20 та корхона лицензиясининг амал қилиш муддати тўхтатилди

    Кейинги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда улкан ўзгаришлар, туб бурилишлар содир бўлмоқда. Бу ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад, шубҳасиз, халқимиз ва мамлакатимиз манфаатини ҳимоя қилиш, коррупциявий ҳолатларга йўл қўймаслик, қай бир соҳада бўлмасин фаолият олиб бораётган ташаббускор тадбиркорларга қулайликлар яратиш ва фаолиятини қонуний ҳимоялашдир.

    Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ, истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш, шунингдек, алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси бўйича фаолиятини лицензиялаш соҳасидаги ваколатли орган этиб Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги белгиланган.

    Лицензиялаш соҳасида инсон омили иштирокига чек қўйиш ҳамда барча тадбиркорлар учун соф рақобат муҳитини яратиш мақсадида лицензиялашнинг электрон тизимига ўтилди. Эндиликда лицензия талабгорлари қоғозбозликдан тўлиқ воз кечган ҳолда тўғридан-тўғри электрон шаклда лицензия олиш учун мурожаат қилиш имконияти яратилди. Бундан ташқари, талабгорлар учун бошқа давлат органларидан ҳар қандай хулосалар олиш амалиётига ҳам чек қўйилди, яъни лицензия талабгорлари фақат мурожаат қилса бўлди. Шунингдек, лицензия ҳужжатларини кўриб чиқиш муддатлари аниқ белгиланиб, жараённи тадбиркор ҳам онлайн режимида кузатиш имконияти яратилди. Бир вақтнинг ўзида яна бир қулайлик яратиш мақсадида лицензия талабгорларидан ҳужжатларни электрон кўринишда олиш ҳамда талабгорларга ортиқча юклама бўлмаслиги мақсадида тегишли органлардан хулосалар бевосита Агентлик томонидан олиш механизми йўлга қўйилган. Тадбиркорлар ўзи ишлаб чиқараётган маҳсулотини қонунийлаштириш учун шу кунга қадар қатор муаммоларга дуч келиб, сарсону саргардон бўлиши мана бугун ушбу тадбирлар сабаб унутилди.

    Соҳада ва айнан лицензия бериш борасида шаффофликни таъминлаш, маҳсулот сифатини қатъий назорат қилиш ташкилотимизнинг бош мақсадларидан биридир. Шу кунга қадар соҳада фаолият юритаётган истеъмол этил спирти алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун лицензияга эга корхоналар сони 70 та, алкоголь маҳсулотлари билан улгуржи савдони амалга ошириш учун лицензияга эга корхоналар сони 136 тани ташкил этмоқда.

    Шу билан биргаликда, соҳада ноқонуний маҳсулот ишлаб чиқарилишининг олдини олиш, маҳсулот сифатини яхшилаш ҳамда давлат бюджетига солиқ тўловларини ўз вақтида тўлаб боришни таъминлаш мақсадида лицензия талаб ва шартларига риоя этмаётган корхоналар фаолияти доимий равишда масофавий назорат қилиб борилмоқда. Жумладан, 2022 йилнинг 6 ойи давомида лицензия талаби ва шартларини бажармаган алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи 20 та корхона лицензиясининг амал қилиши муддати тўхтатилди. 2021-2022 йилнинг 6 ойи давомида жами 38 та алкоголь маҳсулотлари билан улгуржи савдони амалга оширувчи корхоналарнинг лицензияси бекор қилинган.

    Ушбу лицензияларнинг бекор қилинишида назарда тутилган мавжуд йиллик ишлаб чиқариш қувватларидан талаб даражасида фойдаланмаслик, ўзининг саноатбоп узум навлари плантацияларини яратилишига бефарқ қаралиши ва келгусида вино материаллари ва ёки вино ишлаб чиқаришни ташкил қилиш ҳолатлари ҳамда шунга ўхшаш белгиланган талаб ва шартларни бузганлиги сабаб бўлади. Ўз навбатида, ҳар қандай ҳолатдаги қонун бузилишининг олиш давлат ва халқ манфаатлари йўлида хизмат қилади.

    Агентлик ахборот хизмати