Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Пайариқ тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаролар С.Ш. (муқаддам судланган) ва Д.Э. ўзаро тил бириктириб, фуқаро Х.А.нинг ишончига кириб, Америка Қўшма Штатларига ишга юборишларини ваъда қилишиб, бунинг учун 18 000 АҚШ доллари миқдорида харажат қилганликларини айтиб, эвазига Х.А.нинг “Тохиршайх” маҳалласида жойлашган уй-жойини фирибгарлик йўли билан расмийлаштириб олишга эришганлиги аниқланди.
Шунингдек, Департаментнинг Ғаллаорол тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда муқаддам фирибгарлик ва бошқа жиноятлари учун судланган М.И. фуқаро О.П.нинг ишончига кириб, уни Корея давлатига ишга юбориши эвазига 12 600 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланди.
Департаментнинг Яшнобод тумани бўлими ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида тумандаги Бирлашган кўчасида ўтказилган тезкор тадбирда эса фуқаролар М.О. ва Д.А. фуқаро Т.Б.нинг ишончига кириб, унга Япония давлатига ишга юбориши учун виза олиб беришини айтиб, эвазига 2 500 АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.