Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда «2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Мазкур ҳужжат 2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг бюджетини шакллантириш ва ижро этиш билан боғлиқ масалаларни қамраб олган.
Хусусан, консолидациялашган бюджет тақчиллиги 2024 йилда ялпи ички маҳсулотга нисбатан 4 фоиз этиб белгиланган бўлиб, 2025-2026 йилларда бу кўрсаткични 3 фоиздан оширмаслик назарда тутилмоқда. Бу иқтисодиётда ялпи талабнинг ўсишини тартибга солиш ва ташқи савдо баланси манфий тақчиллигини ҳамда инфляцион босимни камайтиришга хизмат қилади.
Депутатлар давлат бюджетининг парламентда қонун сифатида тасдиқланиши нафақат конституциявий ҳуқуқ, давлатнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсатини белгилаш ва амалга ошириш билан боғлиқ катта масъулият эканини таъкидлади. Зеро, давлат бюджети мамлакатда олиб борилаётган сиёсатнинг мужассам кўриниши ҳисобланади. Яъни, унинг лойиҳасига қараб, давлатдаги ижтимоий сиёсатга баҳо бериш мумкин. Фракция аъзолари шундан келиб чиқиб, тақдим қилинган 2024 йилги давлат бюджети лойиҳасида аҳолининг турмуш даражасини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлиги ва даромадларининг ўсишини таъминлаш, аҳолининг заиф қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сифатида акс этаётганига эътибор қаратди.
Давлат бюджетида ижтимоий соҳага яна бир қатор муҳим харажатлар кўзда тутилмоқда. Кам таъминланган оилаларга болалар нафақалари ва моддий ёрдамлар тўлаш учун 10 трлн. сўмдан ортиқ, ногиронлиги бўлган болаларни парваришлаётган оналарга нафақалар тўлаш учун 3,6 трлн сўмдан ортиқ, меҳнатга лаёқатсиз ва зарур иш стажига эга бўлмаган фуқароларга нафақалар учун эса 2,5 трлн. сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши режалаштирилмоқда.
ЎзХДП фракцияси аъзоларининг таъкидлашича, ушбу харажатлар аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда жамиятимизда барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлади. Депутатлар давлат бюджетини режалаштиришга доир бундай стратегик ёндашув Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадлари ҳамда электорат манфаатларига ҳар томонлама мос келишини қайд этди.
Фракция аъзолари давлат бюджети лойиҳасидаги аксарият маблағлар бевосита фуқароларнинг турмуш даражасини ошириш учун йўналтирилаётганига урғу беришди. Халқ демократик партияси фракцияси давлат бюджетида кўзда тутилган ижтимоий харажатларнинг аниқ мақсадли бўлиши устидан депутатлик назоратини ўрнатиш, мазкур йўналишда ижро ҳокимияти билан ҳамкорликни изчил йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди.
Фракция аъзолари кун тартибидаги масалалар юзасидан келтирилган рақамлар, тақдим этилган маълумотлар, савол-жавоблардан келиб чиқиб, келгуси йил учун давлат бюджети лойиҳасини қўллаб-қувватлади.