Тўғри, кўпчилигимиз “оддий гриппда, бироз сабр қилсак ўтиб кетади”, деб эътибор бермаймиз, ўзимизча мустақил даволаниб, касалликни енгишга ҳаракат қиламиз. Аслида бу йўл мутлақо нотўғри. Чунки, бундай вазиятда касаллик тузалса ҳам, унинг асоратлари организимда қолиб кетиши мумкин. Кейинчалик эса унинг салбий томонлари ўзини кўрсата бошлайди.
Ушбу касалликнинг олдини олиш ва у юқган тақдирда ҳам асоратлари қолмаслигининг энг асосий йўлларидан бири бу вакцина, яъни вақтида эмлашдир. Хўш, грипп қандай касаллик, унинг салбий асоратлари қандай, инсон организимидан қанча вақтда чиқиб кетади, вакцина ва унинг афзалликлари нимада?
Мавзуга доир шу каби долзарб саволлар билан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси бошқарма бошлиғи Рустамжон Икрамовга юзландик.
– Грипп – бу инсоният касалланишида етакчи ўринни эгалловчи юқумли касаллик ҳисобланади, – дейди Рустамжон Икрамов. – Одамларда гриппни 2 турдаги вируслар А ва В тури, бундан ташқари С вируси ҳам қўзғатиши мумкин. Грипп энг кенг ва тез тарқаладиган ўткир юкумли касаллик бўлиб, деярли дунёнинг барча мамлакатларида учрайди. Бу касаллик учун мавсумийлик хос бўлиб, асосан куз ва қиш ойларида кўп ҳолатда рўйхатга олинади.
Грипп касаллиги кўрсаткичларини мавсумий кўтарилиши йилнинг ноябрь - март ойларига тўғри келади. Грипп эпидемик жараёни ривожланишида касаллик қўзғатувчиси манбаи, касалликнинг оғир ва енгил тури билан оғриган бемор ҳисобланади.
Касаллик юққандан сўнг қисқа яширин давр (касалликнинг яширин даври 3 кунгача) кечади. Яширин давр тугагандан сўнг катарал ўзгаришлар ривожланиши билан нафас йўллари орқали қўзғатувчининг ташқи муҳитга ажралиши кузатилади.
Касаллик атрофдаги соғлом одамларга асосан ҳаво-томчи йўли билан бемор аксирганда, йўталганда, гаплашганда тез юқади. Ҳавода сақланиб турган грипп вируси соғлом одамга тезда юқади. Касалликнинг биринчи белгилари пайдо бўлгунга қадар бир неча соатдан 3 кунгача вақт ўтади. Касаллик тўсатдан, ўткир бошланади.
Вирусологик ва эпидемиологик маълумотларга кўра бемор касалликнинг биринчи белгилари намоён бўлиши билан ташқаридагилар учун хавфли ҳисобланади ва 3-5 кун давомида бу хавфлилик сақланади. 90% беморлар шу давр охирига келиб эпидемик аҳамиятини йўқотади. 10% беморларгина вирусни ташқарига чиқаришни давом эттиради ва бу ҳолат 6 ҳафтагача давом этиши мумкин.
Грипп нафас йўлларини яллиғланиши билан бошланиб, кейинчанлик беморда тана ҳарорати 38-40 даражага кўтарилиши, бош ва томоқ оғриши, бурун битиши, бурундан суюклик ажралиши, йўтал, мушакларда оғриқ, ҳолсизлик, иштаҳани бузилиши баъзи ҳолларда қусиш холатлари кузатилади. Касаллик беморларда енгил, ўрта ва оғир шаклларда кечади. Касалликнинг энг хафли асоратлари ўпка тўқималарини яллиғланиши пневмония (зотилжам), менингит (мия пардасининг яллиғланиши), менингоэнцефалит (мия пардасини ва моддасининг яллиғланиши), отит (ўрта қулоқнинг яллиғланиши, синусит (бурун ёндош бўшликларнинг яллиғланиши), нефрит, пиелонефрит (буйракнинг яллиғланиши).
Гриппнинг енгил шакллари билан оғриган беморлар атрофдагилар учун кўпроқ хавф туғдиради, чунки бундай беморлар аксарият ҳолларда уйида даволанмасдан, касаллигига етарли даражада эътибор бермай, оёқда ўтказадилар. Уларни касал ҳолатида жамоат жойларда, барча траспортларда, ўқиш ва иш жойларда учратиш мумкин.
Грипп ва ЎРВИ ёш, жинс, ирқ танламаган ҳолда барча учун бирдек хавфли. Шунга қарамай, уни юқтиришда асосий хавф гуруҳига қуйидагилар киради: ҳомиладор аёллар, 6 ойдан ошган болалар ва нафас олиш тизими ва юрак-қон томир тизимининг айрим сурункали касалликлари бўлган катталар, 60 ёшдан ошган шахслар, 6 ойдан 59 ойгача бўлган болалар, тиббиёт ходимлари. Шунингдек, меҳрибонлик уйлари, қариялар ва ногиронлар учун “Саховат” интернат уйлари, “Мурувват” ногирон ва ногирон болалар интернат уйлари, болалар уйларида, шунингдек, болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларида (мактаб, мактаб-интернатлар) яшовчи шахслар, жисмоний ёки ақлий ривожланишида нуқсонлари бўлганлар.
– Гриппга қарши вакцина олиш қанчалик самара беради ва бу бўйича қандай ишлар амалга оширилди?
– Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Президентимизнинг 2018 йил 18 майдаги “Ўзбекистон Республикасида грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекцияларнинг тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида бир қатор ишларни амалга ошириб келмоқда.
Жорий йилнинг октябрь ойида республикамизда жами 1 млн. доза гриппга қарши “Гриппол плюс” вакцинаси (Россия Федерацияси) олиб келинди. У тақсимот асосида давлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларини (1 000 000 нафар) гриппга қарши бепул марказлашган ҳолда эмлаш ишлари ташкил этилди. Эмлаш жорий йилнинг декабрь ойида якунланди.
Эмлаш жараёнида режалаштирилган 984 244 нафар (98,4%) давлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва 15 756 нафар тиббиёт ходимлари гриппга қарши эмланди.
Республика бўйича мактабгача таълим ташкилотларида 5292 та эмлаш пунктлари ташкил этилиб, эмлаш тадбирларига 3792 нафар шифокорлар, 4446 нафар ўрта тиббий ходим ва 3547 нафар регистраторлар жалб қилинди.
Грипп ва гриппга ўхшаш касалликлар ҳамда ЎРИ касаллигига чалинган беморларни даволаш учун 898 та захира шифо-ўринлари ташкил этилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 июлдаги “Грипп юқтириш ва унинг оғир асоратларини бошидан ўтказиш хавфи юқори бўлган аҳоли ўртасида гриппнинг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 567-сон қарорига асосан грипп юқтириш ва унинг оғир асоратларини бошидан ўтказиш хавфи юқори бўлган субъект ва шахсларни гриппга қарши эмлаш ишларини ташкил этилиши белгиланган. Республикага жорий йилнинг сентябрь ойида 39 000 доза гриппга қарши “Инфлювак” вакцинаси олиб келинди.
– Ушбу касалликка чалинмаслик учун қандай тавсиялар берасиз?
– Тавсияларнинг энг асосийларидан бири вакцина. Бу жуда юқори самара беради. Эмланган инсонда гриппнинг қайси штамми юқса ҳам енгил ўтади ҳамда хасталикнинг асорати қолмайди.
Шунингдек, қуйдаги тавсиялар ҳам муҳим:
- мавсумга хос кийиниш;
- ўз вақтида овқатланиш ва дам олиш;
- хоналарни вақти-вақти билан шамоллатиб туриш ва кунда намли тазолов ишларини ўтказиш;
- ишлаб чиқариш корхоналари, даволаш профилактика ва ўқув муассасалари, болалар ва қариялар уйлари, ташкилот ва идораларда ҳамда турар жой биноларида иссиқлик режимига риоя қилиш барча хоналарнинг иссиқлик ҳарорати 22 даражадан паст бўлмаслиги;
- касалликни эрта аниқлаш мақсадида мактабгача муассасалар, мактабларда кириш жойларида эрталабги фильтрни ташкил этишни ва эрталабки фильтрлар ўтказилишига эътибор қаратилишини;
- грипп ва ўткир респиратор касалликларига хос бўлган симптомлар аниқланган шахсларни жамоага қўймасликни;
- грипп ва ўткир респиратор касалликларига гумон килинган болаларни изоляторга жойлаштириш хамда ота-онасига ва худудий поликлиникага хабар беришни;
- эрталабги фильтр ишини амалга оширадиган грипп ва ўткир респиратор касалликларга гумон килиниб изоляторга ётказилган беморларни парвариш киладиган ходимларни респиратор (ниқоблар) билан таъминланишини;
- ўқув-тарбия муассасаларида танаффус пайтида шамоллатиш режимини ташкил килишни;
- мактабгача тарбия муассасаларида ҳар куни болаларни камида 2 маротаба тоза ҳавога сайрга чиқаришни;
- барча ўкув-тарбия муассасаларида санитария-тарғибот ишларини олиб боришни уюшган жамоаларда концерт заллари кинотеатр, ўқув ва иш жойларда кунига вақти билан 3-4 маротаба шамоллатиб туриш, хоналарда дезинфекция моддаларини қўлланган ҳолда намли тозалов ишларини олиб боришдир.
Бундан ташқари грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекция (ЎРВИ) билан оғриган барча беморлар касалликни оёқда ўтказмаслиги, шифокор маслаҳатлари ва тавсиялари асосида иш тутиши лозим.
Касаллик қандай бўлишидан қатъи назар, инсон саломатлиги ва турмуш фаровонлигига жиддий путур етказади. Шу боис, соғлиғимизга бўлган масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда, мавсумий касалликлардан эҳтиёт чораларини кўрайлик. Унутманг, гриппга қарши профилактик эмланиш бу касалликнинг олдини олишда жуда катта аҳамиятга эга. Лўндасини айтганда, касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш муҳим ва осон.
Зулхумор АКБАРОВА