Қўқон қишлоқ хўжалиги ва технологиялари техникумининг 60 нафар ишчи-ходимлари томонидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгашига 5 ойдан буён иш ҳақи ололмай келаётганликлари сабабли, ойлик иш ҳақини олишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 161-моддасида «Меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас» деб белгиланган.
Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши томонидан Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ректорига ҳамда Қўқон қишлоқ хўжалиги ва технологиялари техникуми директорига Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 9-моддаси ҳамда «Касаба уюшмалари тўғридаги»ги Қонуннинг 35-моддаларига асосан ходимларнинг 2022 йилнинг июль, август, сентябрь, октябрь ва ноябрь ойлари учун тўланмай келаётган 327 млн 764 минг сўмдан зиёд иш ҳақларидан бўлган қарздорликни тўлаб бериш юзасидан тақдимнома киритилди.
Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ректори томонидан тақдимнома қаноатлантирилиб, ходимларга иш ҳақлари тўлиқ тўлаб берилишига эришилди.
Лолахон Аҳмедова,
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари
касаба уюшмаси Республика кенгашининг
Фарғона вилояти бўйича масъул ташкилотчиси.