Юқори сифатни таъминлаш – халқаро нуфузга эришишнинг ягона ечими

    Мамлакатимиз бугун барча соҳада чуқур ислоҳотлар майдонига айланган. Бу жараёнда ижтимоий соҳанинг асоси ҳисобланган таълим тизимидаги ўзгаришлар муҳим ўрин тутади.

    Илм-фан тараққиётининг ҳар қандай ютуғи инсоният мушкулини осон, муаммоларини ҳал этишга хизмат қилиши керак. Ислоҳотлар натижасида таълим тизимининг барча босқичини замонавий талаблар асосида ташкил этиш бўйича амалий ишлар ҳал қилувчи босқичга кирди.

    Тараққиёт ёш авлод таълим-тарбияси, замон талабига мос билимларни чуқур эгаллаган мутахассислар малакаси билан чамбарчас боғлиқ. Янги давр авлодини тарбиялаш, дунёқарашини кенгайтириш олий таълим муассасалари зиммасидаги муҳим масаладир.

    Етук малакали кадрлар етиштириш борасида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Жиззах филиалида муайян ишлар бажарилди. Жумладан, ўқув-илмий лойиҳаларни амалга ошириш, таълим ва илмий изланишлар жараёнига мутахассисларни кенг жалб этиш учун маҳаллий ҳамда хорижий етакчи олий таълим муассасалари, илмий марказлар билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилди.

    Бугун филиалда 2 та факультет, 10 та кафедра, 16 та бўлим ва сектор, 10 та марказ фаолият юритяпти. Ўнта илмий ва стартап лойиҳа доирасида тадқиқот олиб борилмоқда. Жумладан, “Нутқ сигналлари асосида овоз ва матнни таниб олиш, қайта ишлаш орқали стенограммаларни шакллантирувчи “Sound and text transcript” интеллектуал дастурий маҳсулотини ишлаб чиқиш” мавзусида давлат гранти лойиҳаси бажарилмоқда. Лойиҳада асосий эътибор нутқ ва матнни қайта ишлаш ҳамда таниб олишнинг янги
    усул ҳамда алгоритмларини ишлаб чиқишга қаратилган.

    Ўтган йили филиал профессор-ўқитувчиларининг 500 га яқин илмий мақола ва тезислари маҳаллий ҳамда хорижий нуфузли нашрлар, Scopus, Web of Science базаларидаги журналларда чоп этилди, халқаро анжуманларда муносиб баҳоланди. Бундан ташқари, 24 та дастур учун гувоҳномалар олинди. Замонавий ўқув адабиётлар билан таъминлаш мақсадида 29 дарслик, 43 ўқув қўлланма ва 12 монография яратилиб, таълим жараёнига жорий этилди. Айни пайтгача ишлаб чиқариш ташкилотлари ва корхоналар билан 20 та хўжалик шартномаси тузилган.

    Филиал инновацион стратегияга эга

    Глобаллашган ва ахборотлашган жамиятга ўтиш даврида дунё ҳар куни янги ва мураккаб муаммолар билан тўқнаш келмоқда. Уларга муносиб жавоб бера олиш учун биздан истиқболимизни белгилаб берувчи, аниқ мақсадларга йўналтирилган стратегияга эга бўлиш талаб этилмоқда.

    Ушбу стратегия истиқболли илмий-тадқиқот йўналишларининг замонавий тенденцияларига мос келиши, филиалнинг ўқув-илмий фаолиятини кучайтириш орқали глобал ва ҳудудий муаммоларни ечиш учун инсон капиталини ривожлантиришда салмоқли натижаларга эришиш, истиқболда халқаро эътирофга ҳамда интеграциялашувимизга имкон бериши зарур. Илмий тадқиқотларимиз ва профессор-ўқитувчилар компетенциясини янги босқичга олиб чиқиш учун хорижлик етакчи олимлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича олдимизга юксак мақсадлар қўйдик.

    Аввало, кўп тилли масофавий курслар, оммавий онлайн курслар очишни режалаштиряпмиз. Хорижий тилларда янги фанлараро дастурлар яратиш, рақамли технологиялар соҳасида жаҳон андазасидаги илғор илмий-тадқиқот лабораториялари очиш, ёш олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, халқаро даражадаги докторлик мактаби яратишни мақсад қилганмиз.

    Ижтимоий-иқтисодий ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида меҳнат бозори талабига мос, кенг тафаккурли, касбий ва ижтимоий ҳаракатчан, рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш ҳар бир ОТМнинг вазифаси. Шу маънода филиалда ЎзМУ анъаналарини сақлаган ҳолда, илмий кадрлар тайёрлаш, фундаментал илмий тадқиқотлар олиб бориш, давлат ва нодавлат ташкилотлар учун амалий ишланмаларни амалга ошириш йўлида изчил ишлар қилиняпти. Муассасада тадбиркорлик экотизими ва маданияти, бизнес компетенцияси, истиқболли технологик бозорларни шакллантиришга доир амалий ҳаракатлар бошланган ва давом этяпти.

    Бу борада фан тўгараклари ва марказлар талабалар учун янгидан янги билим эшикларини очаётир. Айни пайтда 500 дан ортиқ талаба ўз вақтини мазмунли ўтказмоқда. Айниқса, инкубация ва акселерация, робототехника ва радиоэлектроника марказлари кўплаб талабаларнинг қўшимча касб-ҳунар ўрганиши, ишлаб пул топишига хизмат қиляпти. Хусусан, 2021 йили очилган инкубация ва акселерация маркази кўплаб талабаларга имконият эшикларини очди.

    Илм орқали таълим бериш ўзини оқлайди

    Инсон капитали сифатини ошириш йўналиши бўйича ҳам олдимизга бир қанча мақсад қўйганмиз. Улардан бири 2026 йилгача хорижий илмий-педагогик кадрлар, жумладан, чет эл университетларида PhD илмий даражаси олган ўзбекистонлик олимлар улушини умумий илмий-педагогик кадрлар сонига нисбатан 10,2 фоиз оширишдир. Шунингдек, нуфузли рейтинг ташкилотларининг илғор 500 талигига киритилган етакчи университетлар ва бизнес компаниялари ходимларини филиалдаги раҳбарлик лавозимларига жалб қилиш, истиқболли кадрлар захирасини яратиш кўзда тутилган.

    Филиалдаги таълим сифатини дунё стандарти даражасига олиб чиқиш, аввало, илмий-педагогик кадрлар савияси, тажрибаси, энг долзарб илмий йўналишлардаги тадқиқотлари натижаси билан белгиланади. Зеро, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Сингапур, АҚШ каби мамлакатлар университетларида “Илм орқали таълим бериш” тажрибаси ўзини оқлади. Бу борада илмий-педагогик кадрларнинг академик мобиллигини ошириш, ўқув жараёнига хориж тажрибасини татбиқ қилиш, албатта, натижа беришини мазкур давлатлар мисолида яққол кўриш мумкин.

    Филиалнинг рақобатбардошлиги биз тайёрлаган мутахассисларнинг меҳнат бозоридаги аҳамияти ва зарурати билан белгиланади. Шундай экан, иш берувчилар, хусусан, хорижлик иш берувчилар билан ҳамкорликни ривожлантириш зарур. Бунинг учун 2022-2026 йилларда улар билан фаол ва тиғиз ишлаш имконини берувчи тизим ҳамда механизмлар яратилади. Иш берувчилар билан ҳамкорликнинг мажбурий шартларидан бири ҳар бир томоннинг аниқ манзилга эга бўлиши, ўзига хос жиҳат ва талабларидир. Бунда асосий эътибор битирувчиларни нафақат мамлакатимиз, балки чет элда ҳам ишга жойлаштиришга қаратилади. Ушбу саъй-ҳаракат филиалнинг соҳадаги рақобатбардошлигини таъминлашда яна бир салмоқли қадам бўлади.

    Таълим соҳасидаги истиқболли вазифалар ўзининг долзарблиги ҳамда амалий аҳамияти билан бошқа соҳалардаги ислоҳотлардан асло қолишмайди. Чунки ушбу соҳадаги ишлар инсон ресурсларини ривожлантиришга боғлиқ бўлиб, илм-фан, инновациялар ва уларни ҳаётга татбиқ қилиш юртимиз келажагини белгилаб беради. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Жиззах филиали ҳам келгусида юртимиз тараққиёти учун таълимнинг инновацион йўлини танлаб, юртимиз ва хорижнинг илғор технологияларни жорий қилиш орқали етук, мустақил фикрлайдиган ёшларни тарбиялашни мақсад қилган.

    Олим ТЎРАҚУЛОВ,
    педагогика фанлари доктори, профессор

    Мақола "Янги Ўзбекистон" газетасининг 82-сонида (2024 йил 30 апрель) чоп этилган.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates