Депутатлар Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йил биринчи ярим йилликдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқди.
Ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Ж.Қўчқоров тақдим этди.
Ҳисоботда келтирилишича, ялпи ички маҳсулот ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,2 фоиз, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш 6,6 фоиз, бозор хизматлари 13,3 фоиз, қурилиш ишлари 10,7 фоиз ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш 4,0 фоизга ошган.
Асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 273,4 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,5 фоизга ўсгани. Бу эса, ўз навбатида аҳолининг реал даромадлари 9,5 фоизга ошиб, аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида мамлакат ташқи савдо айланмаси 37,0 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16,1 фоизга ошган.
Ҳисобот даврида Давлат бюджети даромадлари 103,4 фоизга бажарилгани ҳамда харажатлар бўйича режа кўрсаткичлари 96,8 фоизни ташкил қилган.
Йиғилишда қайд этилганидек, 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида Давлат бюджети даромадлари 144,2 трлн сўмни ташкил этиб, 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 19,2 фоизга ошган ва деярли барча солиқ турлари бўйича белгиланган режа кўрсаткичлари тўлиқ бажарилган.
Давлат бюджетининг харажатлари эса ҳисобот даврида 173,3 трлн сўмни ташкил этиб, 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 16,0 фоизга ўсган.
Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида ижтимоий харажатлар учун Давлат бюджетидан 86,2 трлн. сўм ёки 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 12,1 трлн. сўмга кўп маблағ йўналтирилган. Бу эса жами харажатларнинг 49,8 фоизини ташкил этади.
Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида қўшилган қиймат солиғидан манфий фарқни қоплаш учун солиқ тўловчиларга 12,1 трлн. сўм миқдорида қўшилган қиймат солиғи суммалари қайтарилган. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини «соя»дан чиқариш ҳамда легаллаштириш чоралари кўрилганлиги натижасида ҳисобот даври якунида қўшилган қиймат солиғи тўловчилар сони 230,4 мингтани ташкил этиб, 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 7,7 мингтага ёки 3,4 фоизга ошган.
Муҳокамаларда депутатлар томонидан «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида «оғир» тоифага киритилган 205 та маҳаллада умумий қиймати 326 млрд. сўмлик 247 та лойиҳа ғолиб бўлганлиги натижасида, 114 та ички йўлларни таъмирлаш, 73 та мактаб ҳамда 24 та тиббиёт ташкилотларини таъмирлаш ва жиҳозлаш каби лойиҳаларга маблағлар йўналтирилганлиги ижобий баҳоланди.
Депутатлар эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда, айрим хато ва камчиликларга йўл қўйилганлигига ҳам танқидий баҳо берган ҳолда ўз муносабатларини билдирди.
Мажлисда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахсларининг ижро интизомини ошириш, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг келгуси давр учун ўз вақтида, сифатли ижро этилиши устидан парламент назоратини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Қизғин савол-жавоблардан сўнг, депутатлар Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йил биринчи ярим йилликдаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот юзасидан тегишли қарор қабул қилдилар.








