Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепсиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор Республикада умумий аҳоли рўйхатини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Мазкур концепсияда Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва унинг фаровонлиги ҳақида ишончли маълумотлар, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш бўйича узоқ муддатли прогнозлар, давлат мақсадли дастурларини, янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларини ишлаб чиқиш, миллий барқарор ривожланиш кўрсаткичларини шакллантириш, меҳнат ресурсларини жойлаштириш ҳамда улардан фойдаланиш жараёнларини ўрганиш, илмий-тадқиқотлар ўтказиш жараёнларини ўрганиш каби мавзулар хусусида сўз боради.
Мустақиллик йилларида мамлакатда биринчи маротаба аҳолини рўйхатга олиш жараёни Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2023 йилда ўтказилиши белгиланган.
Aҳолини рўйхатга олиш натижалари ижтимоий инфратузилмани режалаштириш, аҳолига хизмат кўрсатишни яхшилаш, заиф гуруҳлар ва географик ҳудудларнинг эҳтиёжларини қондириш учун далилларга асосланган сиёсатни ишлаб чиқиш учун ишлатилиши кутилмоқда. Шу нуқтайи назардан, аҳолини рўйхатга олиш натижаларини тайёрлаш ва нашр этиш давлат органлари, таҳлил марказлари ва бошқа манфаатдор томонларнинг аналитик салоҳиятини яхши режалаштириш ва ривожлантиришни талаб қилувчи жуда муҳим қадамдир.
“Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти БМТнинг Ўзбекистондаги Aҳолишунослик жамғармаси (YUNFPA) билан 2021 йилга мўлжалланган умумий иш режаси доирасида жорий йилнинг 6-7-октябр кунлари соҳа мутахассисларининг рўйхатга олиш натижаларини ишлаб чиқиш ва улардан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича халқаро ва маҳаллий экспертларни жалб этган ҳолда халқаро конференция ташкил этишни режалаштирмоқда. Ушбу конференция аҳоли маълумотларидан фойдаланиш бўйича халқаро тажрибани тақдим этиш орқали Ўзбекистондаги маълумотларни ҳисобга олиш натижаларини самарали ва тўлиқ қўллаш бўйича, уларни ГAТ(геоахборот тизими) тематик намунавий сўровлар ёки уяли маълумотлар каби бошқа ахборот манбалари билан биргаликда тақдим этиш имкониятини беради.
Мазкур анжуманда аҳолишунослик соҳасида фаолият юритаётган 20 га яқин халқаро эксперт ва мутахассислар иштироки кутилмоқда. Шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ушбу соҳада эришилаётган ютуқлар ҳақида халқаро ҳамкорларни хабардор қилиш учун қулай платформа яратилади. Бундан ташқари, икки кун мобайнида маҳаллий мутахассислар хорижлик ҳамкасблари тажрибаси билан танишиш имкониятига эга бўладилар.
Конференция Россия Федерацияси томонидан молиялаштириладиган “CISPop: сифатли маълумотлар – самарали сиёсат” минтақавий дастури томонидан қўллаб-қувватланади. Конференция онлайн ҳамда оффлайн форматда бўлиб ўтади.
Маълумот учун: Ўзбекистонда сўнгги рўйхатга олиш 1989 йилда, яъни бундан 32 йил аввал ўтказилган.









