Маълумки, абитуриентларнинг олий таълим муассасаларига кириш учун тегишли ҳужжатларни онлайн топшириш учун битирувчиларнинг паспорт (ID карта) маълумотларини ABITUR электрон дастурига киритиш талаб этилади.
Вазирлик 16 ёшга тўлган ҳар бир битирувчи ўз вақтида паспорт (ID карта) олиши зарурлигини эслатиб ўтди.
Ушбу жараёнда битирувчиларга янада қулайлик яратиш мақсадида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг электрон маълумотлар базаси Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг ABITUR электрон дастури билан интеграция қилинган.
Бугунги кунга қадар жорий ўқув йилида мактабларни тамомлаётган 400 мингдан ортиқ ўқувчининг 16 ёшга тўлган 55 минг (14 фоиз) нафари паспорт (ID карта) олмаганлиги сабабли уларнинг маълумотлари электрон базага ҳозирча киритилмаган.
"Ҳурматли ота-оналар, азиз битирувчилар!
Фарзандингизнинг конституциявий ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда, 16 ёшга тўлган фарзандларингизни ўз вақтида паспорт (ID карта) олишини таъминлашингизни, мактаб маъмуриятидан эса битирувчиларнинг паспорт (ID карта) маълумотларини электрон базага киритиб, уларни келгусида олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишида зарур кўмак беришингизни сўраймиз" дейилади хабарда.
Маълумот учун: Паспорт (ID карта) олиш учун ҳудудий ички ишлар органларининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари ва Давлат хизматлари марказларига мурожаат этишлари зарур.