Термиз халқаро савдо марказида муҳим учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Афғонистон Бош вазири котибияти раҳбари Мулло Абдул Восе ҳамда Балх вилояти губернатори Муҳаммад Юсуф Вафо раҳбарлигидаги делегациялар иштирок этди.
Мулоқот чоғида икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик, жумладан, савдо, транспорт, гуманитар ва маданий алоқаларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида Афғонистон томонидан Самарқанд шаҳрида барпо этилаётган Имом Бухорий мажмуаси қурилиши учун юборилган 16 та юк машинасидаги Ҳирот оқ мармари Ўзбекистон томонидан қабул қилиб олинди.
Қайд этилишича, бу тошга дунёда катта қизиқиш мавжуд. У иссиқда исиб, совуқда совиб кетмайди. Тозаланиши ҳам жуда осон. Ўзига сув юқтирмайди. Иккинчи босқичи ҳам тайёр бўлиши билан Ўзбекистонга етказилади.
Бундай амалий ҳамкорлик икки биродар халқ ўртасидаги тарихий яқинлик, ўзаро ҳурмат ва дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши эътиборга сазовардир.









