Шу муносабат билан бугун ташкил этилган тантанали тадбирда давлатимиз раҳбарининг соҳа вакилларига табригини Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.
Қутловда темир йўл соҳасидаги ислоҳотларнинг самаралари алоҳида қайд этилди. Жумладан, жорий йилда Қорақалпоғистонни Хоразм вилояти билан боғлайдиган янги темир йўл ҳамда Амударё орқали муҳташам кўприк фойдаланишга топширилди. Темир йўлларни электрлаштириш, юқори тезликда ҳаракатланадиган поездларни кўпайтириш ишлари жадал давом эттирилмоқда.
Мамлакатимизнинг халқаро транспорт ва транзит салоҳиятини юксалтириш борасида ҳам янги уфқлар очилмоқда – стратегик аҳамиятга эга Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўлини қуриш бўйича амалий ишлар бошланди.
Президентимиз темир йўл тизими олдида турган ўта долзарб вазифаларни ҳал қилишда соҳа ходимлари янада улкан куч-ғайрат билан меҳнат қилиб, мамлакатимизнинг темир йўл транспорти соҳасидаги салоҳиятини оширишга муносиб ҳисса қўшишларига ишонч билдирди ва уларга янги ютуқлар тилади.