Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг янги босқичи

    Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш, уларнинг шахсий, ижтимоий, иқтисодий ва бошқа ҳуқуқларини қонунчиликда янада мустаҳкамлаш, одил судлов тизимининг чинакам мустақиллиги ва очиқлигини таъминлаш, ўз навбатида, тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш, мавжудларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонунчилик ҳужжатларини бекор қилишни тақозо этади.

    Бунда ўзгартирилаётган ёки янги кириталаётган норматив қоидаларнинг Конституциявий асосини яратиш эса мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг барқарорлигини таъминлайди.

    Ўтган беш йил давомида Ҳаракатлар стратегиясининг қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш устувор йўналиши бўйича белгиланган вазифалар ижросига эришилди десак, муболаға бўлмайди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонуни (2021 йил 28 июль) қабул қилиниши ҳамда судьяларни сайлаш ва тайинлаш тартиби, судьяларнинг мақоми, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, судьяларнинг ва улар оила аъзоларининг моддий ҳамда ижтимоий таъминоти ва бошқа шу каби Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган муҳим тадбирлар алоҳида қоида сифатида ушбу қонунда ўз ифодасини топди.

    ЎЗбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон Фармони билан тасдиқланган 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида “мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш” иккинчи устувор йўналиш сифатида мустаҳкамаланган бўлиб, мазкур йўналишда асосий мақсадлардан бири давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳисобланади.

    “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида “Ўзбекистон Республикасининг референдуми Ўзбекистон Республикасининг қонунларини ва бошқа қарорларни қабул қилиш мақсадларида жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан фуқароларнинг умумхалқ овоз бериши” белгиланган.

    Юқоридаги нормани амалда қўллаш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишда кенг жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди.

    Лойиҳада конституциямиз муқаддимаси, шунингдек, асосий принциплар, инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари, жамият ва шахс, маъмурий-ҳудудий ва давлат тузилиши, давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши, Конституцияга ўзгартириш киритиш тартибига оид муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар назарда тутилган.

    Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг XXII боби Ўзбекистон Республикасининг суд ҳокимиятига бағишланган бўлиб, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасида:

    Конституциянинг 109-моддаси 7-бандини қуйидаги мазмундаги
    7 ва 8-бандлар билан алмаштириш:

    “7) фуқароларнинг ва юридик шахсларнинг муайян ишда суд томонидан уларга нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш ҳақидаги шикоятларини кўриб чиқади;

    8) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан берилган ваколати доирасида бошқа ишларни кўриб чиқади”;

    Конституциянинг 111-моддаси биринчи қисмини қуйидаги таҳрирда баён этиш:

    “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг суд корпуси шакллантирилишини, суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминловчи мустақил органидир”;

    Конституциянинг 112-модда биринчи қисмидаги “одил судловни амалга ошириш борасидаги” деган сўзларни чиқариб ташлаш, мазкур моддани “Судьяларни алмаштириб бўлмайди. Уларнинг ваколатлари фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра тугатилиши ёки тўхтатилиши мумкин” мазмунидаги иккинчи қисм билан тўлдириш, “Судья ваколат муддати тугагунга қадар судьялик вазифасидан қонунда кўрсатилган асослар бўлгандагина озод этилиши мумкин” мазмунидаги қисмини чиқариб ташлаш;

    Конституциянинг 116-моддасини қуйидаги таҳрирда баён этиш таклиф этилган:

    “116-модда. Ҳар кимга малакали юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқ кафолатланади. Қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам бепул кўрсатилади.

    Терговнинг ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдамга бўлган ҳуқуқ кафолатланади. Жисмоний ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатиш учун мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш принципларига асосланган адвокатура фаолият кўрсатади. Адвокатурани ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби қонун билан белгиланади.

    Адвокат шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўз касбий вазифаларини амалга ошираётганда унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди”.

    Юқорида қайд этилган маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, мамлакатимизда бошқа соҳаларда бўлгани каби суд-ҳуқуқ соҳасидаги ҳам ислоҳотларнинг янги босқичи бошланмоқда ҳамда бу борада стратегик ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Лойиҳада келтирилган таклифлар фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончининг ортишига, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси, малакали юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлашга, қонунбузилиш ҳолатларини олдини олишга хизмат қилади.

    Ихтиёр Жўраев,

    ТДЮУ Ихтисослаштирилган

    филиали директори ўринбосари,

    юридик фанлар доктори, доцент

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates