2027 йилда халқаро истеъмолчилар конгрессини Ўзбекистонда ўтказиш таклифи қилинди

    Женева шаҳрида ўтказилаётган БМТнинг Рақобат ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича 9-конференцияси доирасидаги муҳим халқаро учрашувлардан бири – Халқаро истеъмолчилар ташкилоти (ConsumersInternational) бош директори Ҳелена Лоран ҳамда Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Халилилло Тўрахўжаев, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов ўртасида бўлиб ўтди.

    Учрашувда Халқаро истеъмолчилар ташкилоти томонидан 2027 йилда ўтказилиши режалаштирилаётган навбатдаги Халқаро Истеъмолчилар Конгрессига Ўзбекистон мезбонлик қилиши юзасидан расмий таклиф билдирилди. Ушбу таклиф Ўзбекистоннинг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликда фаол иштирок этиб келаётгани, қонунчилик базасининг такомиллашгани ва Федерация фаолияти халқаро миқёсда эътироф этилаётганидан далолат беради.

    Халқаро Истеъмолчилар Конгресси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида дунёдаги энг нуфузли анжуманлардан бири бўлиб, унда турли давлатларнинг ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлари, олимлар, бизнес вакиллари ҳамда жамоат фаоллари иштирок этади. Конгресс истеъмолчилар ҳуқуқлари, глобал хавфсизлик, рақамли муҳитдаги ҳуқуқлар, истиқболли сиёсат ва инновацион ёндашувлар каби долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун халқаро майдон ҳисобланади.

    Аввалги Конгресс 2023 йилда Кениянинг Найроби шаҳрида ўтказилган бўлиб, унда 70 дан ортиқ мамлакат вакиллари иштирок этган. Агар 2027 йилги Конгресс Ўзбекистонда ўтказиладиган бўлса, у ҳолда Марказий Осиё минтақасида бундай даражадаги тадбир илк бор ташкил этилган бўлади. Бу эса мамлакатда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид сиёсатни янада ривожлантириш, халқаро нуфузини ошириш ва глобал миқёсдаги ташаббусларга фаол қўшилишга хизмат қилади.

    Ўзбекистон томони бундай йирик халқаро анжуманни юқори савияда ташкил этиш учун зарур инфратузилма, институционал тайёргарлик ҳамда ҳамкорлик муҳити мавжудлигини таъкидлади.

    Маълумки, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси 2018 йилдан буён Халқаро истеъмолчилар ташкилотининг тўлақонли аъзоси ҳисобланади. Федерация фақат миллий даражада эмас, балки халқаро миқёсда ҳам самарали фаолият олиб бориб, минтақавий ҳамкорлик, электрон савдо, рақамлаштириш, туризм, озиқ-овқат хавфсизлиги ва жамоатчилик назорати соҳаларида муҳим ташаббусларни илгари сурмоқда.

    Маълумот учун: Consumers International – 1960 йилда ташкил этилган бўлиб, истеъмолчилар ташкилотларининг глобал тармоғи ҳисобланади. Унга жаҳоннинг 100 дан ортиқ мамлакатидаги 200 дан зиёд истеъмолчилар ташкилотлари аъзо бўлган.

    Шунингдек, ушбу ташкилот БМТда маслаҳатчилик мақомига эга, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) ҳузуридаги махсус гуруҳ ҳамда Халқаро стандартлаштириш ташкилоти (ISO)нинг маслаҳат гуруҳи таркибида фаолият юритади.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates