“Янги Ўзбекистон” боғи:  Халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти ва эзгу орзу-интилишлари мужассами

     Боғнинг умумий кўриниши худди улкан дарахтнинг бешта шохини эслатади.

    Кўчат экиб, боғ яратиш халқимизга хос азалий қадриятлардан. Зеро, ўзинг яшаб турган жойни обод қилиш кўнгилни обод қилади, турмуш фаровон ва файзли бўлади. Асрлар оша яшаб келаётган ушбу эзгу анъана бугун янгича маъно-мазмун касб этаётгани юртдошларимиз қалбида яратувчилик ва бунёдкорлик туйғуларини янада кучайтирмоқда. Бунинг натижасида шаҳар ва қишлоқларимиз тобора чирой очиб, замонавий иншоотлар қатори сўлим ва хушманзара истироҳат боғлари кўпаймоқда.

    Шу кунларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан пойтахтимизнинг шундоқ биқинида, Тошкент вилоятининг Қибрай туманида янги Ўзбекистонга муносиб боғ барпо этиш ишлари бошлаб юборилди. Бундай “яшил ҳудудлар” сўнгги йилларда ҳар томонлама юксалишга юз бурган Тошкент шаҳри учун айниқса, муҳим.

    Президентимиз куни кеча ушбу ҳудудга ташриф буюрди. Шу муносабат билан бу ерга парламент ва ҳукумат аъзолари, Тошкент шаҳар жамоатчилиги, нуронийлар, илм-фан, маданият ва спорт намояндалари, ёшлар йиғилди. Боққа илк кўчатлар экилди.

    104 гектарлик янги боғ нафақат манзараси, ландшафти, балки мазмуни билан ҳам алоҳида эътиборга молик. Боғнинг умумий кўриниши худди улкан дарахтнинг бешта шохини эслатадики, бу Ҳаракатлар стратегиясининг беш устувор йўналишини ифодалайди. Шунга монанд боғ бошқа боғлардан тубдан фарқ қилади, зеро, бу ерни аввало, юксак маданият ва маънавият масканига айлантириш мақсад қилинган.

    Бу ерда одамлар табиат қўйнида мириқиб дам оладиган сўлим ҳудудлар яратилади. Каштан, эман, чинор, лола, липа боғлари барпо этилиб, дунёнинг турли бурчакларидан келтириладиган ноёб манзарали дарахтлар, буталар, гуллар экилади. Сунъий кўл, спорт майдончалари, болалар ўйингоҳлари, фавворалар қурилади.

    Мустақиллигимизнинг 30 йиллигига бағишланган Истиқлол мажмуаси ҳам шу ерда барпо этилади.

    Президентимиз ушбу мажмуанинг тарихий-ғоявий аҳамиятини алоҳида таъкидладилар.

    -Бу йил миллий истиқлолимизнинг 30 йиллигини кенг нишонлаймиз. Аслида, бизнинг давлатчилигимиз 3 минг йиллик тарихга эга. Боғ ана шундай буюк тарихимизни намоён этадиган ўзига хос мажмуа бўлади. Бу ерга ташриф буюрувчилар, айниқса, ёшларимиз ва хорижлик меҳмонлар ана шу улуғворликни ҳис этади, руҳий қувват олади, - деди давлатимиз раҳбари.

    Бу боғ Ўзбекистоннинг янги қиёфасини, улкан салоҳиятини, кўпмиллатли халқимизнинг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлигини акс эттирадиган мажмуа бўлиши зарурлиги таъкидланди. Давлатимиз раҳбари бу муҳташам боғни “Янги Ўзбекистон” деб аташни таклиф қилди.

    Бугун юртимизнинг қайси ҳудудига борманг, кенг кўламли қурилиш- ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўласиз. Бу манзараларни кўриб, кўз ўнгимизда бой тарихимиз гавдаланади. Буюк соҳибқирон Амир Темур даврида ҳам машҳур боғлар яратилган, уларнинг ҳар бири ўзига хос ва бетакрор номлар билан аталган: “Боғи баланд”, “Боғи беҳишт”, “Боғи давлатобод”, “Боғи дилкушо”, “Боғи жаҳоннома”, “Боғи майдон”, “Боғи нав”, “Боғи чинор”, “Боғи шамол”. Қаранг, боғларнинг ноланишиёқ кўнгилда ажиб туйғулар пайдо қилади, ҳаётга қизиқишни оширади, яратувчанликка ундайди. Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳам ана шундай тарихий қадриятларимизга ҳамоҳанглиги билан қалбимизни ғурур-ифтихорга тўлдиради.

    Президентимиз қўллари билан илк ниҳоли ўтқазилган “Янги Ўзбекистон” боғи юртдошларимиз ва хорижлик меҳмонлар билан гавжум бўлиши, жажжи болажонларнинг шодон қийқириғу кулгиларига тўлиши, ёшлар, отахону онахонлар дам олиб, маданий ҳордиқ чиқарадиган севимли гўшага айланишига шубҳа йўқ. Ушбу сўлим масканда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва соғлом турмуш тарзини кенг ёйиш учун яратилган қулайликлардан ҳам барча бирдек баҳраманд бўлади.

    Халқимиз манфаати йўлида амалга оширилаётган бундай олижаноб ва эзгу ишлар юртимиз тараққиёти, аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасининг юксалишига хизмат қилиши билан янада аҳамиятлидир.

    Бахтиёр САЙФУЛЛАЕВ,

    Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва

    спорт масалалари қўмитаси раиси

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates