Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев бошчилигида 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида мактаб таълимини ривожлантириш масалалари бўйича белгиланган мақсадлар ва 28 январь куни мактаб таълимини ривожлантириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар бандида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига ҳам қатор мақсадли топшириқлар кўрсатиб ўтилди.
Хусусан, унда мактабларда, таълим муассасаларида ёшларни китобхонликка жалб қилиш, адабиётга қизиқтириш, улар ўртасида мушоира кечаларини ташкил қилиш, кутубхоналарни бадиий китоблар билан бойитиб бориш муҳим вазифаларимиздан бири эканлиги қайд этилган.
Ана шундай эзгу ишларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан 4 февраль куни пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги 202-сонли умумтаълим мактаби кутубхонасига бадиий китоблар топшириш маросими ўтказилди. Унда иштирок этган мактаб маъмурияти, педагог-ходимлар, ўқувчилар уюшма вакиллари Шоди Отамурод, Фозил Фарҳодга ўз миннатдорлигини билдирди, қувончини изҳор қилди.
Мазкур мактаб кутубхонасида шу пайтга қадар жами 1728та китоб бор эди. Шундан 964 таси бадиий адабиётлар. Энди кутубхона фонди Ёзувчилар уюшмаси томонидан чоп этилган 36 номдаги 250 дона бадиий-адабий китоб билан ҳам бойиди.
Маълумки, Ёзувчилар уюшмаси бир неча йилдан буён «Китоб карвони» лойиҳаси доирасида республика бўйлаб, умумтаълим мактаблари, таълим даргоҳларининг кутубхоналарига бадиий адабиётлар етказиб бермоқда. Бу эса ёшларни янги адабиётлар билан танишишларида, китобхонлик маданиятини, билим даражасини юксалишида, ижодга бўлган қизиқишини ортишида муҳим аҳамиятга эга. Навбатдаги тадбир ҳам ушбу мактаб ўқувчиларини ўқиб-ўрганишларида, бадиий адабиёт олами билан ҳамнафас бўлишларида улкан кўприк вазифасини ўтайди. Бу янги асарлар мактабнинг 76 нафар педагог ва 1053 нафар ўқувчисининг тафаккурини бойитишга хизмат қилади, деган умиддамиз.
Фозил ФАРҲОД,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
Ахборот хизмати раҳбари








