Абдурауф Фитрат: “Сўйла юлдуз. Ҳолинг надур? Нечук топдинг дунёни?

    Жадидчилик манифестини яратган аллома ижтимоий-сиёсий фаолиятининг муҳим қирралари нималардан иборат?

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йил Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида “Кўпчилик зиёлилар қаторида мен ҳам бир фикрни ҳамиша катта армон билан ўйлайман: мамлакатимизда Учинчи Ренессансни йигирманчи асрда маърифатпарвар жадид боболаримиз амалга оширишлари мумкин эди. Нега деганда, бу фидойи ва жонкуяр зотлар бутун умрларини миллий уйғониш ғоясига бағишлаб, ўлкани жаҳолат ва қолоқликдан олиб чиқиш, миллатимизни ғафлат ботқоғидан қутқариш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этдилар”, деб таъкидлади.

    Ўтган аср аввалида юртимизда вужудга келган ана шу жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаларидан бири, шубҳасиз, Абдурауф Фитрат эди. Миллий истиқлол йилларида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси давлат мукофоти билан тақдирланган алломанинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тадқиқ ва тарғиб этиш ўз даври учун нечоғли аҳамият касб этган бўлса, бугунги кун учун ҳам шундай муҳимдир.

    Айтиш жоизки, Туркистондаги жадидчилик ўзига хос миллий хусусиятларга эга бўлиб, у XIX–ХХ асрлар оралиғида бутун дунёда содир бўлаётган улкан тараққиёт ва ўзгаришлар ҳамда Чор Россияси таркибидаги Қрим, Волгабўйи ва Кавказ, жумладан Туркистоннинг ўзидаги оғир сиёсий, ижтимоий ва маданий муаммолар таъсирида вужудга келган ижтимоий, сиёсий, маданий, маърифий ҳаракатдир.

    Шарқ мусулмон дунёсида кенг тарқалган ислоҳотчилик ҳаракати ХХ аср бошларига келиб Туркистонда ҳам ёйила бошлади. Янги кучга кира бошлаган жадидчилик ҳаракати ўлкадаги барча соҳа, жумладан, янги адабиёт, публицистика, сиёсат ишлари келажагини белгилаб берди. Давр ушбу йўналишларнинг характерини аниқлаб берган намояндаларини ҳам ўртага чиқарди. Мазкур ислоҳотчилик, яъни жадидчилик номи билан тарихга кирган ҳаракат жамиятнинг барча соҳаларини тенг қамраб олди. Ўша давр кўзга ташланган ислоҳотчиларидан бири Абдурауф Фитрат (1886–1938) йигирма йилдан ортиқроқ вақт мобайнида, аввал, консерватив фикрга ҳамда маҳаллий мусулмон элитаси урф-одатларига, сўнгроқ эса янги ўрнатилган совет ҳокимиятининг қаттиқ догматизмига қарши курашди.

    Фитрат фаолиятининг асос нуқтасини – негизида ижтимоий озодлик ғояси бўлган эркинлик ва демократик давлатнинг янги концепцияси ташкил қилади. Бу эса, ўз навбатида, унинг ижтимоий-сиёсий фаолияти билан чамбарчас боғлиқ.

    Фитрат Бухорода анъанавий исломий таълим олган. Шу сабабдан ҳам ўз даврининг бошқа зиёлилари каби унинг 1910 йил Истанбулга кетгунига қадар даврини қамраб олган илк сиёсий, ижтимоий ва ғоявий соҳалардаги фаолияти бошданоқ исломий тафаккурга асосланди. Туркияда ўқиш ва турли ишлар билан шуғулланган йилларда эса (1910–1914) унинг фикрий ўсиши ислом тафаккурига янада кучлироқ боғланди.

    Абдурауф Фитрат шубҳасиз ХХ аср биринчи чораги Марказий Осиё зиёлиларининг энг кўзган кўринган ва таъсир доираси кучли бўлган вакилларидан бири ҳисобланади. У ёзувчи, шоир, журналист, сиёсий арбоб ва Туркистон жадидчилигининг ғоявий етакчиларидан бири сифатида танилган.

    Фитрат анъанавий бошланғич эски мактабни тугатгандан сўнг ўқишини аввал Мири Араб, сўнг Бухородаги яна бир бошқа мадрасада давом эттирган. ХХ аср бошларида Бухоро адабий давраларида етарли даражада машҳур бўлган. У “Мижмар” (ёқимли ҳид тарқатувчи чўғдон) тахаллуси остида шеърлар ёзган. Неъматуллоҳ Муҳтарам Фитратни Ҳожи Мулла Абдурауф, деб тилга олади. Муҳтарам ўз асарини тахминан 1903–1904 йилларда ёзиб тугаллаганлиги ва унда Фитрат исмидан олдин Ҳожи лақабининг қўлланилганлиги инобатга олинса, Фитрат айни йигитлик чоғида ҳаж амалини адо қилган, деб айтиш мумкин. У ўша вақтда ҳаж сафарининг анъанавий йўли ҳисобланган Ҳиндистон орқали эмас, балки темир йўл билан Одесса, Туркия орқали Арабистонга борганлигилигини, сўнгра Ҳиндистон орқали қайтиб келганлигини тахмин қилиш мумкин. Фитрат ҳаждан қайтаётиб ёнидаги бор маблағини Ҳиндистонда ўғирлатиб қўйгандан кейин Бухорога қайтиш учун пул топиш мақсадида у ерда бир муддат қолиб сартарошлик билан шуғулланган.

    “Ушбу йил (1910) фикри очиқларнинг бири Абдурауф Фитрат эди. Бу зот Бухоро талабаларининг энг мустаидди, энг фозили саналар эди. Мирзо Абдулвоҳид мактабига кўб қотишиб юрган бўлмаса ҳам, мударрис Абдулқодир Махдум воситаси ила “Сироти Мустақим” мажалласини мутолаа қилиб фикри очилғон ва Истанбул сафари учун ҳозирлик кўруб юргон эди. Бир баҳона ила Бухоронинг бир қисм вилояларини саёҳат қилиб яхшигина маълумот тўблаб мазкур сафарга ҳозирланди.”

    Айнийнинг “Бухоро инқилоби тарихига материаллар” китобидан келтирилган юқоридаги кўчирмадан Фитрат Истанбул сафарига қадар Шарқ мусулмон давлатларида анча ёйилган антиимпериалистик модерн исломчилик ғоялари билан қизиққанлиги ва бу борадаги асосий маълумотларни 1908 йилги 2-конституциявий инқилобдан кейин Туркиядаги исломчиликнинг асосий нашрларидан бири бўлган “Сироти Мустақим” журналидан олганлигини билиш мумкин.

    Турк конституцион инқилобидан икки йил олдин, яъни 1906 йилги Эрон Машрутият инқилоби ва унинг асоратлари Бухоро зиёлиларининг фикрий ўсишига катта таъсир кўрсатди ва бу йўналишдаги ташқи таъсир манбаларидан бирига айланди. Айни шу йиллари Бухорода эронлик Зайналобидин Мароғоийнинг (1837–1910) “Саёҳатномаи Иброҳимбек” (Иброҳимбекнинг саёҳатномаси) асари кенг тарқалди ва омма орасида машҳур бўлди. Бу асар ХХ аср бошларида нафақат эронликлар, балки қўшни давлатлар, хусусан, Бухоро халқи учун ҳам бир “кўзгу” бўлиб хизмат қилди. “Саёҳатномаи Иброҳимбек” форс маданиятининг ғарб – “ўзга” маданият билан қиёслагандаги “нохуш” манзарасини очиб ташлади. Асар айни шу жиҳатлари билан ҳам, юқорида таъкидланганидек, нафақат эрон халқи, балки унга қўшни давлатлар халқларида ҳам катта қизиқиш уйғотди. Айниқса зиёлилар Машрутият инқилоби йилларида бу китобдан завқландилар. Ўша даврда ким “Саёҳатномаи Иброҳимбек”ни ўқиса ёки ўқиган бўлса, конституцион ҳаракат ва янгиланиш тарафдори деб ҳисобланди.

    Тимур Хўжаўғлининг таъкидлашича, Фитрат Истанбулга келмасидан олдин усмонли турк зиёлилари орасида кенг тарқалган антиимпериалистик модерн исломчилик ва туркчилик мафкураси ҳамда бу оқимларнинг қарашлари борасида батафсил маълумотга эга ва бу мафкураларнинг таъсирига тушган эди. Фитрат диний ислоҳот тарафдори бўлгани ҳолда, Айний таъкидлаганидек, “бухоролик талабаларнинг энг мустаидди ва энг фозили” сифатида Марағоийнинг юқоридаги асари билан ҳам жуда яхши таниш бўлган.

    Адиб Холиднинг аниқлашича, Фитратнинг илк асарлари бўлган “Мунозара” ва “Ҳинд сайёҳи”да услуб жиҳатидан ҳам, мазмунан ҳам “Саёҳатномаи Иброҳимбек”нинг кучли таъсири кузатилади. Шу сабаб “Сироти Мутақим” журнали ва “Саёҳатномаи Иброҳимбек” каби бошқа манбалардан “ўзлаштирилган” ғоялар Фитратнинг ХХ аср биринчи ўн йиллиги бошларидаги фаолияти ва ижодининг асосий йўналишини белгилаб берди. Бошқача айтганда, Фитрат ижодининг бу босқичи айрим тадқиқотчилар томонидан “гуманистик ҳурфикрлилик” даври деб ҳам баҳоланди.

    Ёш Фитрат Истанбулдаги ҳаётининг илк даврида турли ғоялар фаол муҳокама ва тарғиб қилинадиган муҳитга тушди. Истанбулда бўлган даври мобайнида Фитрат сўфийлик таълимоти билан суғорилган модерн исломчилик ғоялари устунлик қилган доираларга, хусусан у сўфий турк ёзувчиси, мутафаккир ва “Ҳикмат” нашриёт уйининг таъсисчиси Шаҳбандарзода Аҳмет Ҳилмийга жуда яқин бўлган. Шуни таъкидлаш керакки, юқоридаги вазият сабаб Фитрат даврга оид ўз қарашлари акс этган илк мақолаларини Ҳилмийнинг “Ҳикмат” ва қози ва сиёсий арбоб Абдурашид Иброҳимнинг “Тааруфи Муслимин” каби модерн исломчилик йўналишидаги даврий нашрларида чоп қилган.

    Фитрат Истанбулда тирикчилик учун турли жойларда ишлашга мажбур бўлган. Хусусан, бозорда майда-чуйда савдо билан шуғулланган, мадраса ва масжидда ҳовли супирган, ошпаз ёрдамчиси ҳам бўлиб ишлаган ва ҳакозо. Энг асосийси, 1910 йил давомида ўзининг машҳур “Мунозара” ва “Ҳинд сайёҳи” асарлари устида ишлаган. 1911 йили қийин моддий аҳволига қарамасдан, турли жойларда ишлаб топган маблағига Аҳмад Ҳилмийнинг “Ҳикмат” нашриётида ўзининг юқорида номи зикр этилган икки бадиий асари ва “Сайха” шеърий тўпламини чоп қилди.

    Фитрат ҳолат ва вақтнинг қулайлигидан унумли фойдаланиб, Бухорода қоралаганларини қайта ишлаган кўринади. Зеро, у Истанбулга сафар олдидан Бухоро амирлигининг бир неча вилоятларига сафар қилган ва маълумотлар жамлаган. Албатта, Фитрат жамлаган маълумотлар мамлакатдаги ҳақиқий ижтимоий аҳволни яққол кўрсатиб бериши керак эди. Шу сабабдан ҳам ўз асарларида тасвирлаган Бухоронинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий аҳволи ҳақиқатга жуда яқин. Унинг илк асарлари нафақат бадиий, шу билан бирга тарихий манба сифатида ҳам ўта қимматли.

    Фитрат Бухорода ёзилажак асарларининг сюжети ва йўналишини аниқ билган ҳамда қораламалари бўлганлиги эҳтимолдан ҳоли эмас. Ўз даврнинг диний, фалсафий ва сиёсий қарашларининг таъсири унинг 1910–1915 йиллар оралиғида ёзган асарларида яққол кўриниб туради. Фитратнинг модерн исломчилик фикри ва ғояларига қаттиқ берилиши, эҳтимол уни замонавий ислом уламоларини тайёрлаш мақсадида янгидан ташкил қилинган “Мадрасатул Воизин”га етаклагандир.

    Манбаларда қайд этилишича, 1913–1914 ўқув йили учун 48 нафар талаба, шу жумладан 10 нафар хорижий давлат фуқароси бўлган мусулмонларни қабул қилиш ҳақида эълон берилган. Фитратнинг “Мадрасатул Воизин”га қачон ўқишга кирганлиги масаласи манба ва маълумотлар етарли бўлмаганлиги учун ҳамон муаммолигича қолмоқда. Ҳар ҳолда, у мадрасага кириш имтиҳонларини муваффақиятли топшириб, Заки Валидий қайд этганидек, “Константинополь “Мадрасатул Воизин” диний таълим муассасаси”нинг бухоролик биринчи талабаси бўлган. Лекин 1914 йилда бошланган Биринчи жаҳон уруши Фитратга ушбу мадрасани тамомлашга имкон бермади. 1914 йилнинг ўрталарида Истанбулда таҳсил олаётган аксар талабалар қаторида Фитрат ҳам Бухорога қайтиб келди.

    У мадрасадаги ўқишини тамомлай олмаса-да, Бухоро талабаларининг “энг фозили” сифатида эгаллаган билимлари, мадрасага кириш учун тайёргарлик ва таҳсил давомида олган малака унга улкан интеллектуал бойлик захирасини берди. Айнан Истанбулда ўтказган йиллари “очиқ модерн исломчилик”нинг амалдаги энг аъло намунаси бўлган ўнга яқин асарини ёзди. Бундан ташқари исломчиликнинг Аҳмет Ҳилмий, Меҳмет Акиф, Абдурашид Иброҳим каби нуфузли ғоявий раҳнамолари билан бевосита мулоқот қилиш ва уларнинг асосий асарлари ва ғоялари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.

    Туркиядан қайтган Фитрат мактаб ишлари билан шуғулланар экан, 1915-1916 йиллар давомида қатор асарлар ҳам нашр қилди. Булар “Оила”, “Раҳбари нажот”, “Қисқача ислом тарихи” ва бошқалар. 1920-йилларда Фитратнинг “Чин севиш”, “Ҳинд ихтилолчилари”, “Або Муслим” драмалари саҳнага қўйилди ва ўз даври адабий танқидчилари тарафидан жуда илиқ кутиб олинди. Унинг бу даврдаги ижоди озодлик туйғулари билан тўлиб тошган эди. Юқоридаги асарларнинг барчасида бир мақсад – миллат озодлиги, мустақиллик нашидаси, ҳуррият, эркинлик мавзуси илгари сурилди. Бу ҳолат унинг шеърларида яққол сезилади. Жумладан, “Миррих юлдузига” шеърида даврнинг манзараси, большевиклар сиёсатининг туб моҳияти, улар олиб борган сиёсат бус-бутунлигича очиб берилган эди:

    Гўзал юлдуз, Еримизнинг энг қадрли тувғони!

    Нега биздан қочиб мунча узоқларға тушубсен?

    Тувғонингға нечун сира гапурмасдан турибсен?

    Сўйла юлдуз. Ҳолинг надур? Нечук топдинг дунёни?

    Бизнинг Ерда бўлуб турғон тубанликлар, хўрлиқлар

    Сўйла юлдуз, сенинг дахи қучоғингда бўлурми?

    Борми сенда бизим каби инсонлар,

    Ики юзли иш бузарлар, шайтонлар.

    Ўртоқ қонин қонмай ичган зулуклар,

    Қардош этин тўймай еган қоплонлар.

    Борми сенда, ўксуз, йўқсулнинг қонин,

    Гурунглашиб, чоғир каби ичганлар?!

    Борми сенда, бутун дунё тузугун

    Ўз қопчуғин тўлдурғали бузғонлар?

    Борми сенда, бир ўлкани ёндириб,

    Ўз қозонин қайнатғучи хоқонлар?

    Борми сенда, қорин, қурсоқ йўлида

    Элин, юртин, борин, йўғин сотқонлар?

    1917 йилдан бошлаб Фитрат маориф ишларидан бироз чекиниб, сиёсий фаолият билан шуғуллана бошлади. Бухоро жадидларининг ташаббуси билан тузилган “Ёш бухоролилар” партияси саркотиблиги вазифасини бажарди. Самарқандда нашр қилинган “Ҳуррият” газетасида, аввал, фаол муаллиф сифатида қатнашган бўлса, қисқа вақт ўтиши билан унинг бош муҳаррири сифатида фаолият олиб борди.

    Фитрат бу даврда Россиядаги Муваққат ҳукумат билан ўзаро тенглик асосида алоқаларни йўлга қўйиш борасида жуда кўплаб мақолалари билан сиёсий фаолиятини давом эттирди. Аммо у орзу қилган тенглик, ҳуррият орзуси большевиклар томонидан чилпарчин қилинди. Шу сабаб 1917 йилнинг октябрида содир бўлган тўнтаришни “юрт қайғуси” сифатида қабул қилди.

    1918 йили Тошкентга келган Фитрат ўз атрофига ёшларни йиғиб “Чиғатой гурунги”ни ташкил қилди. Бу жамият 3 йил фаолият олиб борган бўлишига қарамай нафақат ўзбек тили ва адабиёти, балки умуман янги ўзбек маданиятининг шаклланиши ва тараққиёт тарихни буткул янги, замонавий илм асосида ўрганишни бошлаб берди. “Чиғатой гурунги” янги Ўзбекистон тарихидаги маҳаллий зиёлилар тарафидан тузилган биринчи илмий тадқиқот жамияти сифатида тарихга кирди. Айни шу жамият ҳозирги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Фанлар Академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтининг ҳам тамал тошини қўйди. Гурунг аъзолари томонидан қатор илмий рисолалар, айниқса, тил, имло масаласига оид нашрлар эълон қилинди.

    1920–1923 йиллар давомида янги тузилган Бухоро ҳукумати таркибидан турли юқори лавозимларда ишлаган Фитрат турли сиёсий айбловлар билан ишдан бўшатилди ва Москвадаги “Жонли шарқ тиллари” институтига юборилди. Шу даврдан бошлаб Фитрат умрининг охирига қадар фақат илмий изланишлар билан машғул бўлди.

    Фитратнинг адабий асарлари, хусусан, драматург сифатидаги фаолияти замондошлари томонидан якдиллик билан эътироф этилди. 1916–1930 йиллар оралиғида у ўндан ортиқ драмалар ёзди. Айниқса, 1920-йилларда ёзган “Ўғузхон”, “Чин севиш”, “Ҳинд ихтилолчилари”, “Абулфайзхон” каби драмалари катта шуҳрат қозонди. “Чин севиш” драмасида биз олдинги Фитрат, яъни ғарб илм-фанини ўрганишга бўлган тарғиботнинг бошқа бир даражага ўтгани, яъни сиёсий жиҳатдан етукликка эришган Фитратни кўрамиз. У асар қаҳрамони Каримбахш тилидан бу каби ғояларини қуйидагича ифодасини кузатиш мумкин: “Оврупо ишларини ўрганмак албатта керакдир. Оврупода ўқимоқ опруполикларни инсофли, адолатли деб мақтамоқ учун эмас, улардан ўзимизни сақламоқ, тишли-тирноқли бўлиш учун керакдир.”

    Фитрат бундан бироз аввалроқ ёзилган “Шарқ сиёсати” номли мақоласида Ғарбга бўлган муносабатини, унинг ҳақиқий сиёсати нимада эканлигини очиб ташлаган эди. Бир вақтлар “Шарқға маданият мактаблари, инсоният мадрасалари очармиз” деган баҳона билан Туркистонни қонга ботириб, унинг юзини топтаган босқинчи “жаҳонгирлари фоҳишахона ва майхонадан бошқа бир нарса” олиб келмади. Фитрат шу ўринда ўзига ўзи савол беради: “Ажабо, Оврупа жаҳонгирлари бу ишларини билибми қилдилар, билмасданми қилдилар?” Жавоби эса “Албатта, билиб қилдилар, жўрттага қилдилар.” Фитрат мақоласида мустамлакачиларнинг асосий мақсадлари қўл остига олиган мазлум халққа “маданият бериш”, “маориф тарқатиш”, “тараққий этдурмак” эмас, “турли фоҳишахоналар, майхоналар очиб, бизнинг ахлоқимизни бузмоқ” ва охир оқибатда “бизни ишдан чиқармоқ ва ўз қўллариға муҳтож қилиб қўймоқдир”. Фитрат бу фикрларни ёзар экан, сиёсий жиҳатдан анча етишган, халқни ҳақиқий аҳволдан бохабар қилиш учун ҳеч нарсадан тап тортмай фикр юритадиган шахс сифатида кўринади.

    Мантиқан олиб қараганда “Ҳинд ихтилолчилари”ни “Чин севиш”нинг давоми дейиш мумкин. Лекин, улар айри икки асар. “Ҳинд ихтилолчилари”да Фитратнинг она Ватанга бўлган муҳаббати, унинг эрки учун ҳамма нарсага тайёр бўлган “Юртимизни қутқарамиз. Яшасин истиқлол!”, деб мустабид тузумга қарши қўзғалган исёнкорни кўрамиз. Унинг 1922 йили нашр этилган “Ўзбек ёш шоирлари” тўпламидан жой олган “Ўгут” шеърида юрт эркинлиги учун кураш, ҳурриятга эришиш маслагидан қайтмасликка ундов жуда яхши кўринади:

    Оғир йигит! Сенинг гўзал, нурли кўзингда

    Бу миллатнинг саодатин, бахтин ўқудим

    Ўйлашингда, турушингда ҳамда ўзингда

    Бу юрт учун қутулушнинг борлиғин кўрдим.

    Турма. Югур, тинма тириш, букулма юксал,

    Ҳуркма кураш, қўрқма ёпиш, йўрилма, қўзғол,

    Эл йўлини тўсуб турғон эски булутларни

    Ёндириб, қўй, йиртиб, ташла. Барчасини йўқ эт!

    Қилолмасанг шу ишларни

    Сенинг учун хўрлиқдир бу....!

    Йиқил, йўқол, кет!

    Фитрат ўз драмаларида, шеърларида Шарқ, хусусан, Ҳиндистон халқининг мустамлакачи инглизларга қарши кураши орқали она Ватан – Туркистоннинг туганмас дардларини ифода қилди.

    У тарихий драма жанрига асос солди. “Абулфайзхон”, “Або Муслим” каби драмаларида тарихга юзланар экан, ўтмишдаги воқеликнинг мазмун-моҳиятини тарихий шахслар образи орқали қайта жонлантиришга ҳамда керакли хулосалар чиқаришга муваффақ бўлган ижодкордир.

    Алломанинг ҳаёти ва ижодий фаолияти тарихнинг энг қалтис дамларида Миллат ва Ватанга хизмат қилишнинг ёрқин намунасидир. Йирик жадидшунос олим Бегали Қосимовнинг сўзлари билан айтганда, ҳар қандай ҳолда ҳам халқ билан бирга бўлиш, унинг манфаатини ҳар нарсадан устун қўйиш, ҳар нарсадан муқаддас билиш Фитрат шахсиятининг энг муҳим хусусиятларидан эди.

    Туркистон жадидчилигининг ёрқин сиймоларидан бўлган Абдурауф Фитратнинг фаолияти, айниқса, бадиий асарлари Бухоро ва Туркистон жадидчилиги тарихида сезиларли роль ўйнади. У мусулмонларнинг жаҳолат ва қолоқликдан қутулиш йўлини замонавий илм-фанда кўради. Қисқа муддатда бутун Туркистонда жадидчиликнинг асосий ғоявий етакчиларидан бирига, “Мунозара” асари эса Бухоро ва Туркистондаги жадидчилик ҳаракатининг манифестига айланди.

    Ҳозирги жадидшунослик ва жадид тадқиқотлари, хусусан фитратшуносликдаги муаммолар ва уларнинг таҳлили Марказий Осиё жадидчилиги, хусусан унинг асосий ғоявий етакчиларидан бири бўлган Фитрат ҳаёти, ижоди ва фаолияти билан боғлиқ ечимини топмаган талайгина масалалар борасида тегишли аниқ жавоблар айтишга имкон яратади.

    Зайнобиддин АБДУРАШИДОВ

    филология фанлари доктори, профессор

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates