Тошкент шаҳар болалар кўп тармоқли шифохонаси фойдаланишга топширилди. Янги муассасанинг тантанали очилиш маросимида Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи Асилбек Худаяров, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосарлари Дурдона Раҳимова ҳамда Шаҳноза Султанова, шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси, туман тиббиёт бирлашмалари масъуллари ва бошқалар иштирок этди.
500 ўринга мўлжалланган ушбу марказда болаларга барча турдаги юқори малакали тиббий хизматлар кўрсатилади.
Хусусан, муассасада отоларингология, травматология ва ортопедия, соматика, нефрология ва гемодиализ, неврология, реабилитация, паллиатив ёрдам, гастроэнтерология, юқумли касалликлар, жонлантириш ва диагностика бўлимлари ҳамда лаборатория мавжуд.
Марказнинг диагностика бўлими магнитли резонанс томограф (МРТ), мультиспираль компьютер томографи (МСКТ), рақамли рентген, ультратовуш текширув аппарати (УТТ) каби замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган.
Шошилинч ёрдамга муҳтож беморларга зарур ёрдам кўрсатиш мақсадида бу ерда "Emergency room" хоналари ҳам ташкил этилган.