Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида гул бозорида қадрдон ҳамкасб дўстимни учратиб қолдим. Анча гурунглашдик. Ҳазил-ҳузул билан бошланган суҳбатимиз байрам арафасида кечгани учунми, оналар, опа-сингиллар ва оилаларимиз ҳақида бўлди. Дўстимнинг қўлида гулдаста эмас, гул кўчатларини кўриб савол назари билан қарадим. У нигоҳимдаги савол аломатини дарҳол пайқади. Онасини табриклагани қишлоққа бораётганини айтди. Қизиқ, кўчат билана?!
* * *
— Биринчи синфга борганимдан икки ой ўтгач, онам хасталаниб вафот этди, — дея ҳикоясини бошлади дўстим. — Маъракалари ўтгач, яна мактабга қатнай бошладим. Биринчи ўқитувчимиз расм дарсидан ташқари барча фан машғулотларини ўтадиган жуда меҳрибон киши эди. Баҳор келиб, аёллар байрамидан бир кун аввал — охирги дарс якунида синфдош қизларни табриклаб, кўнгилни қувонтирадиган сўзлар айтди. Айни пайтда биз, ўқувчиларга эртага, албатта, оналаримизни табриклашимиз зарурлигини насиҳат оҳангида тайинлади...
Бу менга негадир топшириқдек туюлди. Аммо вазифани бажара олмаслигимни англаб, мен учун энг азиз инсонни йўқотишдан ярадор кўнглимдаги оғриқ ҳали ҳам кетмаганди. Аслида, бу воқеа гоҳ туш бўлиб қолишига, гоҳ онамнинг қандайдир мўъжиза билан уйга кириб келишига ўзимни ишонтирмоқчи бўлиб юрган кезларим содир бўлган эди. Буни менга бирор киши эслатишини, ачиниб қарашини ҳам истамасдим. Чунки бу қарашлар хаёлий орзум ва кутган мўъжизамни йўққа чиқарадигандек туюларди.
Истак ва соғинч устунлик қилибми, эртаси куни тушга яқин қишлоғимиз чеккасидаги қабристонга бордим. Хаёлимда симтўр билан ўралган қабристонга қараб онамни байрам билан табрикламоқчи бўлдим. Аввалига симтўр ортидан туриб пичирлаб нималардир дедим. Тахминан «Сизни яхши кўраман, жуда соғиндим», деган бўлсам керак. Негадир «Совғам бўлганда эди...» деган фикр хаёлимдан ўтди. Сўнг атрофга аланглаб эрта баҳор кунлари дўнгликларда униб чиққан тугмачагул, битта-яримта қизғалдоққа ўхшаш ўт-ўланга кўзим тушиб, қувониб кетдим. Улардан бир тутам юлиб келдим. Амаллаб чуқурча ковлаб, гулларни экдим. Қабристон ёқасидаги анҳордан чеккаси йиртиқ дўппимда сув олиб чиқиб қуйдим. Шундай қилсам, бу гуллар томир отиб кетади, онам уларни кўриб қувонади деб чиппа-чин ишондим ҳам.
Байрамдан сўнг мактабга борганимизда муаллим биздан оналаримиз, опа-сингилларимизни байрам билан табриклаганимиз ҳақида сўради. Барча жўр овозда «Ҳа, табрикладик!» деди. Назаримда, менинг овозим энг баланд, ишончли ва қувончли жаранглагандек бўлди...
Иккинчи қутлов
...Уруш қатнашчиси бўлган отам бошқа уйланмади. Тарбиямизга қаттиқ қарар, ўқиб билим олишимизни доим рағбатлантирарди. Дарс қилаётганимни, ҳатто бирор бадиий китоб ўқиётганимни кўрса, зарур бўлса ҳам асло иш буюрмас, ўша ишни ўзи қиларди. Ойлар, йиллар ўтиб, ўзим ўйлаб топаётган мўъжизалар энди чуқур ҳурмат ва эъзозга йўғрилган хотираларга айлана борди. Китоб ўқиш энг яхши кўрадиган машғулотимга айланди.
Кунларнинг бирида онамнинг ҳаётлигида тушган ва девордаги рамкага солинган яккаю ягона сурати ортидан рўмолини топиб олдим. Худди бошидан сирғалиб сурат ортига тушиб қолгандек эди. Ўша куни рўмолни ҳидлаб, қучиб ухлаб қолдим. Кейин яшириб қўйдим. Қачон онамни соғиниб эсга олсам, рўмолни олиб ҳидлайдиган бўлдим. Уни ҳозир ҳам сақлаб келаман...
Ойлар, йиллар билан бирга ҳаёт ҳақидаги қарашларим, тушунчаларим улғая борди. Саккизинчи синфга ўтган кезларим туман газетасига хат-хабар ёза бошладим. Улар чоп этилганда негадир кўпинча онам ёдимга тушарди. Ўша кезда Халқаро хотин-қизлар куни байрами арафасида илк бор шеър ёзиб жўнатдим. Шеърим она ҳақида эди. Маъқул бўлди, шекилли газетанинг байрам сонида эълон қилинди. Ҳозир ўша шеърни тўлиқ эслай олмайман. Фақат охирги сатри ёдимда: «Ишонаман, она, бир куни тонгда, уйғотасиз бошим сийпалаб».
— Мана шу гул кўчатларини онамнинг қабри пойига ўтқазиб келмоқчиман, — дея суҳбатимизни якунлади дўстим.
Бу хотиралар, самимий сўзлар онадек улуғ зотга чексиз ҳурмат ва эъзоз, энг самимий табрик ифодаси эди.
Рустам БОЙТЎРА,
«Янги Ўзбекистон» мухбири