Мамлакатимизда улуғ аждодларимиз меросини кенг тадқиқ ва тарғиб этиш, уларнинг номини абадийлаштириш, ўсиб келаётган навқирон авлодни бобокалонларимизнинг фаолияти ҳамда асарларидан баҳраманд этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Буни шу кунларда халқимиз даҳосининг тимсоли, беназир саркарда ва давлат арбоби, соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 685 йиллиги муносабати билан жойларда ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар, илмий-амалий анжуманлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Жумладан, жорий йилнинг 9 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида «Амир Темур: тарихи, сабоқлари ва ҳозирги замон мавзусида анжуман ўтказилди.
Тадбирда Ўзбек миллий драма театри актёри, Ўзбекистон халқ артисти Теша Мўминов, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти Гуманитар фанлар кафедраси доценти Жумабой Раҳимов, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети тарих факультети доценти, тарих фанлари номзоди Акбар Замонов, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати ходимлари, Академиянинг профессор-ўқитувчилари, ҳарбий хизматчилари ва курсантлари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Тадбирни Академия бошлиғининг ўринбосари полковник Абдуазим Ахмадходжаев кириш сўзи билан очиб, юртимизда буюк давлат арбоби, ўрта асрлар ислоҳотчиси, саркарда, адолат учун толмас курашчи Ҳазрати Амир Темур бобомиз таваллудининг 685 йиллиги ижодкорлари, олимлар ва ёшлар томонидан фахр-ифтихор билан ёдга олинаётгани, Соҳибқирон Амир Темур – биз учун ўзлигимизни англаш, миллий анъана ва қадриятларимизни тиклаш борасидаги улуғвор ишларда халқимизга маънавий куч бағишлаб келаётган улуғ сиймолардан бири эканлиги, бугун ҳаётимизнинг барча жабҳаларида адолат ва ҳақиқат қарор топаётган тарихий бир даврда Амир Темур – бизнинг шаън-шавкатимиз, ғурур ва ифтихоримиз, халқимиз даҳосининг тимсоли, маънавий қудратимиз рамзи эканлигини, Буюк соҳибқирон Амир Темур бобомиз Оқсарой пештоқига «Адолат – давлатнинг асоси ва ҳукмдорлар шиоридир», деган ҳикматли сўзларни ёздиргани хусусида сўз юритди.
Тадбирда сўзга чиққанлар, Соҳибқирон нафақат ўз давридаги энг қудратли давлат асосчиси, илм-фан, маданият ва маънавият ҳомийси, балки осиё ва европа қитъаларида рўй берган тарихий ўзгаришларга ҳал қилувчи таъсир кўрсатиб, дунё ривожига беқиёс ҳисса қўшган шахс эканлигини, биз ҳазрат Амир Темурни буюк бунёдкор деб бошимизга кўтариб, рўйи заминнинг сайқали бўлмиш Самарқандда, Шаҳрисабз, Бухоро, Тошкент ва Соҳибқирон қурган бепоён салтанатнинг бошқа ҳудудларида бунёд этилган нодир меъморий обидалар, тенгсиз боғу-роғлар Темурбек бобомизга хос амалий шижоат самараси эканлигини, шу билан бирга, бетакрор фаолиятининг асосий маъноси – «Ватан озодлиги, ватанга муҳаббат» деган олий қадриятлардан иборат бўлиб, Соҳибқирон бобомизнинг руҳияти истиқлол ва ҳурлик, эркинлик ғоялари билан табиий ва гўзал бир равишда уйғунлашиб кетганлигини, у ҳатто умрининг сўнгги онларида ҳам зурриёдларига қарата «Истиқлол билан мулку миллат, лашкар ва раъиятни бошқарингиз» деб васият қилганлигини, бу васият айнан бизлар учун – буюк соҳибқироннинг бугунги кун авлодлари учун айтилгани, ёшлар, юртимизнинг азиз фарзандлари бобомизнинг бизларга қарата айтган – «Биз киммиз, қандай улуғ зотларнинг зурриёдимиз, бизнинг илдизларимиз нақадар чуқур», деган мазмундаги, бугун ҳам катта маъно ва ҳаётбахш кучга эга эканлигини алоҳида таъкидладилар.
— Бугунги тадбир, Буюк саркарда бобокалонимизнинг ҳаёти, ҳарбий-сиёсий фаолияти, жанговар санъати, ватанпарварлик, халқпарварлик, мардлик ва жасорат фазилатлари курсантларда янада шижоатли ҳавас ва ҳайрат уйғотди дейди — Академия катта ўқитувчиси Фарҳоджон Хожаев — Албатта Академия курсантлари ҳам Соҳибқирон Амир Темур бобомизга муносиб авлод бўлишга, мард, жасур, юртни чин дилдан суядиган инсон бўлишга, ғурур ва ифтихорга ундайдиган маънавий-маърифий аҳамиятга эга бўлган тадбирлардан бири бўлди.
Тадбир давомида Академия курсантлари томонидан ўзбек, рус, инглиз тилларида Буюк саркарда бобомиз ижодларидан келтирилган намуналар, айниқса, уша даврни акс эттирувчи либослардаги бадиий саҳналаштирилган спектакл намойиши тадбир қатнашчиларида илиқ таассуротлар қолдирди.
Тадбир якунида, мазмунли, сермулоҳазали, баҳс-муноазарларга бой ҳамда янада кўпроқ мутоалаа қилишга ундайдиган тақдимот маърузалари фаол қатнашган меҳмонларга Академия раҳбариятининг ташаккурнома ва фахрий ёрлиқлари топширилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, буюк давлат арбоби ва саркарда Соҳибқирон Амир Темурнинг Ватанга садоқат, эл-юртни ардоқлаш, мардлик, фидойилик ва адолатпарварлик каби юксак фазилатлари ёш авлод учун ўрнак бўлиб хизмат қилишини инобатга олган ҳолда, республикамизнинг барча ҳарбий академик лицейларига «Темурбеклар мактаби» номи берилиши, шунингдек, муҳтарам Президентимизнинг 2019 йил 28 июндаги «Ўсмирларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар заҳирасини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4375-сон қарори асосида, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг «Темурбеклар мактаби» очилгани ҳам шу соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг узвий қисмидир.
Мазкур ислоҳотлар замирида бугунги ва келажак авлодларга Амир Темур ҳазратларининг ҳарбий, маънавий меросини етказиш, энг муҳими, аждодларимиз амалга оширган буюк ишлар тўғрисидаги билимларимизни чуқурлаштириш ва ривожлантириш, замонавий илмий тафаккурни янада жонлантириш ва олинган билимларни келажак авлодларга етказиш борасида муҳим қадам бўлиши шубҳасиз.
Академия Матбуот хизмати