Мажбурий ижро бюроси ахборот хизматининг маълум қилишича, алиментни олдиндан тўлаш бўйича рекорд яна янгиланди! Тошкентлик ота 3 нафар фарзандининг ўн саккиз ёшгача бўлган таъминоти учун салкам 2 млрд сўмлик алиментни олдиндан тўлаб қўйди.
Вазирлар Маҳкамасининг 06.10.2018 йилдаги 808-сонли қарорига асосан алимент маблағларини 5 йилдан кам бўлмаган муддатга ёки фарзандлари 18 ёшга тўлгунига қадар бўлган жами қийматини олдиндан тўлаш ҳуқуқи айрим қарздорларга хорижга чиқиши учун яхши имконият яратди.
Суднинг шу йил 14 августдаги ижро варақасига асосан қарздор Ш.А.дан ундирувчи Ш.Г. фойдасига вояга етмаган 3 нафар фарзанди таъминоти учун улар 18 ёшга тўлгунига қадар алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати шу йилнинг 5 сентябрда Бюронинг Учтепа туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва шу куннинг ўзида ижро иши қўзғатилган.
Қарздор фарзандларининг таъминоти учун улар вояга етгунига қадар бўлган алимент миқдорини олдиндан тўлаб бериш истагини билдирган.
Шундан сўнг, тарафлар томонидан келишув тузилиб, битим суд томонидан тасдиқланган, унга кўра, қарздор Ш.А. ўзига тегишли бўлган жами 1 млрд 825 млн 137 минг сўмга баҳоланган 2 та нотурар жой объектини алимент ҳисобидан ўтказиб берди ва ижро ҳужжати амалда тамомланди.