобомнинг ҳозиржавоблигидан завқланиб биздан рози бўлиб кетган эди.
Америка сўзи ўзбекчадан олинганми?
Абулқосим Тўйчиев билан боғлиқ бу латифани эшитгач, Абдулла Акбаровнинг ҳам бир латифаси эсига тушиб кетди. Қани, эшитайлик-чи...
– Бизнинг тилимизга чет эллардан кўп сўзлар кириб келгани каби чет элликлар ҳам бизнинг кўп сўзларимизни ўзлаштириб олган, – дейди Абдулла қизиқ. – Масалан, Америка сўзи ҳам ўзбекча сўздан олинган. Христофор Колумбдан олдин Абу Райҳон Беруний бобомиз : “Ана шу океаннинг орқасида бир қуруқлик бор”, деганидан кейин бизнинг қадимий ўзбеклар Америкага бориб ёввойи ҳиндуларга яшашни ўргатган. Христофор Колумб бундай бориб қараса... дўппиларди кийвоган, пичақларди тақвоган битта ўзбек ҳиндуларни бошқариб юрганмиш. Колумб ҳайрон бўлиб ҳиндулардан “ким бу?” деб сўраганда ҳиндулар “Амир ака”, деган-да... кейин ўша Христофор Колумб орқага қайтиб келаётса яна икки нафар ўзбек айланиб юрган экан. Колумб улардан: “Бу қанақа жой?” деб сўраганида, “Сен гапир!” деган улар бир-бирига ташлаб. Шундан кейин Христофор Колумб: “Ҳа, бу ер Сингапур экан”, деган, ишановринг...
Қолаверса, анави “калькулятор” сўзиям ўзбекчадан келиб чиққан-да... Жаҳон олимлари йиғилволиб “Электрон ҳисоблаш машинасини яратамиз” деб ўйланиб ўтиришганда олимларнинг ичида ўзбек олими бўлган. У жуда ақлли бўлгани учун кал бўлган-да... Ўша олим бошқа олимлардан олдинроқ ЭҲМ ни яратиб қўйиб қолган олимларга қараб тиржайиб ўтираверган. Кейин қолган олимлар унга қараб “Кал кулаётир, биздан олдин кашф қилиб қўйдиёв”, дейишган.
Энди... футболдаги “абсайт” сўзи ҳам ўзбекчадан келиб чиққанини айтиб қўйсам... Инглизлар Ўзбекистонга келишганида бизнинг ўзбек йигитлари футбол ўйнаб юришган бўлган. Футболчиларнинг ичида эпчил, чаққон ҳужумчи бўлган. Унинг оти Абдусаид бўлган. Ўша йигитнинг тўпдан олдинга тушиб нариги дарвозанинг олдига бориб олаверадиган одати бўлган. Шу боис судья “Қайт, Абдусайид, қайт”, деяверган. Буни эшитган инглизлар “Ҳа, ўйиндан ташқари ҳолат бўлса “абсайт” бўларакан”, деган. “Аут” сўзи ҳам ўзбекчадан келиб чиққан. Тўп чизиқдан нарига ўтиб кетганида судья чеккада турган болага қараб “об ўт”, деган.
Абдулла қизиқнинг бу латифалари Ўзбекистон халқ артисти Эргаш Каримовнинг мана бу гапларини ёдимизга солди: “Ўзингизда қолар гап йўқ. Абдуллажон ўсиб улғайган Олтиариқ турпу бодринги билан ном қозонган. Олтиариққа бориб қолсангиз қаёққа қараб қолсангиз ҳали турпу... ҳали бодринг...яна турп...яна бодринг...томорқаларни қўйинг симёғочгача турпу мўригача бодринг...олтиариқликлар бу маҳсулотларни бутун ўзимизнинг юртимизу қўшни республикаларда машҳур қилиб улгурганлар. Абдуллажоннинг ўзига ўхшаган қитмир қаҳрамонлари эса унинг бир латифасида айтилганидек, бодрингу турпини космосда пуллаб юрганимиш. Бу ҳақда радио, телевизор гапирса газета журнал ёзса ишонмайсиз. Лекин қизиқчининг ўзи гапириб берганда ўйлаб қоласиз. Кулгу ва сўз санъатида ўз сўзи ва йўлини топиш, узоқни кўзлаш деганлари мана шу-да!”
Лақаб деганлари бежиз қўйилмас экан-да...
Мабодо сиз аскиячилар даврасига ярмидан қўшилиб қолсангиз уларнинг баъзи қочиримлари ва ўхшатишларига тушунмай қолишингиз табиий. Чунки аскиячиларнинг даврасидаги ҳазиллар кўпроқ одамларнинг лақабларига кўра айтилади, “нишонга олинади”.
– Масалан, маҳаллангиздаги Солибойни тўйга борганида ит талаб қолган бўлиши мумкин, – дейди Абдулла қизиқ Акбаров. – Шундан сўнг унга ошнолари, дўстлари “ит” деб лақаб қўйиб олишади. Ва қайси даврага кириб борса ит ҳақидаги аскиялар, ҳангомалар ўз-ўзидан бошланиб кетаверади. Бир куни менга ҳам лақаб қўйиб олишгач, устозимиз Муҳаммадсиддиқ Шераевдан лақаб қўйиш одати қандай пайдо бўлгани, шу одатнинг қандай яхши томонлари борлиги ҳақида сўрадим.
– Бизнинг Фарғонада ҳар битта одамнинг лақаби бор, – дедилар устоз “жабр кўрган бир сен эмас” дегандек жилмайиб. – Хўш, нима учун лақаб қўйиш одати пайдо бўлган? Ўзинг ўйлаб кўр, ота-боболаримз жуда зукко ва ақлли бўлишган. Чойхонада, улфатчиликда, тўйларда ўтирганда одамлар фисқу фасод ҳар хил гапларни ковлаб гапиргандан кўра бир-бирининг лақабига ишора қилиб айтолмаган гапларини гапириб ҳазиллашиб ўтирсин дейишган-да...
Владимир Винокур: “Бу санъатнинг талаби қаттиқ”
Маълумотларга кўра, “Аския кеча”ларида 30 минг нафаргача одам йиғилади. Ресторан, чойхона ва қаҳвахоналарда аскиячилар учун олдиндан жой ажратилиб, ҳатто овқатларгача буюртма бериб қўйилар экан. Пандемия даврида ҳам аския устаси, Муҳаммадсиддиқ Шераев ва унинг шогирлари Марғилон шаҳридаги “Мусиқий мақом ва аския” театрида мунтазам равишда томошабинларсиз концертлар ўтказиб туришган.
– Аския санъати фақатгина бизда – Фарғона водийсида ривожланган санъат тури эканлигини Россия халқ артисти Владимир Винокур ҳам тасдиқлаган. У бир куни “Водиллик келин” фильмидаги аскиячилар гурунги акс этган лавҳани кўриб қолибди. Ва ниҳоятда таъсирланиб “Аския санъати доимий ҳозиржавобликни талаб қиладиган фақатгина Фарғона водийсига хос бўлган беназир санъат эканлигидан яна бир бора ҳайратга тушдим. Айни пайтда аския санъатининг моҳир устаси Муҳаммадсиддиқ Шераев ўз шогирдларини тарбиялаётганидан мамнунман”, деб ёзибди бир нуфузли электрон нашрларнинг бирида. Бу эътирофни ўқиб роса хурсанд бўлдим.
Муҳаммадсиддиқ Шераевнинг таъкидлашича, ўз вақтида яна бир таниқли қизиқчи Аркадий Райкин Ўзбекистон халқ артисти Юсуфжон Қизик Шакаржоновни ўзининг устози сифатида тан олган, ҳурмат қилган ва эъзозлаган. Ундан аския, миниатюра санъати сирларини ўрганган ва кейинчалик ўзи Сатира театрини очган. Совет киноси ва циркининг яна бир афсонаси Юрий Никулин эса аренада бирга ишлаганида уста Юсуф Қизиқдан қизиқрли сабоқлар олганини фахр билан эътироф этган.
Асосий мақсад кулдириш эмас, тарбиялашдир
Бугун ёшлар ҳазил-мутойиба, масхарабоз ва аския устасининг фарқини билишяптими? Бу саволимизга Абдулла Акбаров шундай жавоб берди:
– Ҳазрат Алишер Навоий аския ва ҳазиллар ҳақида сўзлаганида қизиқчилар сўзлаётган воқеликлар меъёридан чиқиб одамлар ахлоқига таъсир қила бошладими бундай ҳолатдан кулиш эмас, йиғлаш кераклигини таъкидлаб ўтган. Ҳозирги ёшларимиз аския илоҳий санъат эканлигини англаши керак. Бу жанр устаси тилнинг кенг имкониятларини – сўз ўйини, ҳазил, ташбеҳ, киноя, омонимлар ва муболағани мукаммал эгаллаши керак. Аския ҳар доим тайёргарликсиз саҳнага чорлайдиган санъатдир. Мавзу белгиландими – сиз ўша заҳотиёқ барчанинг кўз ўнгида ижод қила бошлайсиз. Бунинг учун сизнинг дунёқарашингиз кенг, билимингиз пойдевори жуда мустаҳкам бўлиши керак.
Мана, айталик, саҳнада “Ўзбек халқ мақоллари” мавзуси белгиланди. Ўша заҳотиёқ халқ оғзаки ижоди борасидаги барча маълумотлар, тушунчаларингиз иш бера бошлайди.
***
Абдулла қизиқ: Муҳаммадсиддиқ ака, шу Ҳотамбойингиздан озгина ранжиган жойим бор-да...
Муҳаммадсидиқ Шераев: Нимага?
Абдулла қизиқ: Чунки бу шогирдингиз сиздан кўп насиҳатлар эшитади-ю, ҳеч айтганингизни қилмайди-да. Шундай пайтда халқимизнинг бир мақоли эсимга келади-да. “Яхши отга бир қамчи, ёмон отга минг қамчи”.
Муҳаммадсиддиқ Шераев: Абдуллажон, мен Ҳотамбойдан эмас, Баҳордиржондан хафаман. Бирон жойда ишламайди, оиласига майда-чуйда қилиб бермайди. Кўчада озгина ичиб унинг жиғига тегади, бунинг жиғига тегади. Шунақа одамларга ота-бувамиз бекорга бир ажойиб мақоллар айтмаган-да: “Оч баччағардан қоч баччағар”, деб...
Ҳотамбой Тешабоев: Икковимиздан хафа бўлманг, устоз, “Катта арава қайдан юрса, кичик арава ҳам шундан юрар”.
Муҳаммадсиддиқ Шераев: Э, ота-боболаримизнинг шундай ажойиб мақоллари борки, уларни бугунги кунда интернетдан ҳам тополмаймиз, тўғрими, мен сизлардан хафа эмасман ҳаммангиз ажойиб шогирдсизлар – “Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир”сизлар-да...
***
– Устозимизнинг яна бир одатлари бор, – дейди Абдулла Акбаров. – Қайси даврага кириб борсак, энг аввало ўша даврада аёллар кўпми ёки эркакларми шунга эътибор беринглар, деб тайинлайди. Агар даврада аёллар ва болалар кўп бўлса, мавзулар ҳам шунга қараб белгиланади.
Қизиқчиликнинг ревизияси йўқ!
Оҳунжон қизиқнинг танишларидан бири кўчада ҳол-аҳвол сўради.
– Оҳунжон ака, ишларингиз қалай?
– Э ука, қалай нимаси, олтин!
– Ростдан-а?
– Ҳа-да! Қизиқчиликнинг ревизияси бўлмагандан кейин ёмон бўлармиди?
Бироқ... сизни биров назорат қилмагани билан сўз устаси ўз номи билан сўз устаси-да... Демак, тинимсиз изланиши, китоб ўқиши, мақол ва шеър ёдлаши, керак бўлса кечаси билан ухламай ёзиб чиқиши талаб этилади. Абдулла қизиқ ҳам ушбу фикрларни тасдиқлаб шундай деди:
– Мутолаа энг севимли машғулотим. Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов айтганидек: “Ўзбек аскияни унутса, дўстона ҳазилларни эсдан чиқарса, Сўзнинг латофатини англамай қолса – бу фалокатдир!”. Устоз шоиримизнинг “Сўз латофти” номли китобини варақласангиз, фахр билан ёзилган мана бу мулоҳазалардан илҳомланиб кетасиз: “Олимлар, топиб беринг, қайси тилда қуёшнинг ўндан ортиқ исми бор! Қайси тилда осмонни камалак рангларидек етти хил ном билан атайдилар? Осмон, фалак, само, чарх, гардун, фазо, кўк… Арш, даввор, мину сингари кам ишлатиладиган хос сўзлар ҳам саналса рўйхат янада узаяди.”
Эркин Воҳидов табиатига хос юмор туйғуси ижодига ҳам кўчган. Майин, беозор кулги асарларини янада мароқли қилган. Мана, шоирнинг икки сатри:
Қалбга гар истарсан ором, бўл ёмон сўздан йироқ,
Карвалол ичмоқ керакмас, кар ва лол бўлмоқ керак.
Азиз газетхон, биз ҳам ушбу суҳбатимиз хулосаси учун устоз шоиримизнинг мана шу мисраларини танладик:
Истаймизки, қувнок кулгининг
Жарангига кўмилсин олам.
Нега кулмас эртанги куннинг
Ишқи билан яшаган одам.
Истаймизки, қалбларимизни
Чулғамасин ғам-қайғу бир зум.
Бир нафас ҳам лабларимизии
Тарк этмасин ёруғ габассум...
Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири