Ўзбекистон Касаба уюшмалари саройида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти томонидан Буюк шоир ва мутафаккир, давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллигига бағишланган «Навоийдан таралган мангу наволар» номли театрлаштирилган концерт дастури ташкил этилди.
Театрлаштирилган концерт дастурида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти профессор-ўқитувчилари ва истеъдодли талаба-ёшлари томонидан Алишер Навоий ғазаллари куйга солиниб, маҳорат билан ижро этилди, шунингдек, саҳна кўринишларида шоирнинг ҳаёти ҳамда асарларидан парчалар намойиш этилди. Бундан ташқари, ватанпарварлик руҳидаги куй ва қўшиқлар ҳамда шеърлар тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.
Эътиборлиси, концерт дастуридаги барча куй-қўшиқлар, монолог ҳамда шеърлар тўлиқ жонли ижро этилди.
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида актёрлик, режиссёрлик, кинотелеоператорлик, санъатшунослик, фольклор ижрочилиги, миллий қўшиқчилик, халқ чолғулари ижрочилиги, маданиятшунослик, кутубхонашунослик ҳамда маданият ва санъат менежменти таълим йўналишларида юқори малакали кадрлар тайёрланаётгани тадбир давомида яна бир карра ўз исботини топди.