Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сувдан мақсадли ва тежамли фойдаланиш, сув исроф бўлишини олдини олиш, қонунбузилишларга йўл қўймаслик мақсадида тадбиркорлик субъектларида профилактика ва амалий тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Хусусан, сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш соҳасидаги инспекторлар томонидан шу йилнинг ўзида жойларда 16 минг 187 та профилактика тадбирлари ўтказилган бўлиб, унда 34 173 нафар фермер хўжаликлари ва кластер ташкилотлари иштироки таъминланди. Берилган аниқ кўрсатмалар ва амалий чоралар натижасида жами 12 минг 942 та ҳолатда қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сувнинг исроф бўлиши олди олинишига эришилди.
Жумладан, экин майдонларини кўллатиб суғориб, сув исрофгарчилигига йўл қўйиш, сувларни тўғридан-тўғри коллектор-дренаж тармоқларига ташлаб қўйиш, суғориш ишларига етарли даражада сувчиларни жалб этмай, далада сувни қаровсиз қолдириш, лимитдан ортиқча сув олиш, ажратилган сувдан бошқа мақсадларда фойдаланиш ва бошқа шу каби сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибини бузиш ҳолатлари аниқланиб, камчиликларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилди. Шунингдек, 3 минг 245 та ҳолатда сув тежовчи технологиялар ўрнатилган майдонларда мазкур технологиядан фойдаланмасдан, қишлоқ хўжалиги экинларини анъанавий суғоришга йўл қўйилишининг олди олинди.
Бунинг натижасида эса, 2021 йилда субсидия олиб, томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилган, лекин мазкур технологияни 2022 йилда йилда ишлатишга улгурмаган 15 мингдан ортиқ гектар майдонда технологиялар ишга туширилишига эришилди.
Бундан ташқари, сув танқислиги сезилган ҳудудларда бир суғориш тармоғидан фойдаланувчи фермер, деҳқон хўжаликлари ва бошқалар ўртасида сувдан навбатлаб фойдаланиш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишлари амалга оширилиб келинмоқда.
Бугунги кунда Инспекция ходимлари томонидан профилактика тадбирлари ўтказилиши натижасида сув истеъмолчиларининг сувдан фойдаланиш маданияти даражаси юксалиб, суғориш учун ажратилган сув ресурсларидан оқилона ва тежаб фойдаланиш таъминланмоқда.