Сув – тириклик манбаи. Шу боис ундан оқилона фойдаланиш ниҳоятда зарур ҳисобланади. Президентимиз томонидан 2020 йил 11 декабрда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида таъкидланганидек, тобора кучайиб бораётган сув тақчиллиги ҳамда обиҳаёт ресурсларига бўлган эҳтиёж ўсиб бораётгани қишлоқ хўжалигида ундан фойдаланиш самарадорлигини кескин оширишни талаб этмоқда. Бу борада Навоий вилоятида ҳам бир қатор ишлар амалга ошириляпти. “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари инспекторлари томонидан сув тежовчи технологияларни ўрнатиш, шартномаларни расмийлаштириш ва бошқа масалалар назорат остига олинган.
2021 йил вилоят бўйича 10 974 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилиши режалаштирилган. Сув тежовчи ускуналарни харид қилиш учун тегишли ташкилотлар билан 432 та шартнома тузилган бўлиб, бу 12 567 гектар майдонда ушбу технологиялар ўрнатилади деганидир. Бунинг учун вилоят бўйича фермер ва тадбиркорларга тижорат банклари томонидан 131 миллиард 12 миллион сўм маблағ ажратилди. Бугунги кунда 8 290 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиясини ўрнатиш учун қурилиш ишлари бошланган.
Вилоят бўйича 2021 йилда пахта хомашёси етиштиришда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этишнинг ижроси юзасидан ҳам чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Хусусан, 8500 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш, 551 гектарда эса ёмғирлатиб суғориш технологиялари ўрнатилиши зарур.
Кармана туманининг “Жалойир” ҳудудида жойлашган “Шоҳижаҳон келажаги Кармана” фермер хўжалигининг ер майдони 100 гектар бўлиб, 44 гектари пахта экишга мўлжалланган. Фермер Шуҳрат Тошев 44 гектар пахта майдонига томчилатиб суғориш ускуналарини ўрнатиш учун ҳаракатни бошлади. Бунинг учун ўз маблағидан 300 миллион сўм, кредит асосида 870 миллион сўм сарфлади. Шартномага кўра, сифатли полиэтилен қувурлар олиб келтирилиб, 44 гектар майдонга тўлиқ ўрнатилди.
— Пахтани суғоришда кўплаб қийинчиликларга дуч келар эдик, — дейди Шуҳрат Тошев. — Сув тежовчи технологияларни ўрнатганимиз, сув исрофини олдини олиши, ҳар бир қаторга сувнинг тўлиқ етиб бориши, шу билан бирга ишчи кучини камайтиргани билан бизга маъқул бўлди. Чигитни қўшқатор усулида экмоқчимиз. Бу қувур ётқизилган майдонга культивация ишлари учун техникаларни чигит экилганидан ғўза етилганига қадар агротехник тадбирларни бемалол бажариш учун ҳам имконият яратади. Ҳосилдорлик 50-60 центнерга етади, деган ниятдамиз. Келгуси йилда сувни тежовчи технологияларни жорий этишни янада кенгайтирмоқчимиз. Олинган кредитни субсидия маблағлари ҳисобидан тўлашни мўлжаллаб турибмиз. Бу биз фермерларни қўллаб-қувватлашни кўзда тутгани билан эътиборга лойиқ.
Дарҳақиқат, сув тежовчи технологиялар ускуналарини харид қилиш учун фермер ва тадбиркорларга яратилган бундай имтиёз алоҳида аҳамиятга эга.
— Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 февралдаги “Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича харажатларининг бир қисмини қоплаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган низомга асосан, томчилатиб суғориш тизимлари жорий этилган майдонларга субсидиялар ажратиш белгиланган, — дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси бош инспектори Меҳриддин Воҳидов. — Унга кўра, пахта ва узум плантацияларига – 8 миллион сўмдан 11 миллион сўмгача, мевали экинларга — 6 миллион, озуқабоп, мойли, дуккакли экинлар ва доривор ўсимликларга — 2,5 миллион, сабзавот экинлари ва картошкага — 1,5 миллион, полиз экинларига — 1,3 миллион сўм миқдорида субсидиялар ажратиш кўзда тутилган.
Жорий қилинган технологиялардан суғориш мавсумида фойдаланмаслик ҳолатлари аниқланса, ажратилган субсидия давлат бюджетига қайтарилиши белгиланган. Хусусан, биринчи йилдан фойдаланилмаса — субсидиянинг 100 фоизи, иккинчи йилдан — 80 фоизи, учинчи йилдан — 60, тўртинчи йилдан — 40, бешинчи йилдан — 20 фоизи давлат бюджетига қайтарилади.
Қизилтепа туманида “Шаҳзод келажаги”, “Сафарота”, “Мустафобобо 2021”, “Дурбек 2002” ва бошқа фермер хўжаликлари томонидан пахта майдонларида сув тежовчи ускуналарни ўрнатиш учун ҳовузлар қизилиб, зарур ускуна ва бутловчи буюмлар — ер ости қувурлари, лента, фильтр, насосларни пудратчи ташкилотлар билан тузилган шартнома асосида олиб келиб, қуриш ишлари давом этмоқда.
— Экинлар томчилатиб суғорилганда, сувнинг тупроққа беҳудага шимилиши бартараф этилади, — дейди “Ўзагроинспекция” Қизилтепа туман бўлими катта инспектори Эркин Азимов. — Даладан ташламага сув чиқарилмайди. Натижада суғоришга ишлатиш учун режалаштирилган сувнинг катта қисми тежалади. Томчилатиб суғоришда даланинг фақат экин экилган жойи суғорилади. Пировардида бошқа суғориш усулларига нисбатан экин турига қараб 50 фоизгача сув тежалади.
Ғўза майдонларини томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш лойиҳаларини амалга ошириш натижасида ушбу майдонларда сувни икки баробар тежаш билан бирга, ҳар гектардан 40-45 центнергача, ўртача ҳосилдорликдан 1,5-1,7 марта юқори кўрсаткичга эришиш имконини беради.
Инспекциянинг туман бўлимлари томонидан сув тежаш ускуналарини жорий этиш ишларини ўз вақтида бажариш бўйича фермерлар билан учрашиб, тарғибот ва назорат тадбирлари олиб бориляпти.
Зулфия БОБОЕВА,
“Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси
жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот
бўйича бош инспектори









