баннер
31 мар 2025
21:02

    Замон зиёлиси ҳазрат асарлари билан қуролланса...

    Улуғларимиз орасида жавоҳирлар шодасида ўзгача ёғду таратувчи кўҳинур олмосидек алоҳида ажралиб турадиган бир сиймо борки, у туркий халқларни бирлаштирувчи маънавий яловбардор Ҳазрат Мир Алишер Навоийдир.

    Ватанимиз тарихига бағишланган кўплаб илмий тадқиқотлар ва мўътабар манбаларда қадим-қадимдан муқаддас диёримиз улуғ авлиё ва алломалар, мутафаккиру шоирлар, фотиҳу енгилмас саркардалар юрти экани таъкидланади. Айниқса, жаҳон илм-фани тараққиётига мислсиз ҳисса қўшган икки Ренессанс даврида юртимиздан етишиб чиққан олим ва мутафаккирларнинг илмий кашфиётлари, адабиёт ва санъат аҳли томонидан яратилган бетакрор ижод намуналари рўйхатининг ўзи бир неча жилдли китобни ташкил этиши бу ҳақиқатнинг ойдин далилидир. «Ҳар гулнинг ўз иси бор» деганларидек, мозийда ўтган олиму фозилларнинг ҳар бири илм-фан, адабиёт ва санъат оламида ўз ўрнига эга, албатта. Аммо улуғларимиз орасида жавоҳирлар шодасида ўзгача ёғду таратувчи кўҳинур олмосидек алоҳида ажралиб турадиган бир сиймо борки, у туркий халқларни бирлаштирувчи маънавий яловбардор Ҳазрат Мир Алишер Навоийдир.

    Учинчи ирмоқ

    Мавлоно Абдураҳмон Жомий «замон ва маконни ўз измига бўйсундирган зот», дея таърифлаган, Заҳириддин Муҳаммад Бобур «беназир шахс», дея юксак баҳо берган мумтоз шоир бобомизнинг шахсияти ва ижоди беш асрдан зиёд муддатда соғлом тафаккур соҳиблари учун комиллик маёғи, маҳорат мактаби вазифасини ўтаб келмоқда. Одатда даврлар ўтиши билан аксар тарихий сиймолар авлодлардан йироқлашади. Аммо ҳар бир қоидада истисно бор. Ҳазрат Навоий эса вақт ўтгани сари миллатимизга янада яқинлашиб, ҳар жабҳада муаллимлик қилмоқда. Зотан, унинг нурли ҳаёти, бунёдкорлик ишлари, мамлакат тинчлиги ва ободлиги йўлидаги жасорати ва ҳиммати, илм-фан, санъат ва маданият аҳлига кўрсатган ғамхўрлиги қанчалик ибратли бўлса, ҳар жиҳатдан ҳайратланарли улкан ижодий мероси ҳам бугунги кун саволлари, келажак идеалларига жавоб топишда бебаҳо сарчашма ҳисобланади. Милодий ХВ асрга қадар Хуросон ва Мовароуннаҳр минтақасида бақамти яшаб келган халқларнинг муштарак маданий-маънавий мероси, асосан, форс ва араб тилларида яратилган бўлса, Алишер Навоийнинг амалий саъй-ҳаракатлари ва баракали ижоди шарофати ила туркий тилда яратилган адабиёт мусулмон Шарқи илму урфон наҳрига учинчи ирмоқ бўлиб қўшилди. Навоийнинг даҳолиги шундаки, у араб ва форс адабиётларининг кўп асрлик тажрибаларини ижодий ўзлаштирган ҳолда якка ўзи ушбу адабиётларга тенг бўла оладиган муҳташам адабий обидалар яратди. Мутафаккир бобомиз адабий-бадиий, диний-тасаввуфий ва илмий асарлари билан ўзбек адабиётининг ўзигача бўлган даврдаги кемтикликларини тўлдириб, сўз санъати борасида туркий тил бошқа лисонлардан заррача кам эмаслиги, аксинча, ўзига хос латофат ва зарофатга эга эканини амалда исботлади. Шарқу Ғарб олимлари бир овоздан тан олганидек, Навоийнинг ижоди алоҳида олиб қаралганда мумтозлик даражасидаги мукаммал бир адабиёт талабларига тўла-тўкис жавоб беради. Алишер Навоийнинг жаҳон цивилизацияси тарихидаги ўрнини тасаввур қилмоқ учун унгача бўлган давр ҳамда кейинги асрларни қиёслаш кифоя. Туркийлар асрлар давомида мусулмон Шарқининг сиёсий, иқтисодий ҳаётида етакчи халқлардан бўлганига қарамай, маданий ҳаёт ва айниқса, адабиёт соҳасида туркий тилнинг роли сезиларли даражада эмасди. Ҳазратнинг оламшумул асарлари туфайли ўзбек тили адабий лисон сифатида узил-кесил шаклланиб, бу тилда наинки шоиру адиблар, балки олиму фозиллар ҳам турли мавзуда асарлар, илмий рисолалар ёзиш имконини қўлга киритди. Даҳо ижодкорларнинг тарихий хизмати шундаки, улар ўзларига қадар ҳеч ким қадам босмоққа журъат қилмаган ёлғизоёқ сўқмоқлардан юриб, ҳалафлари учун янги йўллар очади. Навоийдан улги олган, уни ўзларига муаллими аввал деб билган бошқа туркий халқлар намояндалари ўз она тилларида миллий адабиёт яратишга камарбаста бўлди. Алҳол, бошқа туркий халқларнинг адабиёти ҳам мумтозлик даражасига кўтарилди. Шу маънода, Алишер Навоий ижодини бутун туркий халқларнинг маънавий байроғи десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

    Вақтдан ғолиб сиймо

    Арабларда «Дунёдаги ҳамма нарса вақтдан қўрқади, вақт эса эҳромлардан» мазмунидаги ҳикмат бор. Бу нақлда эҳромларнинг асрлар суронидан омон чиққани, ҳатто шафқатсиз вақтдан ҳам ғолиб келганига ишора бор. Ҳазрат Навоийнинг бой маънавий мероси ҳам вақтдан ғолиб қадриятлар сирасига киради. Хўш, Навоий ижодининг умрбоқийлиги сири нимада?

    Аввало, «авлиёлар авлиёси» дея таърифланган мутафаккир бобомиз ижоди Қуръони карим, ҳадиси шариф каби боқий сарчашмалардан сув ичганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ҳар бир сатри илоҳий ҳикмат, инсоний ибратга йўғрилган асарларнинг замонлар эврилсада, аҳамиятини мисқолча йўқотмай келаётгани бош сабаби шу. Қолаверса, ёлғон, ўтрикдан ҳазар қилган бу улуғ зот ҳар қандай вазиятда ҳам фақат рост сўзни айтмоқни бурчи деб билган. Сирасини айтганда, «Сўзда, Навоий, не десанг, чин дегил» шиори билан яшаган ҳақгўй шоир адабиётда фақат рост сўз яшашга ҳақлилигига имон келтирган эди. Умри давомида ҳаётнинг барча аччиқ-чучугини тотиб, оддий навкарликдан мамлакат сиёсатининг асосий устуни даражасигача бўлган босқичларни босиб ўтди, тақдирнинг турли-туман синовларини ўз танасида яшади. Мутафаккир шоир ҳақиқат ва адолатнинг шунчаки куйчисигина эмас, балки фаол курашчиси бўлгани боис, унинг асарларида юксак тарзда бадиий ифода топган хулосаю кузатувлар, мушоҳада ва мулоҳазалар, рост сўз ҳамда расо фикр вобаста бўлган ҳикматлар ҳаққонийлиги, ҳаётийлиги билан бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Адабиёт аталмиш cоҳир санъат пайдо бўлганидан буён рўйи заминда неча юз минглаб шоирлар, адиблар яшаб ўтгандир. Илло, улар орасида Навоий каби жаҳоний шуҳрат қозонган, номи инсоният тарихига абадий муҳрланганлари кам. Ориф шоиримиз топиб айтганидек, «Лекин, дўстлар, шеър аҳли аро жаҳонгири кам бўлар, рости». Ҳомер, Фирдавсий, Низомий, Данте, Шекспир каби алп ижодкорларнинг мўъжизакор ижод намуналари қаторида Ҳазрат Навоийнинг мероси, айниқса, безавол «Хамса»си жаҳон тамаддуни йилномасининг олтин саҳифасини ташкил этади. Абдураҳмон Жомийнинг «Алишер Навоий «Хамса»си — темурийлар салтанатининг энг муҳим ҳосиласи», деган баҳосида улкан ҳаётий ҳақиқат мужассам. Чиндан, ўзбек халқи тафаккури қомуси ўлароқ яратилган бу асар Соҳибқирон Амир Темур асос солган қудратли салтанатда амалга оширилган маънавий ислоҳотларнинг хулосаси сифатида майдонга чиқди. Беш хазина — беш достондан иборат ушбу муаззам асар ўзбек халқининг маънавий қудрати унинг ҳарбий ва сиёсий салоҳиятидан асло кам эмаслиги, маърифат ва адолат ўзбек давлатчилиги, тафаккурининг асосини ташкил этишига яққол далилдир. Жаҳон сиёсати, ҳарбу зарб тарихини ўзбек халқи асос солган давлатчиликсиз тасаввур этиб бўлмаганидек, дунё адабиёти, инсоният тафаккури тарихини Алишер Навоий сиймоси ва унинг қаламига мансуб асарларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Мутафаккир шоирнинг юксак бадиий йўсинда ифода этилган инсонпарварлик қарашлари барча давру замонларда олам ва одам, ҳақиқат ва адолат, тўғрилик, инсоф, ростгўйлик, ўзликни англаш ҳамда шу орқали Яратганни таниш каби умрбоқий жумбоқлар ҳақида тафаккур қилиш, оқилона хулосалар чиқаришга кўмакдош бўлиб келаётир.

    Айниқса, бугунги таҳликали замонда «Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ, Ёр ўлунг бирбирингизгаким, эрур ёрлиғ иш», дея ўгит берган зотнинг тинчлик ва фаровонлик, ватанпарварлик ва инсонсеварлик хусусидаги мушоҳадалари янада кўпроқ аҳамият касб этмоқда.

    Миллий маънавиятимизнинг ўқтомири

    Алишер Навоийнинг шахсияти ва ижодига қизиқиш унинг ҳаётлиги давридаёқ бошланган. Мутафаккирнинг ҳаётидан нақл этувчи илк тарихий манба Абдураззоқ Самарқандийнинг «Матлаъ ус-саъдайн ва мажмаъ ул-баҳрайн» бўлса, адабий фаолияти ҳақида биринчи бўлиб бошқа бир самарқандлик олим — Давлатшоҳ Самарқандийнинг «Тазкират уш-шуаро» асарида маълумот берилган. Навоийшуносликнинг асл ватани бугунги Ўзбекистон эканини ҳисобга олган ҳолда миллий давлатчилигимизнинг маънавий асоси ва ўзлигимизни англаш жараёнини улуғ бобомизнинг шахсияти, унинг уммондек теран ва тоғлардек улкан меросини тадқиқ этиш билан боғлиқ равишда амалга оширишимиз лозим. Негаки халқимиз маданий ҳаёти ва тарихини муаззам бир чинорга ўхшатсак, ҳеч шубҳасиз, Ҳазрат Навоийнинг ижоди ушбу азим оғочнинг ўқтомири эрур. «Лисон ут-тайр» достонида бундай байт бор: Одамиға яхши кўп авсоф эрур, Лек аларнинг ашрафи инсоф эрур.

    Агар шу байтдаги ҳикматга амал қилиб, инсоф юзасидан фикр юритсак, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан Алишер Навоийнинг шахсияти ва бебаҳо меросини тарғиб қилиш бўйича жуда кўп ишлар ва ташаббуслар қилинганига амин бўламиз. Айниқса, Президентимизнинг «Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори жаҳон навоийшунослигининг янги сифат босқичига кўтарилишида мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлди. Дунё зиёлилари томонидан «Туркий халқларнинг Нобел мукофоти» дея эътироф этилган Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот таъсис этилиши, ўттиз жилддан иборат «Истиқлол даври ўзбек навоийшунослиги» илмий тадқиқотлар мажмуаси нашри каби эзгу ишлар орқали шоир муҳибларининг асрлик орзулари рўёбга чиқаётир. Корея Республикаси, Беларусь, Қозоғистон, Туркия, Венгрия, Туркманистон каби мамлакатларда Навоийнинг ҳайкал ва бюстлари ўрнатилиши ҳам шундан гувоҳлик берадики, юритилаётган адолатли ва маърифатпарвар сиёсат туфайли жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистон деганда Навоийни, Навоий деганда Ўзбекистонни тасаввур этмоқда. Ана шундай эзгу ва оламшумул ишларнинг мантиқий давоми сифатида Президентимиз ташаббуси билан улуғ шоиримиз номи ила аталган вилоятда 2025 йил «Алишер Навоий йили» деб эълон қилинди. Йил давомида нафақат Навоий вилоятида, балки бутун республикамизда навоийхонлик кечалари, турли танловлар, илмий анжуманлар ўтказилиши белгиланди. Ушбу қутлуғ йил мобайнида Навоий асарлари номи билан аталган янги боғлар бунёд этилади, илмий экспедициялар уюштирилади. Шу каби кўплаб вазифалар қатори Навоийнинг шахсияти, ҳаёти ва ижодини хорижда кенг тарғиб қилиш ҳам кўзда тутилган. Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ҳам ушбу хайрли ишлар рўёби йўлида ташаббуслар кўрсатиб келмоқда. Жумладан, фонд томонидан ўтказиб келинаётган «Алишер Навоий ва Шарқ Ренессанси» халқаро илмий-назарий симпозиумининг навбатдагиси жорий йил 8-9 февраль кунлари Навоий шаҳрида ташкил этилмоқда. Бу йилги симпозиум доирасида дунёнинг йигирмага яқин мамлакатидан салкам тўқсонта мақола тақдим этилди. Мамлакатимизнинг олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот марказларида фаолият юритаётган олим, тадқиқотчилар ҳам мутафаккир бобомизнинг ҳаёти ва фаолиятининг турли қирраларини ёритишга хизмат қилувчи тадқиқотлари билан қатнашмоқда. Ушбу мақола, тадқиқот ишларининг аксарида эски фикрлар, ҳаммага маълум бўлган гапларни ўзгача йўсинда такрорлашдек нохуш ҳолатлар камайгани қувонарлидир. Мўйсафид дунё яна тўқнашувлар, манфаатлар зиддияти, таҳликаю талвасаларга рўбарў бўлмоқда. Киприкдаги ёшдек қалқиб турган курраи арздаги шиддаткор ўзгаришларни кўриб, инсон юрагига ваҳм тушади. Маънавий жабҳадаги хатарлар, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган таҳдидлардан ақл шошади. Назаримизда, маънавий-мафкуравий таҳдидларга қарши курашга бел боғлаган бугунги кун зиёлиси Ҳазрат Навоий асарлари билан қуролланмоғи лозим. Технократик инқилоблар замонида одам фарзандининг инсоний қиёфасини йўқотмай, асли-насли, илдизидан узоқлашмай яшаши чин қаҳрамонлик бўлиб қолмоқда. Бундай вазиятда ўзбек ва жаҳон тамаддунининг Ҳазрат Навоий ҳамда унга туғишган биродардек бўлиб қолган бошқа дарғалари маънавий раҳнамолигида яшамоқ оқилона йўлдир. Жорий йилни «Алишер Навоий йили» деб эълон қилишдан кўзланган асл муддао ҳам шу.

    Олимжон ДАВЛАТОВ,

    Алишер Навоий номидаги халқаро

    жамоат фонди ижрочи директори

    No date selected
    март, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech