23 мар 2025
08:06

    Аэросуратлар — энг замонавий, юқори аниқликдаги тасвирлар

    Ўзбекистонда охирги йилларда космосуратлардан энг замонавий усул бўлган аэросуратлар олишга ўтиляпти.

    Дунёда ҳали ўлчов асбоблари пайдо бўлмаган даврларда ерлар қўлда қаричлаб, кейинчалик саржин, пўлат лента рулеткалардан фойдаланиб анъанавий метрлар ёрдамида ўлчанган. Аста-секин замонавий қурилмалар пайдо бўлиб, геодезик ўлчовларни олиб боришда электрон тахеометрлар, GPS қурилмалардан фойдаланиш оммалашди. Бугунги кунга келиб эса, топографик ўлчовлар сунъий йўлдош орқали олинган суратлар, дронлар, махсус самолёт, аэрофотокамера сингари энг сўнгги технологиялар ёрдамида амалга ошириляпти.

    Бу қурилмалар ўлчашларнинг юқори аниқлигини таъминлайди. Улар асосида геодезик чизмалар чизилиб, хариталар яратилади. Масалан, “google” хариталаридан деярли ҳар куни фойдаланамиз. Улар нафақат олис сафарга йўл олганимизда, балки бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга ёки яқин орадаги нотаниш манзилга аниқ етиб боришимизда қўл келади. Аммо бу кичик бир мисол холос. Кенг миқёсда олганда геодезия ер устидаги барча нарсаларнинг ўлчовини олиб, харитага киритишни англатади. Унинг асосида ҳудудларнинг, қолаверса, мамлакат харитаси яратилиб, тез-тез янгилаб борилади.

    Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 2 июлда қабул қилинган “Геодезия ва картография фаолияти тўғрисида”ги қонунида давлат геодезия, нивелир, гравиметрия, геодезик зичлаштириш тармоқларини яратиш, ривожлантириш ва ишлаш ҳолатида сақлаб туриш белгиланган. Бу борада геодезия ва картография фаолиятида доимий фаолият кўрсатадиган сунъий йўлдош орқали кузатиш станциялари тармоғини яратиш ва ривожлантириш алоҳида ўрин тутади.

    Ноль нуқтадан асосий координатагача

    Ҳудудларда ана шундай геодезик ўлчов ва тенглаштириш ишларини олиб бориш мақсадида 2018 йили Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан туманлар марказларига илк бор 50 та доимий ишловчи глобал навигацион сунъий йўлдош тизимлари — GNSS станциялари ўрнатилди. Мазкур станциянинг ҳар бири сунъий йўлдош маълумотларини қабул қилиб олиб, 30—40 километр масофагача тарқатади.

    Тизимнинг ишлаш принципи юқори орбитал навигацион сунъий йўлдошлар гуруҳи маълумотлари асосида РТК (реал вақт кинематикаси) технологиясидан фойдаланиб объект жойлашган ўрнини аниқлашга асосланган. Яъни, GNSSлар реал вақт режимида геодезик, топографик ишларни аниқ бажариш имконини беради. Станциялар орқали олинган сунъий йўлдош маълумотларидан иқтисодиёт тармоқлари, ер кадастри, транспорт, логистика, қишлоқ хўжалиги соҳаларида, барча лойиҳа-қидирув, қурилиш ишларида нуқталар координаталарини аниқлаш, топографик съёмка ишларини бажаришда фойдаланилади.

    Мамлактимиз шароитида GNSS станцияларининг геодезик ишлаб чиқаришга жалб қилиниши натижасида нуқта координаталарини қисқа муддатда юқори аниқликда топиш имконияти пайдо бўлди. Координаталар аниқлиги иқтисодиётнинг барча соҳаларида зарур. Масалан, давлат координаталар тармоғининг бошланғич нуқтаси Пулково обсерваториясидан олинган. Нуқталарнинг абсолют баландлиги — Болтиқ баландликлар системасида аниқланади. Сабаби баландлик нуқталар боши — ноль нуқта ўша ердан олинган. Агар аниқлик тўғри белгиланмаса, йўл паст-баландликдан иборат бўлади. Қурилиш соҳасида ҳам шундай. Объектларни қуришда ҳар бир бурчак аниқ ўлчанмаса, қийшиқлик, носозлик, турли нотекисликлар ва ҳатто силжишлар келиб чиқади. Барчага маълумки, бурчак ўлчов ишларида градус, минут, секундлардан фойдаланилади. Айтайлик, объектлар жойлашуви 1º (градус) хатоликда ўлчанганда, 1 километр масофада 17 метрдан ортиқ хатолик билан жойлашишига олиб келади.

    Шу боис, геодезик тармоқлар, шунингдек, шаҳар геодезик таянч пунктларини қуришда GNSS технологияларидан фойдаланиш ривожланган давлатлар тажрибасида оммалашган. Улар юқоридаги жараёнларда аниқ, тезкор, сифатли ва кенг унумли геодезик асос вазифасини ўтайди.

    Доимий ишловчи GNSS станция ҳисобига олдин тўрт нафар мутахассис бажариши керак бўлган ишни бир киши РТК режими ёрдамида уддалайди. Яъни, ўлчаш қурилмаларини қўлда кўтариб, ер майдонларини айланиб юришга ҳожат қолмайди — исталган миқдордаги қурилмани станцияга улаб қўйиш кифоя. Бунда ишчи кучини кам сарфлаб, иш ҳажмини 40—50 фоизга ошириш мумкин. Геодезик маълумот олишда анъанавий усулга нисбатан вақт бир неча баробар тежалади. Қолаверса, GNSS станция ҳисобига ҳудудларда геодинамик тадқиқотларни амалга ошириш имконияти ҳам бор.

    Сунъий йўлдош орқали олинган GNSS станциялари маълумотлари рақамли равишда тақдим этилади ва уларни картографик ёки географик ахборот тизимларига осонгина экспорт қилиш мумкин. Бундан ташқари, ўлчовларни автоматлаштириш туфайли кузатувчиларнинг хатолари камаяди. Станция маълумотлари ёрдамида ҳар қандай об-ҳаво шароитида кун давомида дунёнинг исталган бурчагидаги объектларнинг координаталарини аниқлаш мумкин. Боиси, GNSS ўлчовининг аниқлиги об-ҳаво шароитларига боғлиқ эмас.

    Шунингдек, сунъий йўлдош каналларидан фойдаланиш ва сигналларни қайта ишлаш қишлоқ хўжалигида ерларни инвентаризациядан ўтказиш, кадастр объектларини текшириш, ер усти ва ер ости қатламининг бузилиши, турар-нотурар бинолар ҳолатини мунтазам ўрганиш, кўчмас мулк объектларини ҳисобга олиш ва кадастр суратга олиш ишларида ҳам қўл келади.

    Харитада гугурт қутисини ҳам кўриш мумкин

    GNSS станциялар геодезик чизмалар чизиш, хариталар яратишда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Масалан, авваллари турли ҳудудлардаги ер майдони ёки объектларнинг ўлчамини аниқлаш учун ўша жойнинг ўзига бориб, махсус асбобларда ўлчов ишлари амалга оширилиб, сўнг харитага тушириш керак бўлган. Ҳозир эса GNSS станцияга уланган замонавий қурилмалар ёрдамида олинган ортофотоплан орқали мутахассис жойида ўтирган ҳолда объектнинг аниқ ўлчами ва ҳолатини аниқлай олади.

    Соҳадан йироқ кишилар учун бироз тушунарсиз бўлган ортофотоплан аниқ геодезик асосда олинган аэро ёки космик суратлар орқали яратиладиган рақамли хариталар асоси ҳисобланади. У айниқса, геодезик, топографик, геологик, экологик тадқиқотларда, ер тузиш, архитектура ва қурилишни лойиҳалашда ҳамда қурилиш-монтаж ишларини назорат қилишда кенг қўлланилади. Унда жамики ер устидаги объектлар тўғрисидаги маълумотлар қайд этилади.

    Ортофотопланлар асосида эса топографик хариталар яратилади. Бу хариталарда геодезик пунктлар, рельеф, гидрография, ўсимлик, тупроқ, иқтисодий ва маданий объектлар, йўллар, алоқа, чегаралар, умуман, жамики ер объектлари тўғрисидаги маълумотлар қайд этилади.

    Ўзбекистонда охирги йилларда космосуратлардан энг замонавий усул бўлган аэросуратлар олишга ўтиляпти. Бу янада аниқликни таъминлайди. Бунгача 2015, 2018 йилларда олинган космосуратлардан фойдаланилар эди. Уларнинг аниқлиги нисбатан камроқ бўлиб, олинган тасвирлар харитада яқинлаштирилгани сари хиралашиб боради ва йўқолиб кетади. Аэросуратлар тасвирларини эса қанча яқинлаштирса ҳам, расм тиниқлигини йўқотмайди.

    Ҳозир юртимизда энг замонавий “Leica DMC III” русумидаги камералар ёрдамида 96 592 квадрат километр ҳудуд аэросуратлари олинди ва 69 318 квадрат километр майдондаги ҳудудлар учун ортофотопланлар тайёрланди. Бунда камера самолётга ўрнатилиб, белгиланган ер майдонлари, объектларни аэротасвирга олади. Ушбу камералар космосуратлардан фарқли тарзда ердаги 5 сантиметргача бўлган нарсани ҳам аниқ кўрсатиб беради. Масалан, аэротасвир туширилган электрон харитада, ҳатто, ердаги гугурт қутисини ҳам кўриш мумкин.

    Яқинда аэросуратлар олишда фойдаланиш учун Италияда ишлаб чиқарилган “Теcнам П2006Т” русумли самолёт олиб келинди. Энг сўнги русумдаги мазкур самолётдан фойдалана бошланса, Ўзбекистоннинг турли масштабдаги хариталарини тез-тез янгилаб туриш имконияти юзага келади.

    Гап шундаки, юртимизда ҳар хил масштабдаги хариталар яратилган бўлиб, улар мунтазам янгилаб борилади. Натижада, хариталарнинг долзаблиги таъминланади. Бу мамлакатдаги жадал ривожланиш суръати билан боғлиқ. Масалан, Андижон вилояти ҳудудидаги шаҳарларнинг топографик хариталари 2014 йилда янгиланган. Ундан кейин ҳудудда қанча ўзгаришлар бўлди. Янги объектлар, йўллар қурилди. Уларни харитага киритиш учун эса янгилаб бориш талаб этилади. Шундай эскирган хариталарнинг барчаси рақамлаштирилди. Аммо бу жараён давомий ҳисобланади. Янгилаш муддатлари эса хариталар масштабига қараб белгиланади.

    Авваллари Ўзбекистон ҳудудлари харитасини электрон кўришнинг ҳам имкони йўқ эди. Юртимизда электрон хариталарни яратиш ишлари 2006 йиллардан бошланган. Ҳозирги кунда мамлакатимиз харитасини тўлиқ электрон шаклда кўриш мумкин. Ҳатто, давлат координата тизими ёпиқ ҳолатдан очиқ тизимга, яъни, бутунжаҳон геодезик тармоғига ўтказиляпти. У эндиликда, оммага очиқ тақдим этилади.

    Яна 80 та станция

    Ўзбекистон Республикаси географияси нафақат аҳоли пунктлари, балки чўл ва тоғ зоналаридан иборат. У ерларда ҳам иқтисодиёт ривожланиб, катта заводлар, йўллар қуриляпти. Мазур ҳудудларда ҳам геодезик тасвирларни олиш, аниқликни таъминлаш зарур. Шу мақсадда GNSS станциялари сонини яна 80 тага кўпайтириб, 2022-2023 йилларда жами 130 тага етказиш режалаштирилган. Ҳозир янги станцияларни лойиҳалаштириш ишлари олиб бориляпти.

    Ҳудудларда ишлаб турган станциялар бир нуқтага уланган бўлиб, Республика аэрогеодезия марказидаги GNSS станциялар тармоғини бошқарувчи назорат марказида онлайн тарзда кузатиб борилади. Интернет тармоғи ва алоқа каналлари шакллантирилиб, станциялар тармоғи марказга боғланди ва маълумотларни қайта ишлаш йўлга қўйилди. Станцияларни марказий бошқариш ва назорат қилиш “Spider” дастури пакети ёрдамида амалга оширилади.

    Бу ерда GNSS станциялар маълумотлари билан таъминлаш хизмати ҳам жорий қилинган. Станцияларнинг кординатаси аниқ бўлгани боис, тадбиркорлар ҳам унга қурилмаларини ўрнатиб, чизмалар, схемалар чизишда фойдаланяпти. Бунинг учун расмий мурожаат қилган ҳолда онлайн рўйхатдан ўтиб, уяли алоқа компаниялар мижозлари каби абонент сифатида қўшилиш мумкин. GNSS станциялари қабул қилинган маълумотларни қайта ишлаб, ўзларига боғланган объектларга уларнинг жойлашган жойини юқори аниқликда аниқлаб беради. Унда барча архив маълумотлар ҳам сақланади. Геодезик қурилмалар станцияга чексиз тарзда уланиши мумкин.

    Доимий ишловчи GNSS станцияларига абонент сифатида қўшиш ишлари босқичма-босқич олиб борилмоқда. Ҳозирги кунда станциялар маълумотларидан кадастр режалари ва карталарини яратиш ҳамда янгилаш, ер усти ва ости қатламларини текшириш, ер ва кўчмас мулк чегараларини аниқлаш, лойиҳа-қидирув ишлари, тупроқ ва структуранинг ўзгариши мониторинги, коммунал хизматлар ва бошқа соҳалар бўйича фаолият олиб бораётган 102 та давлат ва нодавлат ташкилоти беғараз фойдаланмоқда.

    GNSS станциялар сони 130 тага етказилгач, юртимизнинг барча ҳудудлари қамраб олинади. Бу исталган ҳудуднинг геодезик ишларини амалга ошириш, хариталарни яратиш ёки янгилаш, марказда ўтирган ҳолда координаталарини аниқлаш имконини беради. Турли соҳаларда тезкор ва аниқ ўлчамларни олишга хизмат қилади.

    Акмал ОМОНОВ,

    Давлат Солиқ қўмитаси ҳузуридаги

    Кадастр агентлигининг Республика аэрогеодезия

    маркази директори

    Телеграм каналимиз
    Text to speech