Анжуман турк халқлари адабиётининг фахру ифтихорлари саналадиган улуғ шоир ва мутафаккирлар Низомий Ганжавийнинг 880 йиллик, Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги, Юнус Эмро вафотининг 700 йиллиги, машҳур оқин Жамбил Жабоевнинг таваллудига 175 йил тўлгани саналарига бағишланди. Мамлакат Миллий кутубхонаси залида Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон вакилларини, шунингдек, Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати аъзолари, таниқли давлат арбоблари, депутатлар, хорижий дипломатия идоралари раҳбарлари, зиёлилар, олим ва ёзувчиларни кўриш мумкин эди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси хабарига кўра, Кўргазмада Академия томонидан қозоқ тилида нашр этилган Низомий асарлари, “Юнус Эмро шеьрлари” (таржимон Светқали Нуржан), Алишер Навоийнинг “Муҳокамат ул-луғатайн”(таржимон Тўрали Қидир) ва бошқа китоблар қўйилган.
Мамлакат Парламенти Сенати раиси М.Ашимбоев, ўзбек шоири ва адиби Муҳаммад Али, озайбайжонлик таржимон Рамиз Асқар, Парламент Мажлиси депутати, адабиётшунос олим Савутбек Абдураҳмонов, таржимон Светқали Нуржан ва бошқа сўзга чиққанлар Шарқнинг мангу сўнмас юлдузлари бўлган улуғ аждодларимиз ҳақида руҳлантирувчи ва миннатдорлик сўзларини айтдилар.
Турк дунёсида маданий-адабий алоқаларни ривожлантиришга ўз муҳим ҳиссаларини қўшиб келаётган бир гуруҳ адиблар Халқаро Туркий академиясининг “Навоий олтин медали” юксак мукофоти билан тақдирланди. Мукофотланганлар орасида Амир Темурга бағишланган “Улуғ салтанат” роман-эпопеясини яратган Ўзбекистон халқ ёзувчиси, профессор Муҳаммад Али номининг борлиги адабиётимиз учун қувончли ҳодисадир. Бу адиб асарларини хорижда эътироф этилганига ёрқин мисолдир. Мукофотларни Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати Раиси М.Ашимбоев ўз эгаларига топширди.











