Ҳар йили 9 июнь куни Бутунжаҳон аккредитация куни нишонланиб келинади ва бу сана маълум бир шиор остида ўтади. Нуфузли халқаро ташкилотлар – ИАФ ва ИЛАК таклифига кўра бу йил “Аккредитация: Кичик ва ўрта бизнес имкониятларини кенгайтириш йўлида” шиори белгиланди ва йил бошидан буён дунёдаги аккредитация идоралари ушбу шиорга монанд равишда фаолият олиб бормоқда. Халқаро анжуман мавзуси ҳам аккредитациянинг кичик ва ўрта бизнес ривожидаги иштирокига бағишланди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 50 фоиздан зиёди, иш ўринларининг тахминан 74 фоизи айнан кичик ва ўрта бизнес ҳиссасига тўғри келади. Мамлакат иқтисодиётининг ярмидан ортиғи, санот ва экспортнинг учдан бири айнан ушбу сектор ҳиссасига тўғри келади. Ушбу секторни янада ривожлантириш учун мамлакатдаги сифат инфратузилмасини такомиллаштириб бориш зарур.
Бу ўринда халқаро тажриба ҳам аҳамиятли. Анжуман иштирокчилари ILAC ва IAF замонавий аккредитация схемаларини шакллантириш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда жаҳон иқтисодиётига ишончни мустаҳкамлашдаги ўрни ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилди.
O’ZAKK директори ўринбосари Ш.Юлдашова Ўзбекистон аккредитация Маркази томонидан олиб борилаётган ишлар, аккредитация орқали сифатни таъминлаш: миссия, ютуқлар ва янги режалар ҳақида гапириб берди. Жумладан, 2024 йил давомида Марказ томонидан 90 та аккредитация жараёнлари, 440 та даврий баҳолаш ўтказилди.
Анжуманга кичик ва ўрта бизнес вакиллари ҳам таклиф этилди. Улар ҳам ўз фаолиятларида аккредитациянинг ўрни, муҳимлиги ва эришган натижалари борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Таъкидлаш жоизки, бизнеснинг ҳалол ва энг юқори даражадаги стандартларга кўра фаолият юритиши ҳақидаги аккредитация томонидан берилган ҳулоса мижозлар ва ҳамкорлар учун ижобий сигналдир. Бу ўз ўрнида кичик ва ўрта бизнес вакиллари нафақат йирик корпорациялар билан рақобатга киришиши, балки республика экспорт салохиятига ижобий таъсирини кўрсатиши мумкин.











