2030 йилда Ўзбекистон аҳолиси 40 миллион кишига етади ва Марказий Осиё мамлакатлари аҳолисининг деярли ярмини ташкил этади

    Бу ҳақда Сенатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича семинарида маълум қилинди.

    Ўзбекистон сўнгги йилларда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича энг юқори натижага эришган ўнта давлат орасида юқори ўринни эгаллаб келмоқда.

    Полиз экинлари, картошка, сабзавот, узум, мева, резаворлар ва чорвачилик маҳсулотларини етиштириш сезиларли даражада ошди. Ер муносабатлари соҳасида салмоқли ишлар бошлаб юборилди. Жумладан, 200 минг гектар экин майдонлари деҳқонлар ихтиёрига топширилди. Бу қўшимча озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳамда минглаб қишлоқ аҳолисининг бандлигини таъминлаш имконини бермоқда.

    Кейинги йилларда пахта ва узум ҳосилдорлигини сезиларли даражада оширишга эришилди. Бироқ, қурғоқчилик даражаси ортиши ва юзага келаётган иқлим аномалиялари туфайли бир қатор асосий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлигида пасайиш кузатилмоқда. Хусусан, полиз экинлари ҳосилдорлиги 17, сабзавот ҳосилдорлиги 14, дон ва маккажўхори 6 , картошка қарийб 3 , буғдой ҳосилдорлиги эса 1,5 фоизга камайган.

    Сенатда бўлиб ўтган “Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишига кўмаклашиш” мавзусидаги семинарда шу ҳақда сўз юритилди.

    Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлиги доирасида Сенатнинг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги агентликлари билан ҳамкорликда ташкил этилган семинарда аҳоли, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам, жумладан, гўдакларни мувозанатли ва сифатли озиқ-овқат билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар бўйича фикр алмашилди. Шунингдек, 2030 йилга бориб 5 ёшгача бўлган болаларда бўй ва вазннинг секин ўсишига олиб келадиган тўйиб овқатланмасликнинг барча кўринишларига барҳам бериш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида муҳокамалар олиб борилди.

    Ўсмир қизлар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар ҳамда кексаларнинг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжи қай даражада қондирилаётгани, қишлоқ хўжалигида озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришнинг ўртача унумдорлиги, маҳсулот етиштирувчилар даромадини кўпайтириш учун қандай чора-тадбирлар амалга оширилаётгани бўйича вазирлик ва идораларнинг маърузалари тингланди.

    Семинарда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш самарадорлигини оширадиган барқарор озиқ-овқат ишлаб чиқариш тизимларини ва усулларини жорий этиш, соҳада салоҳиятни ошириш, илмий-тадқиқотлар ва замонавий технологияларни ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш орқали инвестиция киритишни кўпайтириш борасида кўрилаётган чораларга эътибор қаратилди.

    Таъкидланганидек, салбий оқибатларга озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ муаммолар, жумладан, ҳосилдорликнинг пасайиши, сув танқислиги, ерларнинг деградацияси, касалланишнинг ошиши ва бошқалар киради.

    Ўзбекистон учун ички хавфлар асосан аҳолининг сезиларли даражада юқори ўсиш суръатларидан келиб чиқади. Сўнгги 30 йил ичида аҳоли сони 15 миллионга кўпайиб, бугунги кунда 36 миллиондан ошди. Прогнозларга кўра 2030 йилга келиб Ўзбекистон аҳолиси 40 миллион кишига етади ва бу Марказий Осиё мамлакатлари аҳолисининг деярли ярмини ташкил қилади.

    Сув ресурсларининг камайиши, шу жумладан, иқлим ўзгариши сув ресурсларини бошқариш, сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш ва қўшимча сув манбаларини топиш бўйича фаол чораларни талаб қилади. Ерларнинг деградацияси ва чўлланиш тенденциялари қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланиши ва экологик барқарорликка салбий таъсир қилади.

    Муҳокама қилинган масалалар юзасидан Барқарор ривожланиш мақсадлари бажарилишини баҳолаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ муаммолар ва янги тенденцияларни ҳал қилиш соҳасида тажриба алмашилди. Шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишига кўмаклашиш бўйича амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.