Эгнида оқ яктак, белига белбоғ боғлаган уста тонг ҳавосидан тўйиб нафас олиб, устахона томон одимлади. Бир муддат атрофни кўздан кечирди, хомашёларга назар солди. Оддий ёғочларга ажиб манзара, нақшлар солиш билан андармон бўлиб изланаётган шогирдлари ишига эътибор бериб, нақшлар устига меҳр билан қўл югуртирди, ёшлар ишидан кўнгли тўлди. Ғайрати жўш урди, қўлига искана ва болғачани олиб, ёғоч устига энгашганча ишга киришди...
Таниқли ёғоч ўймакор уста Муҳаммадали Юнусов фаолиятини шу тарзда бошлашга одатланган. Қулоч етмас устунларга турфа нақш солиш ҳаётининг мазмунига айланганига ярим асрдан ошди. Унинг қалб қўри, кўз нури, ижодкорлик қобилияти билан ишланган турфа ёғоч буюмлар, айвон ва устунлар йиллар давомида элга манзур бўлиб келмоқда.
Маҳобатли устунлар, нақшинкор айвонлар нафақат мамлакатимизда, балки хорижда ҳам маълум ва машҳур. Уста ясаган амалий санъат намуналари ҳайратни оширади. Маҳобат билан ишланган ҳар бир нақшнинг ўз жилоси, оҳанрабоси бор. Қалбга эзгулик, юракларга ҳайрат уруғини сочади.
Муҳаммадали ака эллик йилдан буён ёғоч ўймакорлик билан шуғулланиб, элда ҳурмат-иззат топди. «Ўзбекистон Республикаси халқ устаси» фахрий унвони, «Эл-юрт ҳурмати» орденига муносиб кўрилди.
— Наққошлик бизга отамерос, — дейди уста. — Мен бешинчи авлод вакилиман. Қўлимга искана олганимда нари борса, 6-7 ёшли бола эдим. Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос ёғоч ўймакорлик услуби, нақш солиш анъанаси бор. Қўқон ёғоч ўймакорлик мактабида нозик ва бежирим нақшларга алоҳида ўрин ажратилган. Муҳими, ҳаммаси ижод ва изланиш маҳсули. Ҳаракат қилган одам меҳнатидан қадр топмоқда. Бугунгидек қулай шароитлар йўқ эди. Тор ҳовлида бир амаллаб ишлаганмиз. Ҳунар ўрганиб, кам бўлмадик. Айни кунда икки мингдан ортиқ шогирдим бор. Улар миллий ёғоч ўймакорлик санъатини ривожлантириш, унутилган анъаналарини тиклаш йўлида изланиш олиб боряпти. Ёғоч ўймакорлиги бир қараганда, оддий иш бўлиб кўриниши мумкин, аммо у жуда мураккаб санъат тури. Бу ишга қўл урганлар нозик дидли, сабр-бардошли, билим ва изланишдан қочмайдиган бўлиши шарт. Адабиёт, мусиқа, тарих, кимё, математикадан хабардор бўлмай туриб, ушбу ҳунарни эгаллаб бўлмайди.
Муҳаммадали ака бобомерос ҳунарни ривожлантириб, тараққий этишига ҳисса қўшиб келаётган фидойилардан. Фурқат тумани марказида «Уста Юсуфжон наққош» оилавий корхонасини очиб, «Уста-шогирд» мактабида юздан ортиқ ёшга ёғоч ўймакорлигини ўргатиб келмоқда. Бу ерда дурадгорлик ускуналари ва ёғоч маҳсулотлар музейи ҳам ташкил этилган.
Президентимиз 2022 йил май ойида Фарғона вилоятига ташрифи доирасида «Уста Юсуфжон наққош» оилавий корхонасида бўлиб, уста Муҳаммадали Юнусов билан суҳбатлашганди. Мазкур оилавий корхона ёнида мактаб ташкил этиш, унда ҳунар билан бирга математика, геометрия, физика, кимё каби фанларни чуқурлаштириб ўқитиш муҳимлигини таъкидлаганди.
— Давлатимиз раҳбари ўшанда ота-боболаримиздан мерос ҳунарни асраб-авайлаб, ёш авлодга етказаётганим, уларни ишли қилаётганим учун мамнун эканини билдирган эди, — дейди уста. — Шундай ҳунармандчилик турларини янада оммалаштириш, бу ҳам маданият, ҳам маърифат, ҳам иқтисодиёт экани ҳақида суҳбатлашгандик.
Устанинг иш намуналари 2019 йил сентябрда Қўқон шаҳрида ўтказилган халқаро ҳунармандлар фестивалида «Энг яхши ҳунарманд» номинацияси бўйича ғолибликка лойиқ кўрилди. Ўшанда барчанинг кўз ўнгида Қўқон ёғоч ўймакорлиги ва дурадгорлик анъаналари бор бўй-басти билан кўрсатиб берилди. Уста фестивалнинг очилиш тадбиридаги концерт дастури давомида шогирдлари билан миллий услубдаги тўрт тарафи очиқ равоқни ҳеч қандай елим, михсиз тиклаб, иштирокчилар олқишига сазовор бўлган эди.
— Бугун миллий услубдаги сўри, хонтахта, нақшинкор айвонларга талаб юқори, — дейди уста. — Илгари ёнғоқ, чинор, қайрағоч, тут, тол дарахтидан маҳсулот тайёрлаган бўлсак, энди қайин, павловния ёғочига ишлов бериб, бежирим ва кўркам буюмлар тайёрлашга ҳаракат қиляпмиз. Ёғочга нақш солишда замонавий компьютер технологияларидан ҳам фойдаланса бўлади. Лекин қўл меҳнати орқали тайёрланган жиҳоз ва буюмларнинг қадри бошқача. Ёғочга бармоқларингиз орқали ўтган меҳр бошқача жило беради, кўрганнинг кўзи қувнайди.
Уста юртимиздаги кўплаб мажмуаларга кўрк бағишлаган, нуфузли, маҳобатли биноларни барпо этиш жараёнида ўймакорлик ишлари билан қадимий миллий ҳунармандчилик анъаналарини тиклашга ҳисса қўшган. Пойтахтимиздаги Ҳазрати Имом мажмуасини барпо этишда 8 метрли устунларни тайёрлаш ҳамда кириш қисмидаги айвонларнинг нақшини тушуришда бош уста сифатида ишлади. «Қатағон қурбонлари хотираси» музейининг устунларини ҳам нақш билан безади. Миллий боғдаги «Халқ амалий санъати» галереясининг айлана айвон қисми, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси айвонлари қурилиши, Дониёл пайғамбар мақбарасида 8 қирра, 8 устунли миллий аркли айвон ҳамда кўплаб туман ва шаҳарлардаги ёғоч ўймакорлиги ишлари ҳам айнан Муҳаммадали Юнусовга тегишли.
Ҳунармандчиликда Самарқанд, Хоразм, Тошкент ва Қўқон мактаби бор эди. Услуби жиҳатидан бу мактабларнинг ҳунармандлик ишлари ажралиб туради. Бугун, ҳеч шубҳасиз, Фурқат тумани мактаби ҳам вужудга келди. Барча соҳа ва тармоқлар қатори ҳунармандчилик йўналишидаги янгиланишлар замирида ҳам қадриятларимизни тиклаш, ёшларни ҳунарли қилиш ва иш билан таъминлаш каби вазифалар устувор.
Корхона раҳбари Муҳаммадали Юнусов миллий ёғоч ўймакорлиги мактабининг муносиб давомчиси. Унинг ижодида «паргори», «шарафа», «муқарнас» ва «ислимий» услублар асосий ўринда. Нақшинкор устунлар, курси, лавҳ, қутича ва бошқа буюмлар ҳамиша харидоргир. Устанинг шогирди кўп. Шу боис, кенг шароит яратиш мақсадида корхона учун янги бино қуриб битказилган.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг корхонага ташрифи давомида берилган имкониятлардан самарали фойдаланган тадбиркор ҳунармандчилик мактаби фаолиятини ташкил этиши натижасида 100 дан зиёд ёш учун доимий иш ўринлари очилган. Эришилган натижа ва олинган даромад эвазига тумандаги эҳтиёжманд оилаларга кўмак бериш, ёш ҳунармандларни яқиндан қўллаб-қувватлашга ҳам тадбиркор муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Устахонада ҳаёт қайнайди. Қўлига искана ва болға тутганларнинг ёши, бўй-басти, қараши турлича. Аммо мақсади ва истаги битта — оддий ёғочдан гўзал санъат асари тайёрлаш.
Нодир МАҲМУДОВ,
Расулжон КАМОЛОВ,
«Янги Ўзбекистон» мухбирлари