Икки кун давом этган ярмарканинг асосий мақсади йирик тармоқ корхоналарига маҳаллий кичик ва хусусий бизнес корхоналари томонидан импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни етказиб беришда кооперация алоқаларини ташкил этишга қаратилган.
Ярмарка металлургия, кимё саноати, электроэнергетика, электротехника, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқариш соҳаларига ихтисослашган тармоқ ва ҳудудий корхоналар ўртасида кооперация алоқаларини янада мустаҳкамлади, дейиш мумкин. Шунингдек, кичик бизнес субъектлари учун ҳам янада катта имкониятлар берди, десак хато бўлмайди.
Тадбирда 10 та тармоқ ва вазирликлар ҳамда республиканинг барча ҳудудларидан корхоналар ўз маҳсулоти билан иштирок этди. Тошкент вилоятидаги 242 та корхона 1,2 минг турдан ортиқ маҳсулотини намойиш қилди. Вилоятлардан ҳам 50 га яқин тадбиркорлар фаол қатнашди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Тошкент вилоятида 2024 йил якуни билан 125 трлн. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Шундан 116 таси янги лойиҳалар, 60 таси мавжуд ишлаб чиқаришларни кенгайтириш ҳисобига янги маҳсулотлар ўзлаштирилди. Вилоятда сўнги уч йилда маҳаллийлаштирилган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажми 759 млрд сўмдан 3,9 трлн сўмга (5 баробарга) ўсганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
«Ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси»дан англашилдики, тадбиркорлик субъектларининг ўзаро кооперация имкониятларини жорий йилда 2 баробарга ошириш имкони мавжуд.
Муножат МЎМИНОВА,
«Янги Ўзбекистон» мухбири