Жорий йилнинг 18 февралида Ўзбекистон Республикаси Президенти “Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида”ги қонунни имзолади. Мазкур қонун сўнгги йилларда мамлакатимизда молиявий барқарорликни таъминлаш, банк тизимида бизнес юритиш учун рақобат муҳитини, шунингдек, халқаро стандартларга мос келувчи ҳуқуқий асосни яратиш бўйича тизимли ишларнинг мантиқий давоми бўлди.
Хусусан, 2019 йилда “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги ҳамда “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонунларнинг янги таҳрирда қабул қилиниши мамлакатимиз банк тизимини ислоҳ қилишнинг янги босқичи бошланиши учун мустаҳкам пойдевор яратди.
Бунда банклар фаолиятини назорат қилишнинг амалдаги тартиби, жумладан, мижозларга хизмат кўрсатиш жараёни билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш тизимидан хатарларни бошқаришга асосланган, яъни юзага келиши мумкин бўлган таваккалчиликларни назорат қилиш тизимига ўтилди.
Банк-молия тизимининг узоқ муддатли барқарорлигини таъминлашда кейинги муҳим босқич — омонатларни кафолатлаш тизимини ислоҳ қилиш ҳамда тўловга лаёқатсиз банкларни санация қилиш тизимини яратиш билан боғлиқ. Шундан келиб чиқиб, Марказий банк томонидан Жаҳон банки экспертлари билан бирга халқаро стандартлар асосида “Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган эди. Ушбу лойиҳани давлатимиз раҳбари маъқуллади. Энди омонатлар борасида қатор янгиликлар жорий этилмоқда. Жумладан, қонун билан кафолатланган омонат миқдори битта банкда бир омонатчига 200 миллион сўм этиб белгиланди. Шу билан бирга, энди аҳоли омонати билан бирга якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахсларнинг ҳам омонати кафолатланади.
Кафолатланган омонат миқдори 200 миллион сўмни ташкил этиши банкка ундан кўп пул қўйиш мумкин эмаслигини англатмайди. Омонатни бу миқдорда кафолатлаш банк тугатилган тақдирдагина қўлланади. Акс ҳолда, банклар омонат бўйича мажбуриятини шартнома асосида бажараверади.
Бундан ташқари, мазкур қонун талаблари у кучга киргунга қадар аҳолининг банкка қўйилган муддатли ва жамғарма омонатларига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Яъни улар шартнома муддати тугагунга қадар тўлиқ кафолатланган бўлади.
Бугун фаолият юритаётган Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди негизида Омонатларни кафолатлаш агентлиги ташкил этилади. Банк тугатилган тақдирда кафолатланган омонат эгаларига компенсациялар тўлаб бериш унинг асосий вазифаларидан биридир. Бунда банк тугатилаётганда кафолатланган омонат бўйича компенсацияларни тўлаш муддати 20 иш кунидан босқичма-босқич 7 иш кунигача қисқартирилди. Аввал ушбу муддат 83 кун эди. Банк ёпилиши натижасида маблағининг 200 миллион сўмдан ортиқ қисмини йўқотишдан хавотирланган омонатчилар пулини бўлиб-бўлиб, бир нечта банкка жойлаштириши ва тўлиқ кафолатга эга бўлиши мумкин.
Қонунда компенсация тўлаб бериш манбаси ҳисобланадиган банклар томонидан агентлик таркибидаги Омонатларни кафолатлаш жамғармасига тўланадиган бадаллар тури, мазкур жамғарманинг мақсадли миқдори, жамғарма маблағи тақчиллиги юзага келганда уни ҳал этиш манбаларига ҳам аниқлик киритилган.
Бундан ташқари, Омонатларни кафолатлаш жамғармаси маблағлари етарли даражада бўлишини таъминлаш мақсадида юқори ликвидли (7 иш кунида пулга айлантирилиши мумкин бўлган таваккалчилик даражаси паст) активларга инвестиция қилиниши мумкинлиги белгиланган.
Умуман олганда, пулни банкларда сақлаш уйда сақлашдан анча хавфсиз ва манфаатли. Чунки мамлакатимиз банк тизими барқарор ривожланмоқда, капитал ва ликвидлилик ҳолати халқаро талабларда белгиланганидан юқори.
“Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида”ги қонун ҳақидаги батафсил маълумотларни Марказий банкнинг расмий веб-сайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари, finlit.uz сайти, Омонатларни кафолатлаш агентлиги расмий веб-сайтини кузатиб бориш орқали олиш мумкин.
Акмал НАЗАРОВ,
Марказий банк департаменти директори