“Ўзагроинспекция” томонидан қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сувдан тежамли фойдаланиш, сув исроф бўлишини эрта олдини олиш, қонунбузилишларга йўл қўймаслик мақсадида тадбиркорлик субъектларида профилактика тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Хусусан, сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш соҳасидаги инспекторлар томонидан шу йилнинг ўзида жойларда 18 минг 881 та профилактика тадбирлари ташкил этилди. Берилган аниқ кўрсатмалар ва амалий чоралар натижасида жами 15 минг 185 та ҳолатда қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сув исроф бўлишининг олди олинишига эришилди.
Жумладан, экин майдонларини кўллатиб суғориб, сув исрофгарчилигига йўл қўйиш, сувларни тўғридан-тўғри коллектор-дренаж тармоқларига ташлаб қўйиш, суғориш ишларига етарли даражада сувчиларни жалб этмай, далада сувни қаровсиз қолдириш, лимитдан ортиқча сув олиш, ажратилган сувдан бошқа мақсадларда фойдаланиш ва шу каби ҳолатлар аниқланиб, камчиликларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилди.
Шунингдек, 3 696 та ҳолатда сув тежовчи технологиялар ўрнатилган майдонларда мазкур технологиядан фойдаланмасдан, қишлоқ хўжалиги экинларини анъанавий суғоришга йўл қўйилишининг олди олинди.
Бунинг натижасида, давлатдан субсидия олиб, сувни тежайдиган суғориш технологиясини жорий қилган, лекин мазкур технологиядан фойдаланмай турган 15 минг 818 гектар майдонда технологиялар қайта ишга туширилишига эришилди.
Инспекция ходимларининг бевосита амалий ёрдами билан 2107 та ҳолатда сувдан фойдаланувчи ва сув истеъмолчилари ўртасидаги низоли ҳолатлар бартараф этилди. 2576 та ҳолатда сув таъминоти оғир бўлган истеъмолчиларга сув етказиб беришда кўмаклашилди. 486 та жойда ўқув семинарлари ташкил этилиб, 1840 та ҳолатда амалдаги қонун ҳужжатлари ва уларга киритилган ўзгартиришларни тушунтириш, ундаги талаблар бузилишининг олдини олишга қаратилган услубий ва тавсиявий ёрдамлар кўрсатилди.
Бундан ташқари, сув танқислиги сезилган ҳудудларда бир суғориш тармоғидан фойдаланувчи фермер, деҳқон хўжаликлари ва бошқалар ўртасида сувдан навбатлаб фойдаланиш бўйича тарғибот ҳамда ташвиқот ишлари амалга оширилиб келинмоқда.
Бугунги кунда Инспекция ходимлари томонидан профилактика тадбирлари ўтказилиши натижасида сув истеъмолчиларининг сувдан фойдаланиш маданияти даражаси юксалиб, суғориш учун ажратилган сув ресурсларидан оқилона ва тежаб фойдаланилиши таъминланмоқда.
Х.Шодиева,
Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси
Ахборот хизмати раҳбари