Ёшларнинг чўнтагига даромад, ҳаётига ҳаловат, рўзғорига барака кирмоқда

    Давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 5 апрель куни давлатимиз раҳбарининг “Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ёшлар ҳаётининг янада  яхшиланишига хизмат қиладиган муҳим ҳужжат бўлди.

    Ушбу қарор мамлакатимиз ёшларига ер ажратиш бўйича бутунлай янгича тизимнинг жорий этилишига замин яратди.

    Қарор ижроси доирасида шу йилнинг ўзида “маҳалла еттилиги” тавсияси билан ёшларга республика бўйича 60 минг гектар ер майдони 30 йил муддатга ижарага бериладиган бўлди. Бунда вилоят ҳокимликлари захирасидаги ер майдонлари электрон онлайн аукцион савдоларига қўйилиб, деҳқон хўжаликларини ташкил этиш учун ижарага берилади.

    Бу ҳақда Президентимиз яқинда Ёшлар куни муносабати билан уларга йўллаган табригида ҳам алоҳида қайд этиб ўтди.

    – Президет қарори ижроси доирасида ер ажратишда алоҳида тартиб жорий этилгани ёшлар ҳаётида муҳим ўзгариш ва туб бурилиш бўлди, десам муболаға бўлмайди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдан сотишгача бўлган жараённи қамраб олган янги тизим вилоятимизда ҳам кенг кўламда татбиқ этилмоқда. Эндиликда ёшлар ер майдонини ижарага бериш бўйича “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали деҳқончилик қилиши учун ижарага ер олиши ва яхшигина даромад топиши мумкин, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Миразиз Мирсултонов. – Бу жараёнлар “бир массив – бир маҳсулот” тамойили асосида, ер майдонини ижарага бериш бўйича электрон онлайн аукцион савдолари орқали “маҳалла еттилиги”нинг тавсияси билан шакллантирилиб, рўйхатга киритилган ёшлар ўртасида ўтказилмоқда. Аукцион савдоларида ғолиб бўлганларга 10 йил муддатга тенг улушларда фоизсиз бўлиб тўлаш имконияти ҳам берилган. Муҳими, электрон аукцион савдолар орқали ижарага ер олган ёшлар ўзлари турган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”дан чиқарилмайди. Улар учун қонунчиликда белгиланган барча имтиёз ва преференциялардан фойдаланиш ҳуқуқи сақлаб қолинган. Асосийси, ижарага берилган ерларни сув билан таъминлаш, суғориш тармоқларини тиклаш, электр энергияси тортиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш борасида вилоят ҳокимининг шахсан ўзи ижарачи ёшларга яқин кўмакдош бўлмоқда. Бу янги тизим қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдан сотишгача бўлган жараённи кенг қамраб олади.

    Айни кунларда вилоятимиз ёшлари ғалла ҳосилидан бўшаган майдонларда сабзавот, полиз, дуккакли ва бошқа экинларнинг тезпишар навларини қисқа муддатларда экиш ва парваришлашга жиддий киришган. Уларнинг ердан самарали фойдаланаётганлиги агентлигимизнинг “Ёш фермерлар” платформаси орқали назорат қилиб борилади. Ёш деҳқонлар томонидан олиб борилаётган ишлар вилоят ҳокими, ҳудуд сектор раҳбарлари ва “маҳалла еттилиги” назорати остида ҳар кун таҳлил этилади.

    Президент қарори асосида олиб борилаётган янги тизим негизидаги ишлар кам таъминланган, кўмакка муҳтож, ишсиз ва хориждан қайтган ёшларни ҳам моддий, ҳам маънавий қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

    2-гурҳ ногирони, Миёнзоирхоннинг ҳам сўнгги кунларда руҳияти тетик, қадамлари шижоатли, кайфияти эса жуда чоғ. Чунки, у энди нафақат жамиятга керакли шахс, балки ота-онасига кўмак бериб, рўзғор ғорини тўлдиришда яқин кўмакчи бўлади. Зангиота туманининг Қиргузар маҳалласида истиқомат қилувчи бу ёш йигит ўзининг тиришқоқолиги, изланувчанлиги боис қўшни Маданият маҳалласи ҳудудидан ёшларга ажратилган ердан 30 сотихини аукционда ютиб олди.

    – Оилада 3 фарзандимиз, акам, укам ва мен. Отам уста. Онам “Аёллар дафтари”да рўйхатда туради. Контракт асосида ўқишга кирганимда пулни қандай тўлаймиз, дея ўқимоқчи бўлмаганман. Шунда онам “болам, бир иложи бўлиб қолар, ҳар қандай шароитда ҳам сен ўқимишли бўлишинг шарт”, дея қатъий туриб олди, – дейди 24 ёшли Миёнзоирхон Миёнахадов. – Инсоннинг омади чопса, ой ҳам забт этилади, деган гап аслида ҳақиқатга яқинроқ экан. Ҳеч қачон ерим бўлади, унда деҳқончилик қилиб, даромад топаман, деб ўйламаганман. Президентимизнинг биз, ёшларга яратиб бераётган шароитларини мен яхши яшашга имкон, деб биламан. Энди ўз ерим бор. Ота-онам билан маслаҳатлашиб, 40 кунда ҳосилга кирадиган тез пишар жўхори экдик. Худо хоҳлса, яқин кунларда ҳосилни йиғиб оламиз. Бу йилги ўқиш контракт пулимни ярмини Қиргузар маҳалласи ёшлар етакчиси ўз тавсияси асосида тўлашга ёрдам берган эди. Энди қолган ярмини жўхоридан оладиган даромадим орқали тўламоқчиман. Мақсадим ота-онамга оғирлигимни туширмай эл корига ярайдиган фарзанд бўлиш.

    Маълумотларга кўра, бир гектар ердан камида 25 минг доллар даромад олиш имкони мавжуд. Бунинг учун ерни тушуниш ва деҳқончилик илмини ўқиш керак экан. Шунинг учун ҳам бугунги кунда қўлида иши бўлмаган ёки доимий даромадга эга бўлмаган ёшлар “бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида ҳосил етиштиришади. Бунинг натижасида мамлакатимизда илғор, шижоатли ёш деҳқонлар сафи кун сайин ортиб бормоқда.

    – Ер берилса-ю, ундан унумли ва самарали фойдаланилмай, етарли даражада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиширилмай, қақраб қолса-чи? Шунинг учун ҳам давлатимиз томонидан ёшларга аввал ер илмини ўргатиб, дала экинларини экиш бўйича кўникмаларини шакллантириб, кейин ер берилмоқда. Бу борадаги ишларни амалга оширишда “маҳалла еттилиги”нинг ҳиссаси катта. Уларнинг таклифи билан “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган, ўз ишига ва даромадига эга бўлмаган, четдан қайтган ёшларга Тошкент давлат аграр университи профессор-ўқитувчилари томонидан маҳсулот етиштириш ва уни парваришлашдаги муҳим жиҳатлар юзасидан билим ва тавсиялар ҳам берилмоқда, – дейди М. Мирсултонов.

    Президентимизнинг юқоридаги қарори асосида ҳаётга татбиқ этилган янги тизим қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдан сотишгача бўлган занжирни қамраб олгани билан янада аҳамиятли. Ёшларнинг бандлиги таъминланиб, чўнтагига даромад, ҳаётига ҳаловат, рўғорига барака кириб бораётир. Аслида энг муҳими ҳам шу.

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates