Малака тоифаси ўқитувчининг билим ва салоҳиятини белгилаб берадими?

    Бугун қўлга киритган ютуқлари, эришаётган кўрсаткичларига яраша юқори маош олаётган, устамаларга даъвогарлик қилаётган ўқитувчилар сони тобора ортиб боряпти. Демак, педагог малакаси ва маҳорати ўз сўзини айтяпти. Шуниси ҳам борки, оила ва рўзғоридан кўнгли хотиржам ўқитувчи эса яна изланишга, ўз устида ишлашга, фанига ижодкорлик билан ёндашишга ҳаракат қилади.

    Президентимизнинг 2023 йил 26 майдаги “Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида бир қанча вазифалар белгиланиб, педагог кадрлар малака тоифаларини синовдан ўтказиш тартиби ҳам кўрсатиб ўтилган эди. Унга кўра, 2024 йил 1 январдан бошлаб давлат мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларига малака тоифасини беришнинг янги тартиби жорий қилинди.

    Айни кунларда педагог кадрлар учун шундай малака тоифа синовлари ўтказилмоқда.

    Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Таълим сифатини баҳолаш, лицензиялаш ва аккредитациялаш департаменти директори вазифасини бажарувчи Сардор РАҲИМБОЕВ билан суҳбатимиз янгиланган тартибдаги мазкур синовлар қандай ташкил этилгани, аттестацияга доир мурожаатлар, эътирозлар қай тартибда қабул қилинаётгани ва муаммоларни бартараф этиш йўллари ҳақида бўлди.

    — Педагог кадрларнинг умумтаълим фанлари бўйича билим даражаси ва касбий маҳоратини баҳолаш тизимини ишлаб чиқишда хорижий давлатлар тажрибасини ўргандик. Бирлашган Араб Амирликларидаги “Emirates national schools” билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилди, — дейди Сардор Раҳимбоев. — Малака синовларига доир аввалги тизимда натижаларни баҳолашда инсон омили ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб, коррупция элементлари кузатилган. Жорий йилда эса Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан малака (тест) синовларини шаффоф, адолатли, холис ўтказиш мақсадида test.uzedu.uz платформаси ишлаб чиқилди. Синовлар компьютерда реал вақт режимида ҳамда FaceID (юзни таниб олиш) орқали ўтказилмоқда.

    Бундан ташқари, коррупцион омилларни бутунлай йўқотиш мақсадида blockchain технологиясидан фойдаланиш йўлга қўйилди. Бу технология орқали ҳар битта педагог томонидан ечилган тестнинг вақти, тўғри ва нотўғри жавоблари ҳақидаги маълумотларни ўзгармас шаклда сақлаш имконияти яратилди. Ушбу механизм аттестация жараёнида юз бериши мумкин бўлган қалбакилаштиришлар олдини олиб, тизимдаги шаффофликни оширишга катта ҳисса қўшади.

    Малака тест синовлари бошланишидан олдин янги тест платформаси Тошкент шаҳрида уч марта, республика миқёсида икки марта апробациядан ўтказилди. Синовлар натижасида тест дастури ва саволлари такомиллаштирилди.

    Шунингдек, биноларга кузатув камералари ўрнатилиб, доимий назорат йўлга қўйилди ҳамда истаган шахсга тест жараёнини интернет орқали кузатиш имконияти яратилди. Педагогларга малака тоифасини бериш янги тартибига мосланган pedkadr.uzedu.uz электрон платформаси ишлаб чиқилди. Тест синовларини ўтказиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида жойлашган таълим ташкилотлари ҳамда бошқа муассасаларнинг катта сиғимли биноларида 1900 та компьютер тайёр ҳолатга келтирилди. Номзодлар учун қулай кутиш жойлари, тиббий хизмат кўрсатиш ташкил этилди.

    — Малака синовларидан ўтиш учун ўқитувчиларга муайян даврийлик белгиланганми? Яъни қанча муддатда ташкил этилади?

    — Янги тартибга кўра, синов бир йилда камида бир марта икки босқичда ўтказилади ва 100 баллик тизим асосида баҳоланади. Биринчи босқичда педагогнинг мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича билим даражаси баҳоланади (80 балл). Бунда педагогларга мутахассислик фани бўйича 35 та, касбий стандартларга оид 5 та тест саволи берилади. Иккинчи босқич педагогик маҳоратни баҳолаш учун ўтказилади. 20 балл билан баҳоланадиган бу синовда 10 та савол-топшириқ берилади.

    Соҳа мутахассислари, олимлар ва амалиётчи педагогларни жалб қилган ҳолда малака синовлари формати — фан мазмуни, таркиби, саволлар сони, топшириқлар тури, вақт меъёри, баҳолаш мезонлари тестология меъёрлари асосида ишлаб чиқилди ва 42 фандан учта тилда (ўзбек, қорақалпоқ, рус) 30 мингга яқин назорат синов материали тайёрланди.

    Бунда педагогларни мушоҳада юритишга чорлайдиган саволлар бўлишига алоҳида эътибор берилган. Ўқитувчиларнинг хотирасини эмас, балки билимини текшириш мақсадида тест дастурининг ўзида калькулятор ва формулалардан фойдаланиш имконияти яратилган.

    Жорий йилнинг 1 март ҳолатига аттестацияда иштирок этиш учун жами 243 мингдан ортиқ педагог мурожаат юборган. Шулардан 200 мингга яқинининг малака (тест) синовларида иштирок этиши кутилмоқда.

    Бугунги кунда умумтаълим мактабларида ярим миллиондан ортиқ педагог фаолият юритмоқда. Уларнинг салкам 54 минг нафари олий, 100 мингдан ортиғи биринчи, 127 мингга яқини иккинчи малака тоифали. 177 мингдан ортиғи мутахассис лавозимига эга, 66 минг 191 нафари эса тоифасиз, яъни ўрта махсус маълумотли.

    Тест синовларини юқори савияда ташкил этиш ҳамда педагогларга етарли шарт-шароитлар яратиш мақсадида малака синовлари ўтадиган биноларда иштирокчилар ҳамда уларнинг яқинларига кутиш, буюм ва кийимларини сақлаш ва бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш жойлари тайёрланган. Шунингдек, баъзи ҳудудларда она-бола хоналари ташкиллаштирилган. Аттестация жараёнлари онлайн трансляция қилиб борилмоқда.

    — Гап билим ва малакани синовдан ўтказиш ҳақида кетар экан, мурожаат ва эътирозлар бўлиши табиий. Аттестация жараёнига оид бу каби муаммолар қай тартибда қабул қилинмоқда? Уларни бартараф этиш учун қандай йўл тутилмоқда?

    — Тест жараёнларига доир эътироз ва коррупцион ҳолатларга дуч келган педагоглар аттестацияга доир мурожаатлар учун вазирликнинг махсус ташкил этилган ишонч телефони (88-827-09-09) ёки бот манзили (https://t.me/uzedu_vazirbot)га мурожаат юбориши мумкин. Биз аввалдан бу ҳақда расмий сайтимиз ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз орқали эълон бериб келяпмиз.

    Ўқитувчиларга тест топшираётган вақтда тизимдан чиқмаган ҳолда эътироз юбориш имконияти яратилган. Шунингдек, кузатувчилар томонидан тест якунида жараён юзасидан ёзма эътирозларни қабул қилиш йўлга қўйилган. Албатта, ўқитувчиларда шахсий кабинетларида ўз натижаларини кўргандан кейин ҳам қандайдир эътирозлар бўлса, апелляция бериш имконияти мавжуд.

    Вазирликда апелляция комиссияси ташкил этилган бўлиб, ўқитувчилар юборган ҳар бир мурожаат алоҳида кўриб чиқилади. Эътироз ўринли деб топилса, керакли баллар қўшилади, аксинча бўлса, экспертлар томонидан асослаб берилади. Бошқа йўналишдаги шикоятлар ҳам ўрнатилган тартибда кўриб чиқилиб, муаллифларга тегишли жавоблар берилади. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун барча зарур чоралар кўрилади.

    — Айтингчи, ушбу малака тоифа синовлари ўқитувчиларга қандай имтиёз ёки устунликлар беради?

    — Малака тоифаси педагогларнинг ойлик маошига таъсир қилиши сабабли ўқитувчилар малака тоифасини ошириб боришдан манфаатдор. Мисол учун, мутахассис лавозимидаги мактаб ўқитувчисининг ойлик маоши (базавий тариф ставкаси) 2,9 миллион сўм бўлса, босқичма-босқич равишда олий тоифага эга бўлгандан сўнг унинг иш ҳақи 4,1 миллион сўмга чиқади. Бу эса мутахассис лавозимли ўқитувчиникидан 35 фоизга кўп, дегани. Шу сабабли малака тоифасини олиш учун номзод педагоглар ўз устида мунтазам ишлаши талаб этилади ва бунинг натижасида замон талабига жавоб берадиган педагогларни рағбатлантириш имконияти яратилади. Асосийси, ушбу механизм таълим сифати ошишига хизмат қилади.

    Жорий йилнинг апрель-май ойларида ўтказилган синовларда малака тоифалари берилган педагог кадрларга QR-код қўйилган электрон шаклдаги сертификатлар уларнинг шахсий кабинетларига юборилади. Июль ойида аттестация натижасида педагог кадрларнинг ойлик иш ҳақларига киритиладиган ўзгаришлар автоматик тарзда ҳисоблаб чиқарилиши учун молиявий ҳисоб-китоб дастурларига юборилади.

    Малака тоифалари ошиши ўқитувчиларнинг моддий шароитини яхшилашга, асосийси, таълим сифатини кўтаришга хизмат қилади.

    Башорат ЮНУСОВА суҳбатлашди.

    Мақола "Янги Ўзбекистон" газетасининг 87-сонида (2024 йил 7 май) чоп этилган.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates