Жаҳон банки Фарғона вилояти қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга кредит ажратади

    Инвестициялар 2 феврал 2022 1497

    Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Жаҳон банки халқаро эксперти Иван Хорват, Жаҳон банкининг AKIS (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими) лойиҳаси координатори Отабек Мансуров, шунингдек Жаҳон банки лойиҳа муҳандиси Ибодулло Дадахановлардан иборат делегацияни қабул қилди.

    Учрашувда Фарғона вилоятида қишлоқ хўжалигида қулай агробизнес муҳитини ва юқори қўшилган қиймат занжирини яратиш, соҳага жаҳон тажрибаси асосида билим, инновациялар ва агрохизматлар тизимини кенг жорий этиш, шунингдек, хизмат турларини такомиллаштириш, кооперация муносабатларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

    Қишлоқ хўжалиги вилоятда ривожланган соҳалардан бири бўлишига қарамай, замонавий технологияларнинг ва илм-фан инновацион ютуқларининг тўла жорий этилмагани сабабли баъзи ҳудудларда самарадорлик ва ҳосилдорлик бугунги жаҳон стандартларидан паст эканига эътибор қаратган вилоят ҳокими, қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ўта долзарблик касб этаётганини ва вилоят ҳокимлиги Жаҳон банкининг бу борадаги барча лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини қайд этди.

    Жаҳон банки делегацияси томонидан банк лойиҳалари доирасида Фарғона вилоятини қишлоқ хўжалигида билим ва инновацияларни татбиқ этиш бўйича трансминтақавий инновацион хабга айлантириш режалаштирилаётгани маълум қилинди.

    Жаҳон банкининг кредит лойиҳаси билан Фарғона шаҳрида барпо этилаётган вилоят AKIS Агрохизматлар маркази бу борадаги мамлакатимиздаги илк пилот лойиҳа бўлади. Қурилиш ва таъмирлаш ишлари учун 39,2 миллиард сўм маблағ ажратилиб, ҳозирги кунда белгиланган лойиҳа асосида ишлар олиб бориляпти ва жорий йил июнь ойида марказ қурилиши якунланади. Жаҳон банки томонидан марказни жиҳозлаш учун қўшимча 1 миллион доллар миқдорида маблағ ажратилиши бугунги учрашувда банк вакиллари томонидан маълум қилинди.

    Мазкур ҳудудий марказ томонидан «ягона дарча тамойили» асосида давлат-хусусий шерикчилик тамойилида 500 дан ортиқ агросаноат мажмуига оид хизматлар кўрсатилади. Шундан 40 дан ортиқ янги турдаги инновацион технологиялар асосидаги қатор хизматлар, жумладан, геоахборот тизимлари, дрон хизматлари, халқаро стандартлар, «Organic», «Global G.A.P» ва «Halol» сертификатлари жорий этилади. Халқаро аккредитациядан ўтган 5 турдаги замонавий лаборатория, яъни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари хавфсизлиги, In-vitro кўчатчилиги, тупроқ, сув ва фитосанитария таҳлил лабораторияси вилоятдаги фермер хўжаликлари ҳамда агробизнес вакилларига хизмат кўрсатади.

    Жаҳон банкининг Интенсив боғлар барпо этишга кўмаклашиш лойиҳаси доирасида Фарғона вилоятининг боғдорчилик ва узумчилик ривожланган туманларидаги фермер хўжаликларининг жами 500 гектаргача бўлган боғларини янгилашга ҳам келишиб олинди. Бунда ҳар гектар учун 30 минг доллар миқдорида кредит ажратилади, Жаҳон банки назоратида барча замонавий технологиялар жорий этилган, Европа стандартларига мос интенсив боғлар барпо этилиб, 3 йилда ҳосилга киргач, фермерларга тақдим этилади. Фермерлар сарфланган маблағнинг 10 фоизини дастлабки тўлов сифатида амалга оширишади, қолган қисми учун 7 йилдан 10 йилгача имтиёзли кредит тақдим этилади.

    Шунингдек, Бағдод ва Риштон туманларида уруғчилик, уруғли чигит тайёрлаш лойиҳалари учун 26,5 миллион доллар миқдорида Жаҳон банки кредитлари ажратиладиган бўлди.

    Учрашув доирасида вилоятдаги ҳар бир шаҳар ва туманда 1 000-1 500 тонналик ҳажмдаги совиткичли мева-сабзавот сақлаш мини-омборлари ташкил этиш учун ҳам маҳаллий тадбиркорларга Жаҳон банки кредитлари тақдим этилишга келишиб олинди, деб хабар беради Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates