Алимент тўлашдан қочиб юрган ота ертўладан топилди

    Фарзанди моддий таъминотидан бўйин товлаб юрган қарздор яшаш хонадонининг “ертўласи”дан топилди.

    Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати маълум қилди.

    Гап шундаки, Чортоқ туманида яшовчи фуқаро М.М турмуш ўртоғи билан ажрашиб кетади. Суднинг ҳал қилув қарорига кўра, ундирувчи В.Н фойдасига 1 нафар фарзанди учун ҳар ойда алимент тўлаш белгиланади. Мазкур ҳужжат Бюронинг Чортоқ туман бўлими иш юритувига келиб тушган ҳамда ижро ҳаракатлари олиб борилган.

    Қарздор ота алиментни тўламасликни ўзига касб қилиб, вояга етмаган фарзандлари учун маблағни қизғанди. Қарздорлик 20 млн сўмдан ортиб кетди. Устига устак ишлаш мақсадида Тошкент шаҳрига бориб, “беркиниб” юрди. Охир-оқибат унга нисбатан давлат ижрочиси томонидан қидирув эълон қилинди.

    Бошқарма инспекторлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари билан ҳамкорликда топиш чорасини олиб боришди. Бу натижа бериб, Тошкент шаҳридан яшаш хонадонига келгани маълум бўлди. Лекин, аммо, бироқ.... ходимлар олинган тезкор маълумотларга кўра яшаш хонадонга боришганда, оила аъзолари уни келмаганини билдиришди.

    Ноилож, хонадон яшаш жойлари пухта кўздан кечирилганда, “ертўла”га яшириниб олгани аниқланди.

    Белгиланган тартиб бўйича қидирувдаги шахс давлат ижрочига топширилди. Куни кеча жиноят ишлари бўйича Чортоқ туман суди томонидан қарздор ота тегишли жазони олди. Унга нисбатан, 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

    МИБ ахборот хизмати раҳбари Ф.Тошпулатовнинг таъкидлашича, алимент тўловидан қарздор бўлган қидирувдаги 4 мингдан ортиқ фуқаролар ҳақидаги маълумотлар МИБ (www.mib.uz) расмий сайтида жойлаштирилган.