Адлия вазирлиги: Давлат рамзлари товар белгиси эмас!

    Инстаграм ижтимоий тармоғидаги каналда уй-рўзғор буюмларида давлат герби ва байроғи тасвирларидан фойдаланилгани намойиш қилинган. Ҳолатга Адлия вазирлиги муносабат билдирди.

    Маълум қилинишича, мазкур иш Ўзбекистон Республикаси давлат рамзларига нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланади.

    Ўзбекистон Республикаси “Давлат герби тўғрисида”ги Қонунининг 5-1-моддаси ҳамда "Давлат байроғи тўғрисида"ги Қонунининг 5-2-моддасига мувофиқ, давлат рамзлари тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмас.

    "Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида"ги Қонуннинг 10-моддасида давлат герблари, байроқлари ва давлат мукофотларининг тасвири туширилган белгилар; давлатларнинг расмий номлари товар белгилари сифатида рўйхатдан ўтказилмаслиги белгиланган.

    Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 215-моддасида Ўзбекистон Республикаси ёки Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат байроғи, Давлат герби ёхуд Давлат мадҳиясига ҳурматсизлик қилиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади деб белгиланган.

    Адлия вазирлиги давлат рамзларини ҳурмат қилишни ва қонунга биноан фаолият юритишни сўраб қолади.