Жумладан, биринчи йўналиш яъни ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз аёллар тоифасига 11 минг 212 нафар хотин-қиз киритилган бўлиб, жорий йилнинг 6 ойи мобайнида уларнинг 10 минг 344 нафари иш билан таъминланди. Иккинчи йўналиш яъни тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар тоифаси бўйича 3 минг 650 нафари рўйхатга олиниб, шундан 2 минг 422 нафарига кредит асосида тадбиркорлик фаолиятларини бошлашларига амалий ёрдамлар берилди.
Биргина мисол, Хоразм вилояти Гурлан тумани «Сахтиён» маҳалласида яшовчи 3-босқич «Аёллар дафтари» рўйхатида турувчи Эркиной Омонова кредит асосида тўртта тикув машинасини сотиб олиб, тикувчилик фаолиятини кенгайтирди. Натижада маҳалладаги 10 нафар хотин-қизни иш билан таъминлашга эришди. Улардан бирининг номи «Аёллар дафтари»да қайд этилган.
Вилоятда мазкур дафтарга киритилган хотин-қизларни 6 та тоифа асосида қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ўзининг амалий натижасини беряпти. Жумладан, Хива тумани «Шомоҳулум» маҳалласида яшовчи Раҳимажон Юсупова ҳам «Аёллар дафтари»да туриб, субсидия асосида иссиқхона ташкил этди. Йил бошидан ишни йўлга қўйган Раҳима опа бугунги кунда иссиқхонада етиштирган мева-сабзавот маҳсулотларини ички бозорга етказиб, оиласига яхшигина даромад келтирмоқда.
– Муҳими, турмуш шароитимиз олдингига нисбатан ижобий томонга ўзгарди, — дейди Раҳимажон Юсупова. – Яқинда 5 нафар аёлни иш билан таъминладим. Уларга ёрдамим текканидан хурсандман.
Шунингдек, вилоятда «Аёллар дафтари» тизимининг 3-босқичига 6 та тоифа бўйича киритилганларнинг 8 минг 474 нафари боқувчиси бўлмаган хотин-қизлар, 5 минг 728 нафари ижтимоий ёрдамга муҳтож биринчи ва иккинчи гуруҳ ногирони бўлганлар, 840 нафари уй-жойга муҳтож хотин-қизлар, шунингдек, 5 минг 607 нафари қарамоғида ногиронлиги бўлган болалари мавжуд аёллар ҳисобланади. Таъкидлаш жоизки, бугунги кунгача уларнинг 23 минг 599 нафари яъни 66,5 фоизига амалий ёрдамлар кўрсатилди. Эндиликда 35 минг 511 нафар эҳтиёжманд хотин-қизга амалий ёрдам кўрсатилиши долзарб вазифа саналади.
Мазкур дафтардаги хотин-қизларга қўшимча равишда тиббий, ҳуқуқий ҳамда психологик ёрдамлар кўрсатиб келиняпти. Қувонарлиси, яратиб берилган шароитлардан унумли фойдаланаётган опа-сингилларимиз мамлакатимизда бу борада олиб борилаётган сиёсатнинг мазмун-моҳиятини чуқур англаб, турмуш шароитлари яхшиланишига эришяпти. Нафақат ўзларининг, балки, атрофдаги аёлларнинг оиласи фаровонлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшяпти.
Хоразм вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ахборот хизмати.